Агар қаршилик қилар экан, бошини кес…

Агар қаршилик қилар экан, бошини кес…
61 views
26 October 2016 - 5:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 104

(давоми)

ҒОЛИБ ИБН АБДУЛЛОҲ ЧОПУЛИ

Шу йилнинг Сафар ойида Ғолиб ибн Абдуллоҳни бош қилиб Банил Мулаввиҳ қабиласи устига аскар юбордилар. Мадинадан чиқиб Кадид деган жойга келганларида Исломга қарши қабила раисларидан Ҳорис ибн Молик деган киши йўлиқиб қолиб, уни асир олдилар. Бу киши эрса Расулуллоҳнинг энг қаттиқ душманларидан эди. Қўлга тушгандан сўнг ўзини қутқариш учун: «Мусулмон бўлиш нияти билан Расулуллоҳни зиёрат қилгани чиққан эдим» деди.

Анда Ғолиб ибн Абдуллоҳ айтди:

— Агар бу сўзинг рост бўлса, бирор кун бизга банди бўлиб турар эрсанг, сенга ҳеч зарари йўқдур, балки савоб топгайсан. Агар бу сўз билан жонингни қутқазмоқчи бўлсанг, қўлимизда тутқун туришинг биз учун яхшироқдур, — деди.

Сўнгра унинг қўл-оёғини боғлаб, устига бир кишини қоровул қўйиб: «Агар қаршилик қилар экан, бошини кесгил», деб буюрди. Шундай қилиб юриб ўлтириб бир тоққа келиб етдилар.

Шу тоғни ошиб ўтсалар, душман устига тушилур эди. Тоғ тубида тўхташиб, Жундуб ибн Макис деган кишини душмандан хабар олиб келмакка юбордилар. Бу киши эрса кечки пайтда душман ишини пайқамоқ учун тоғ устига чиқиб, қорни билан узала тушиб ётди.

Шу чоғда душманларнинг бирови чодиридан чиқиб келиб эди, кўзи тоғ устига тушди.

Анда хотинини чақириб:

— Тоғ бошида киши қораси кўринур. Бундай нарса эрталаб йўқ эди. Идиш-оёқ деган нарсаларингни йўқлаб кўргилчи яна итлар судраб кетиб тоғ устига чиқариб ташлаган бўлса, кўринган нарса ўшал бўлгай, — деди.

Хотини қараса уй ичида ҳеч нарса йўқолмабдур.

Анда хотиннинг эри:

— Бу кўринган нарса киши бўлғай, менинг икки ўқ билан садоғимни келтур-чи, — деди.

Хотин ўқ-ёйини келтириб эди, қорани кўзлаб нишонга отди. Отган ўқи адашмай тўғри келиб, ётган кишига бўйни аралаш тегди. Лекин бу одам эрлик қилиб қимирласам билиб қолмасун деб, жойидан қўзғолмади. Сўнгра ортидан яна бир ўқ узди, буниси ҳам адашмай келиб икки елка орасига қадалди.

Сўнгра у хотинига қараб:

— Бу икки ўқ билан пойлаган жойимни хато қилмай урдим, бу кўринган нарса агар жонлик бўлганда, қимирлаган бўлур эди. Мен душман жосусими деб ўйлаган эдим, ундай эмас экан. Эрталаб турганингда бу отган ўқларимни келтириб қўйгил, ит ғажилаб қўймасин, — деб чодирга кириб ётди.

Ислом тингчиси тун қоронғусида яраларини боғлаб, аскар устига келди. Бўлган ишни аларга билдириб эди, барчалари ундан рози бўлдилар.

Шу билан душманларни ғафлатга бостириб қўйиб, саҳар вақти етганда бирданига улар устига ҳужум қилдилар. Қаршилик кўрсатганлари ўлдирилди, қолганлари эса ҳар ёққа тарқалиб қочишди. Борлик молҳайвонларини ўлжага олиб йўлга тушдилар.

Тарқоқ ётган қабила халқи буни англашгандан сўнгра йиғилишиб орқаларидан қувишиб чиқдилар. Уларнинг сони эса мусулмонлардан бир неча баробар ортиқ эди. Икки аскар бир-бирларига яқинлашиб келдилар. Ўртада бир сой қолмиш эди. Шу пайт ҳаво бузилди, қаттиқ жала қуйиб, сел ёғиб, сой сувга тўлди. Шу билан сел ҳайбатидан душманлар сувни кечиб ўтишга журъат қилолмадилар. Мусулмонлар ўлжа молларини ҳайдашганича соғ-саломат Мадинага кириб келдилар.

Аскар бошлиғи Ғолиб ибн Абдуллоҳни бу сафарда қилган хизмати Расулуллоҳга кўп ёқмиш эди. Уруш ишларида унинг кўрсатган усталигини Расулуллоҳга мақтадилар. Буни англагач, уни икки юз кишига бошлиқ қилиб, Бани Мурра қабиласига ҳужум қилишга буюрдилар.

(давоми бор)