Амунинг лойқа суви

Амунинг лойқа суви
75 views
27 October 2016 - 7:00

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(11)

Капалак каби

Вақтнинг юрагидан лаҳзани
Учар юлдуз каби юлиб ол.
Рангларга харид эт тиллони,
Ҳайкал қўй, лаҳзага безавол.

Ҳайкалнинг сиртида акс этиб,
Зулматни ёр, мисли капалак.
Асрларни дамда уйғотиб,
Осмонларга тортгин, камалак.

* * *

Эҳтиёткор

Бошни эмас телпакни асра,
Тошдан бўлсин, телпагинг, илло.
Қўлни асраб, бўлма масхара,
Қўлқопингни ҳўл қилма, асло.

Чўнтагингни ўқлар тешмасин,
Шимингни тиқ, қўйнингга дарров.
Юрагингда ғайрат тошмасин,
Кулганингни кўрмасин, биров.

Эринчаклик билан еч, телпак,
Уч кун кетсин кийишингга сўнг.
Таваккалчи дегани, ҳамак,
Тескарини қила кўрма ўнг.

Ғазабингни муштларингга йиғ,
Бор меҳрингни тугмоққа сарфла.
Ён-верингга йўлатмагин тиғ,
Бир китобни бир умр ҳарфла.

* * *

Телба

Қушдан бир парини юлиб олиб, сўнг,
тухумдек тупроққа кўмади, телба.
Бир ҳовуч уруғни қуш уясига,
ташлаб, майса кутар ҳар куни телба.
Қуш унади бир кун кўмилган пардан,
Майсалар кўкарар, қуш уясида.
Буларнинг бариси қаттиқ ишончдан.
Қоруннинг давлати – сармоясида…

* * *

Баҳорда

Кўрганимда Амунинг лойқа сувини,
Тўлқинида ўқийман ёзувларни, зим.
Кўмилган ток, уйғониб, чўзар қўлини,
Аввал япроқлар чиқар, сўнг унар узум.

Ходалар яшилликка бурканар тамом,
Аралашар, майсалар ҳидига шамол.
Сувга тумшуқ уради, қалдирғоч мудом,
Кема каби чумоли сузар безавол.

Хоразм келажаги – бутун ўтмиши –
Амударё хаттида бўлар, намоён.
Билажакман дунёнинг нечада ёши,
Қадимий бу битиклар, айласа баён.

* * *

(давоми бор)