Куз қўшиғи

Куз қўшиғи
58 views
27 October 2016 - 20:41
Мунаввара Ойматова

Мунаввара Ойматова

Хазонрез йўлакларда…

Кузни севаман. Булутлар увада пахта каби осмонга сочилиб ётган кузни. Намхуш хазонлари шаҳар йўлакларига паришон сочилиб кетган кузни севаман. Шивирлаб ёғаётган ёмғирлар қўйнида янада сеҳрли бўлиб кетган куз тунларини севаман. Кузни севаман. Уч ойи минг турфа рангда жилва қиладиган кузни севаман.

Мезонида қишлоғим осмонида мезон иплари осмонга ҳайинчак солган кузни севаман. Биз болалар мезон ипларини тутмоқчи бўлиб қирларда югурардик. Бирдан осмонига қора булутлар чиқиб, шаррос ёмғирлар қуядиган кузни севаман. Қишлоғим токзорларида кузги мезон шамолини еб, ширага тўлган узумларни починак қилган кунларимни соғиниб, кузни севаман. Похолкашакка илинган хазонларни супуриб, куз боғларида чопиб юрган болалигимни соғиниб-соғиниб, кузни севаман.

Яна шаҳар йўлакларида баргрезонлар узра икки инсоннинг суҳбатлашиб кетиб бораётган манзараси кўз олдимдан ўтиб, кузни севаман.

Ўша икки киши мен ва менинг далли-девона, ҳақгўй акам Бобоназар эди. 1999-йил кузагида иккимиз куз оғушида Хўжандшаҳарнинг Панчшанбе мавзеидан то Шелкокомбинат бекатигача пою пиёда юриб, кўп марта суҳбатлашардик. Атрофдагилар хиёл оқсоқланиб кетиб бораётган эркак ва унинг ёнида аврупоий кийиниб олган аёлни кўриб ўз ҳайратларини яширмай қарардилар. Чунки хиёл оқсоқланиб кетиб бораётган кишининг яқингинада беморлик тўшагидан тургани билиниб турарди. Ёнидаги эса… бу дунёда уни тушунадиган ягона инсон суҳбатидан баҳрамандлигидан шод… мен эдим.

Уни куз кунларида танидим. Аввали пахта мавсумида. Талабчан устоз эди у. Кейини… бемор ётганида. Кеч куз бошланган кезлар биз шаддод талаба қизлар уни иёдатига бордик. Беморлик тўшагида ётган устоз деразадан унга шодмон қўл силкитаётган талабаларига ғуссали нигоҳ билан қараб турарди. Биз уни кўрдик-да, яна ўзимизнинг ширин ташвишларимиз – талабалигимизга кетдик. Кейин… яна кузда уни танидим.

Бу гал ҳамкасб эдик у билан. Унинг қатъий талаби билан мен қарийб ўз аҳдимдан қайтаёздим. Чунки ўша кезлар мен илмий мавзу ва раҳбар масаласида қатъий бир қарорга келиб, Тошкент билан Хўжанд орасида бориб-келиб юргандим. У мени бу қарордан қайтишга ундади. Сўзини ерда қолдирмай, Тошкентга жўнадим. Яъни менга раҳбарлик қилишга рози бўлган устозга рад жавобини бергани. Аммо Тошкентга боргунчаям қароримдан қайта олмай, устозимга учрамай қайтдим. Шунда у мендан қаттиқ ранжиди. Аммо аҳд-аҳдлигича қолди. Мен янги илмий раҳбар билан янги мавзуга қўл урдим. Ҳимояга чиқар эканман, у “Ҳимоя қилиб бўлгач, ортга қайтманг”, дея ўтинди. Айнан ўтинди.

Мен ортга қайтдим. Чунки Хўжанд мен учун ҳамма нарса эди. Муҳими, Ватан эди. Бесару сомон умримга ўзимдан кўра кўпроқ у ачинарди. Мен фан номзоди бўлиб иш бошладим. У беморлик тўшагини тарк этиб, ишга қайтганди. Ишдан бўшаса бўлди, мени излаб топарди. У ҳеч қачон арзу шикоят қилмасди. Ишдаги оғирликлар, оғриқлардан сўзламасди. Мен уни кўрганда унинг оғриқларини ҳис қилардим. Унга далда бўлгим келарди. Оёғимиз остида кеч кузак шамоллари учираётган баргрезонлар пичирлаётгандек бўларди. Биз шеър ҳақида, ҳалоллик ҳақида сўзлашардик. Чинакам дўст каби сўзсиз ҳасратлашардик. У талабалиги, илк муҳаббати, иш фаолиятини қандай бошлагани ҳақида мароқ билан гапирар, мен соме эдим. Ана шу ровийлиги қатидан унинг қийналаётгани сезилиб турар, қўлимдан таскиндан бошқа нарса келмаган мен ожиза, унинг нозик қалбига тегмайдиган қилиб, таскин бериш йўлларини қидирардим.

Унга Усмон(Азим)дан шеърлар ўқирдим. У завқланиб шеър тингларди. Кейин ўзининг “молбош”лар ҳақидаги фалсафасини баён этарди. У кулганида жону жаҳони билан яйраб куларди. Беморлик заифлаштирган вужуди титраб куларди. Қийналиб сўзларди. Гўё ҳаводан сўзларни илиб олиб гапирарди. Дўстлик эса унинг учун жуда муқаддас туйғу эди. Суҳбатлардан бирида менинг бирон жойга кетмаслигимни ўтиниб сўради. Масалан Тошкентгами(“раҳбарингиз чақиргани йўқми?” деган сўроқни бериб). “Сиз кетсангиз, мен ким билан суҳбатлашаман”… деди бехасгина. Шу саволдан кейин, “Ҳимоя қилсанг ўзгарасан, фалонийлар каби дегандингиз, ўзгардимими?” дея жиғига тегдим, у эса кулди: “Сиз ўзгармайсиз. Сиз “улар” эмассиз”, дерди қатъий қилиб.

“Сизга қийин бўлади. Сизни “улар” охиригача эзишга ҳаракат қилади. Худди менга қилгани каби. “Улар” билан ишламанг. Асабларингиз тугайди. Аммо ўзларига жин урмайди. Мана қаранг, менинг шу ҳолимдаям шароитимни кўриб туриб, озор беришдан “улар” ҳузур қилади. Ҳолбуки, мен оилавий шароитим ёмонлигидан ишга чиқишга мажбур бўлдим.

Саломатлигим умуман кўтармайди ишлашни. Шуни билади-ку “улар”. Аммо барибир… дарсни енгилроқ қилиб беришнинг иложи бор. Менинг қайсарлигимни енгишга уринади “улар”. Чилимни кўрганмисиз? Тортсангиз ўзидан дуд чиқаради. Кейин ҳеч нима бўлмаган каби туради. Чилимга жин урмайди, уни чекувчи адо бўлади. Мен ана шу адо бўлган одамман”. Кузак қўйнида охирги суҳбатлардан бирида шуларни айтганида кўзларидан ёш оққанди унинг.

Инсонни ҳар қандай ҳолатда тушуниш кераклигини билардим. Шунга ҳаракат қилардим. Фақат “улар” нега менинг ҳақпараст акамни, дўстимни бунча қийнаганларини тушунмай қийналардим. Атрофда эса.. куз… гунг куз.. Унинг охирги кузи… сўзсиз қўшиқ айтарди… Буни фақат куз биларди. Биз билмасдик.

Мен унга, “Дўстларингиз фалонийлар бор. Бирга ош ейсизлар чойхоналарда. Нега шулар бир марта бўлсаям сизнинг тарафингиз олиб, сизни ҳимоя қилмади?”, деганимда кулди. Елкалари силкиниб-силкиниб кулди: “Соддасиз. Улар дўстми? Мен бемор ётганимда, на гапира олардим, на ёза олардим. Номимдан ўз шеърларига сўзбоши ёзиб олганими? Ё мени анов “молбошлар” оёқости қилганида, тиржайиб турган фалонийми? Саводини нелигини билиб туриб ҳам илм қиламан деб “жўмардлик” қилаётганими?”

У китобга меҳримни кўриб, “Китоб ўқингу аммо ҳаёт китобини ҳам кўриб қўйинг”, деди бир гал менинг китобпарастлигим ҳаётда унча қўл келмаслигини англатиб.

Унинг гўзал муҳаббати ҳам кузга ўхшарди. Сокин дарахтлар шохидан оҳиста ерга қўнаётган хазонрезгилар каби. Бу муҳаббат ёт кўзларни пинҳон, фақат қалби уйғоқ инсонлар англайдиган бокира туйғулар силсиласи эди. Гўзал шеър эди унинг муҳаббати. Кузак йўлакларида қолган сариқ япроқлар қўшиғи эди муҳаббати. Мен эса… гуллар баргига қўнган капалакларн томоша қилаётган болажон каби унинг муҳаббати томошабини эдим. Кейин эса қиш… Иш…Ташвишлар. Ва баҳор. У гўзалликни севарди. Юраги ивиб, баҳор ёмғирларини севарди. Шу боисдир баҳорда кетди… Мен учун у кузда қолди. Чунки у билан кечган суҳбатларимиз доим кузда кечган. Ва у билан сўнгги марта ҳам кузда суҳбатлашгандик.

Осмонга солинчоқлар солиб учаётган турналар қаторини кузда кузатиб, баҳорда кутиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Ҳавода ҳайинчаклар солиб учаётган турналарни кузатар эканман, уни эслайман. Дўсти борлар то дўстлари бор экан ўлмайди дейман. Аммо унингсиз “улар” билан ишлаш “завқи” у бўлганида бошқача бўлармиди деб ўйлайман. Кўз ўнгимда у доим мийиғида кулиб, “Бунча соддасиз-а”, деган каби бўлади.

Хўжанднинг хазонрезлар гилами бўлган йўлакларида кузда доимо уни излайман. Ва йил давомида кузни соғиниб яшаётганимни сезиб қоламан. Уни соғиниб яшаётганимни англайман. Ҳақпарастлиги туфайли Ҳаққа етган дўстим азизим Бобоназар Рўзиқул ўғли(Алиев) хотираси туганмас куз қўшиғидир мен учун.

Мунаввара Ойматова

Манба: facebook.com