Саёҳат хотиралари. Қуддуси шариф

Саёҳат хотиралари. Қуддуси шариф
68 views
29 October 2016 - 6:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(17)

48-рақамдан мобаъд

Ёфадан Қуддуси шарифғача темур йўли илан тўрт соатлик йўл 60 килўметру бўлуб, мунинг 3 соатлиги лалми ва обикор ерлар бўлуб, араблар ҳар мухаттаға тарбуз, узум, зайтун ва амсоли мевалар чиқорадурлар. Қуддусға бир соатлик қадар қолгандан сўнгра тоғлар бошланур. Баъзан тоғ оралариндаги очиқ ерларга анор, узум, анжир, лимў, афлисўн, зайтун ва бошқа мевалар ва бўстонлари кўрулур. Ал-он саратон ойи бўлуб, Оврупо ва Амрикодан гуруҳ-гуруҳ эр ва аёл насоро ва яҳудий зиёратчилари келиб кетмоқда бўлуб, темур йўл қаторлари булар илан тўладур. Ёфа ила Қуддус орасинда ҳар кун икки дафъа қатор юрар. Ерли араблар-да қаторға кўп бўлуб, саҳройи хотунлари қочмайдур. Шаҳарликларини Туркистонға нисбатан «ярим сатр» бўлуб, аммо ўзларини яхши тутарлар. Қаторға Ҳиндустон Бангола қитъасидан 74 яшар бир кампир-да борки, Мадинадан зиёратға келар. 20 санадан бери Ҳижозда бўлуб, арабий ўрганибдур. Ўзи ниҳоятда фақира ва орқасинда эски латталардан иборат бўғчаси бордурки, Ёфага йулчилар оқча йиғиб, белат олиб бериб эди.

Қуддуси шариф мухаттасига етдук. Одам кўп. Ароба оз. Ҳануз қаторға эдим, бир киши келиб, вагўн ойнасидан сўрушди. Ва орамизда шу муҳовара* жорий бўлди:

Нимарсаларингиз қайда?

Нима қиларсиз?

— Ман — далил*, сизни манзилға олиб борурман.

– Кимни манзилиға? 

— Такя ёинки бухорийлар тушадургон жойға.

Иккисиға ҳам бормайман. Ўтелларни кўруб, маъқул бўлғаниға тушарман.

Ман далилдурман, мани сўзумға қабул қилишйнгиз керак. Ўтел бўлса ҳам ўзум топиб берарман.

Далил бўлсанғиз, ҳарамга учрашурмиз.

– Йўқ, бўлмас. Сизни бухорийлар тушадургон ерға олиб борурман.

Мани ҳур қўюнғиз, истаган еримга кетарман.

Йўқ, тақсир. Мунда усул ва қоида шулки, ҳар ким далилға тобеъ бўлур.

Нимарсаларимии ҳаммолға топшурмоқчи бўлди. Ман дедим:

— Сиз далилми. ёинки сайёд? Йўлинггизға кетинг, валлоҳ, жандармани чақирарман.

Ҳаммолини итариб юбориб, бошқа ҳаммол ила вагзолдан аробачиларға чиқдук. Аробалар ҳама машғул бўлубдур. Далил афанди яна орқамиздан қолмай, ҳаммолға амр бериб келмоқдадур. Одам ва юк ила тўла бир фойтунчиға 40 тийин бермоқчи бўлдум. Ашёларни аробасиға босиб, ўзумни ёниға ўткурди. Далил афанди ҳануз мани кўрсатиб: «Ҳожини фалон ўтелға тушур»,— дер. 5 дақиқа тош йўллардан кетиб, бир сойга тушдук. Ва катта тош кўфрукдан ўтуб, юз газдан зиёда баландлик — дўнгға чиқиб, Қуддуси шариф қалъаи мустаҳкамини ташқорисида ва Бобул Халил олдиндаги бозор ва катта йўлға етдук. Аробадан бошқалар тушди. Ва мани бир фалокат ўтелға олиб борди. Кўруб хоҳламадим. Қарасам, далил афанди ўтелға ҳозирдур. Ҳар оқшомға 160 тийин, бир уйини савдо этиб қўюбдур. Бошқа ўтелға ҳайда, дерман. Аробачи ҳайдамайдур. Отға қамчини бериб, ўзим ҳайдамоқчи бўлдум. Далил ва аробачи юзумға қаради қолди.

Ҳайда, валлоҳ, пўлис чақирарман!

Қанда?

Бошқа ўтелға.

Бошқа ўтел йўқ!

Ман санга кўрсатурман.

Далил жаноблари ҳам бетаклиф ёнимға ўлтурдилар. Бир яҳудий ўтелиға бордук. Бир соатдан бери далилни ҳаракати мани ишдан чиқарди. Чиқиб, бир уйини ўн ғуруш, яъни 75 тийинға савдо этдим. Яна далил жаноблари орқамдан қолмайдур. Энди аробачи араб ила мунозара. Ул 40 тийин ериға 160 тийин истайдур. Далил ҳам анға ёрдам берар. Мунозара ва урушмоқға тоқат йўқ. Ўн ғурушни олдиға отиб, уй эшикини ичкаридаи қулф этдим.

Далил ташқаридан дер:

Ҳожи, Ҳарами шарифға қачон борарсиз? — Икки-уч дафъа такрор этиб, яна эшикни қоқар.

Дедим:

Ярим соат сўнгра.

— Хўб, ман ташқориға турарман.

Вақт асрдур. Таҳорат этиб, салла-тўн қилиб чиқдим. Ўтел олдиндағи қаҳваҳонада далил ҳазратлари интизорда. Бир аробаға далил ила ўлтуруб, бир хейле маҳалла ва маҳозинлардан ўтуб, Қуддус қалъасиға етдук. Ичкари шаҳар баландлиги баъзан 15 газ, эни 2З газ, тошдан бино қилинган қунгира, гулдаста ва буржлик мустаҳкам бир қалъа ила айлантурулгон бўлуб, ал-он баъзи тарафи харобдур. Қалъанинг баъзи қисмининг биноси Ҳазрат Сулаймон ва Довуд алайҳиссаломға нисбат берилиб ва ҳозирги қалъа бўлса, аҳли салибни қўйган таг курсиси устинда ва баъзан васиъ қилиниб, турклардан Султон Сулаймон Қонуний тарафидан метин ва санъатлик суратда бино қилингандурки, ушбу қалъанинг дарвозасиға аробамиз турди. Қалъа ичининг йўллари ниҳоятда эгри-бугри ва ҳам касрият ила йўлларни усти равоқлар ила ёпилиб ва равоқлар остинда ва устинда уч-тўрт табақалик иморатлар бино қилинган ва йўллар пасту баланд ҳам ости тош фарш қилинган бўлуб, баъзан 1015 зина ила чиқилиб тушулур. Ҳавосиз, қаронғу ва муавваж* ҳам устини равоқлар ёпган йўллардан эгри-бугри ўн дақиқа қадар юруб, узунлиги юз қадамдан зиёда ва усти равоқлар ила болкулли ёпилган эски ва ифлос бир долонға кирдук. Тарафайни энг эски дўконлар ва фалокат босган айвонча, эшак боғланган жойлардур.

Ушбу долонни бир боши дўконлар ва бошқа боши байтул муқаддас ҳарами шарифнинг дарвозаси, яъни ушбу фалокат босган тош долон ҳарамни сақлайдур. Бу долондаги эшиклар ва остиндаги ахлат ва ҳар ерда уюлуб ётган эски-туски ифлосликлар далилни 2 соатдан бери бератургон заҳматини ёддан чиқориб, кўнгулни қайтадан синдурди. Ҳарам дарвозасиға етиб турдук. Далил дуо бошлади. Ман ҳам ўқуб-ўқуб кетмоқда. Ҳарамға кирдук. Ери мармар фарш қилингандур. 50 қадам қадар кетдук ва 20 қадар мармар зинадан баланд бир саҳнға чиқдук. Ҳарами шарифнинг атрофи тош ва баланд деворлар ила иҳота қилинган ва ичи тахминан 56 десатина ботмон ва ёинки 2025 таноб қадардур. Ҳарамнинг ўртароқинда 34 таноб қадар баланд ва тошдан бошқа бир саҳн бўлуб, бу саҳннинг тўққуз тарафиндан 20 қадар зиналардан чиқилур. Чиқилатурғон жойларға бир неча мармар стунлар ўтқурулуб, стунлар бир-бириға мармар равоқлар ила муттасил бўлур. Бу оқ мармардан қилингон суфанинг ўртасинда масжиди Сухратилло ва номи дигар ила Масжиди Умар ал-Форуқ разиоллоҳу анҳу бино қилингандур.

Масжиди шарифни ичи самоқ ва рангоранг мармарлардан ва ташқориси чинни ва кошинлардан ва мунбаткори рангин мармарлардандур.

Баланд суфадан юруб, Масжиди Сухратиллоға кирдук. Далил оғзидан олиб, ман ҳам дуо ўқумоқда ва икки ракат намози шукрда ўқудум. Ўн қадар далил атрофимизни олди. Худойи бериб, масжид ичиндаги — Сухратиллони зина остидаги ҳужра ёинки ғорға тушдук. Зина устинда эшиги ҳам бор. Сухра тошининг ости қатъ ноқис ва номунтазам шаклда.

Дураға* қарийб бир ҳужрадан иборат бўлуб, бу ҳужранинг усти якпора оқ ва новшадирға шабиҳ тошдан иборатдур. Тошни аксар тарафи девор ва ер устинда бўлуб, тақирбан 7 дан бири деворға етмайдур. Сухратилло остиндаги ҳужрани тўғриси сухра тошининг остиндаги мағорани остиға аъло гиламлар тўшалган.

Ҳужранинг у тарафдан бу тарафи 12 қадамча бўлуб, усти одам бўйидан бироз баландроқдур. Тошнинг ўртаси мудаввар* ва қатри* ярим газ қадар тешукдур. Тошни уст тарафини юқоридан кўрулдики, усти ҳам номунтазам, яъни чиқинти ва киринтилик бўлуб, мунинг атрофи ҳашт, яъни 8 буржлик шаклда олий мармар стунлар ила айлантурулуб ва стунлар ниҳоятда зариф ишланган, ҳаллик, аъло шабикалик, панжаралар ила бир-бириға марбут бўлингандур. Тошнинг уст тарафининг давринда дохилан яна ҳашт қатъинда олтун ҳаллик панжаралар ва 2 панжара ила стунлар панжараси орасиға яна аъло гиламлар ва сажжодалар ва лавҳ ҳам каломи шарифлар қўюлуб, қулфлик бир эшикдан муқаррарий вақтларда кирилур.

Сухранинг устинда ҳеч нимарса бўлмай, очиқ турубдур. Сухратилло мағорасининг ичинда ҳазрати Сулаймон, Довуд, Хизр, Иброҳим ва Жаброил алайҳиссалом учун бошқа-бошқа мақомлар кўрсатилур. Ҳазрати пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам мақоми шарифлари бўлуб ва ҳазратимиз меърожға Суҳратиллодан сауд* қилибдурлар.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
49-сон, 1166—1171-бетлар.

(Давоми бор)

*
М
уҳовара – савол-жавоб
Далил – йўл бошловчи, гид
Дураға – хон
Муавваж – қийтиқ
Мудаввар – юмалоқ, айлан
Қатр – кўндаланг
Сауд қилмоқ – юқорига қўтарилмоқ