Нима бўлса ҳам олға юрайлик…

Нима бўлса ҳам олға юрайлик…
32 views
30 October 2016 - 6:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 106

(давоми)

МУЪТА ҒАЗОТИ

Бунинг сабаби эрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом вилоятидаги Бусро шаҳрининг ҳокими Ҳорис ибн Абу Шумурга нома ёздилар. Бу киши эрса, Шом подшоси Қайсар тарафидан қўйилган Шом ўлкасининг амири эди. Бунга ёзган номани Расулуллоҳ саҳобалардан Ҳорис ибн Умайга топширдилар. У номани Умай олиб йўлга тушди. Румга қарашлик Муъта деган жойга келганда Шураҳбил ибн Амр деган Ғассон қабиласининг раиси у кишига йўлиқиб қолди. Уни кўргач:

— Ким бўлурсан, қаён борурсан? — деб сўради.

Ул:

— Шомга борурман, — деб жавоб берди.

Анда ул айтди:

— Қурайшдан чиққан, пайғамбарлик даъвосини қилган Муҳаммад элчиси бўлмағайсан? — деди.

— Тўғри айтдинг, шу кишининг Бусро ҳокимига юборган элчиси эрурман, — деди Ҳорис ибн Умай.

Бу сўзни англаши билан аскарига буюриб, қўл-оёғини боғладилар. Элчига ўлим йўқ эди, шундоқ бўлса ҳам бу кишини ўлдириб, шаҳид қилдилар. Ҳар томонга юборилган Расулуллоҳ элчиларидан бундан бошқа ҳеч киши ўлдирилмади. Бу хабарни англаб, Расулуллоҳ ғамгин бўлдилар. Уларга жиҳод қилиш учун аскар йиғилсин, деб буюрдилар. Уч мингдан ортиқ аскар йиғилмиш эди. Асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳорисани уларга амир қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Агар Зайд шаҳид бўлса, унинг ўрнига Жаъфар ибн Абу Толиб амир бўлсин. Агар у ҳам шаҳид бўлса, ўрнига Абдуллоҳ ибн Равоҳа қўйилсин. Агар унга ҳам ўлим мусибати етса, аскарлар ўрталаридан хоҳлаган кишини аскарбоши қилиб сайлаб олсинлар, — дедилар.

Шу билан Расулуллоҳ бошлиқ ҳамма саҳобалар аскарни узатгали йўлга чиқишди.

Бошлиқлари билан халқ кўришиб, уларнинг зафарлари учун дуо қилдилар. Шу чоғда учинчи амир Абдуллоҳ ибн Равоҳа йиғлагани турди. Бунинг сабаби нимадур, деб андин сўрадилар. Анда ул айтди:

«Аллоҳ таоло оти билан онт қилурман, дунё, тириклигига қизиқиш менинг кўнглимда йўқдур. Ёки эл-юртимдан ажраганим учун йиғласам, бу иш мен учун улуғ номусдир. Бунинг сабаби эрса, бир куни Расулуллоҳ ушбу оятни ўқидилар:

«Ва ин минкум илла варидуҳа кана ала роббика ҳатмам мақдийя».

Маъноси: «Қиёмат кунида Сирот кўпригига тушмаган ва ундан ўтмаган ҳеч ким йўқдур. Бунинг устидан ўтказишни Аллоҳ таоло ўзига лозим қилмишдур».

Шу оят эсимга тушди. Мен билмасман, у жойга кирганимдан сўнгра, ундан саломат чиқмоғим қандай бўлгай, шу учун йиғладим».

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аскарларни узатиб Санийятул Вадў деган жойга етганда тўхтадилар. Анда аскар амирларига қараб:

— Сизларга энг сўнгги қилар васиятим шулдурки, ҳар ишда Аллоҳ амрини бек ушланглар, дин йўлида тақволик бўлинглар, аскар ҳақида меҳрибонлик қилинглар, қилган ғазотинглар Худо учун бўлсин. Ризқни Аллоҳдан еб туриб, ҳар турли ноз-неъматларни ундан кўратуриб, яна андин юз ўгирган кофирларга қарши урушинглар. Лекин ҳеч ишда хиёнат қилманглар, ўлжа тушган моллардан яширинча олманглар, уруш кунларида душман ерларида уларнинг ёш болаларини, хотунларини, қари кишиларини, халққа аралашмай ўз динида ибодат қилиб ётган сўфийларни ўлдирувчи бўлманглар. Зарурат бўлмаган ҳолда уйиморатларини бузманглар, боғу бўстонларидаги емишлик дарахтларни кесманглар. Меним васиятим шулдур, — дедилар.

Шунинг билан аскарлар Пайғамбаримиз билан видолашиб, Мадинадан Шом вилоятига қараб жўнадилар. Беш кун юриб, Водил Қуро деган жойга етганларида англадиларким, Расулуллоҳнинг нома кўтарган элчисини ўлдирган Шураҳбил ибн Амр нурғун аскар тайёр қилмишдур. Ва бу хабарнинг устига душманнинг эллик кишилик оровул фирқаси Ислом аскарининг оровул бўлуги билан тўқнашиб қолдилар.

Душман оровул бошлиғи юқориги элчи ўлдирган Шураҳбилнинг укаси Садус ибн Амр эди. Бу оровуллар урушида душман бошлиғи ўлдирилиб, қолган аскари тарқалиб қочдилар. У ердан юрганларича Миъон деган жойга етишди. Бу ер эса, Шом тупроғи ҳисобланур эди. Бунда турганларида тингчилар хабар келтирдиларким, Рум подшоси Ҳиракл Қайсар юз минг аскар олиб Балқо шаҳрига келмишдур. Шураҳбилга қарашлик Шом еридаги насоро араб қабилаларидан яна юз минг киши келиб уларга қўшилдилар. Бу хабарни саҳобалар англадилар эрса, аниқлагандан сўнг шу ерда тўхташиб маслаҳат қилдилар.

Бир қанчаларининг маслаҳатларича, Расулуллоҳга бу тўғрида хат ёзиб, жавоб келгунча кутиб турмоқчи бўлдилар. Чунки икки юз минг аскарга уч минг кишининг қарши туриши ҳеч мумкин эмас эди.

Алар: «Расулуллоҳга душман кўплигидан хабар қилур бўлсак, ортимиздан бизга ёрдам аскар юборгайлар ёки Аллоҳ амрини билдирур эрса, на бўлса шуни қилгаймиз», дедилар. Анда учинчи амир Абдуллоҳ ибн Равоҳа аскар руҳини кўтариб аларга ташвиқот қилиб:

— Эй мўминлар! Биз учун олдимизда ҳеч қандоқ қўрқинчлик иш йўқдир. Чунки бизлар душманларимиз билан ўз куч-қувватимизга суяниб урушмаймиз. Ҳақиқатда эрса ишонганимиз Аллоҳдур. Худо йўлида шаҳодат излаб, ўлиш учун чиқдик. Нима бўлса ҳам олға юрайлик, биз учун икки яхшиликнинг бири бўлғусидир. Ё ғалаба қозонгаймиз, ёки шаҳодат топгаймиз. Булар эрса, бизнинг энг сўнгги тилагимиздур, — деди.

Бу сўзни эшитган аскарлар йиғлашиб:

— Бу киши тўғри айтади. Олдимизда икки яхшилик бордур, қайси бири бўлса ҳам бизнинг суйганимиздур, — дейишиб такбир садоси билан йўлга тушдилар.

Шу юрганларича Шом тупроғидаги Балқо шаҳрининг чегарасига етганларида илгари эшитган кўп сонлик душман аскарининг қораси йироқдан кўрина бошлади. Булар эрса мумкин қадар шон-шавкат, куч-қувватга эга бўлган эдилар. Яроқ-жабдуқ, отулоқлари ўз замонларича тўлиқланган эди. Байроқлари олтин-кумуш ва ҳар турлик қиммат нарсалар билан безалмиш эди. Душман кўзини қамаштирмоқ, уларга ҳайбатлик бўлиб кўринмоқ учун аскар бошчилари ҳар турлик зийнат қилинмиш ипак тўнлар кийган эдилар.

Бунчалик салтанатга эга бўлган икки юз минг душман қўшинига қарши уч минг саҳобалар уруш қилмоқлари одатдан ташқари, ишонмаслик даражада киши ҳайрон қолғудек бир ишдур. Лекин бу воқеанинг қўшимчаси йўқ ҳақиқат бўлганликдан бир неча мўтабар тарих, ҳадис китобларда ҳам ёзилмишдур. Бу эрса Расулуллоҳдан тарбият топган саҳобалар иймон йўлида қандай улуғ даражага етганликларини исботлайди.

 (давоми бор)