Олам барча хизматда

Олам барча хизматда
129 views
31 October 2016 - 5:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Туман пайдо

Келса наврўз оламга, ранг қилар жаҳон пайдо,
Абрўлар овоз уриб, тоғ қилар туман пайдо,
Бежонлар жона келиб, очарлар даҳон пайдо,
Кўкармаган гиёҳлар, кўкариб равон пайдо,
Этарлар ҳайвонотга ҳам суду зиён пайдо,
Ер юзига ёйилиб, юрарлар ниҳон пайдо,
Вобаста даҳон қушлар қиларлар забон пйдо.

Сувсаган чўллар униб, юз тутар сувга ҳар чанг,
Замин сабзалар тузиб, танидан айрилар занг,
Кўп бандалар мастона, гўё тотмиш ароқ, банг,
Ҳар ашёнинг ўзига ўзидан келар жаранг,
Сабза ичра сандивоч юз тилда қилар оҳанг,
Замин хизирпўш ўлиб, гул боғламиш ранг-баранг,
Хуружга келиб, олам, қиларлар фиғон пайдо.

Суруду садо бирла, жаҳон юзи ободдир,
Бўлма сурурда мағрур, поянаси бебоддир,
Ҳақ ишқида тирик жон, билинг, боқий ҳаётдир,
Ҳар танда-ки ишқ бўлмас, рўзу азал мамотдир,
Ёз ўтгунча еру кўк, кундан-кунга зиёддир,
Бир хашру қиёматдир, бир ёвму аросатдир,
Даҳр ичра бўлар ҳар дам, жаҳон ичра жон пайдо.

Зарбобга завқ боғлама, бақо йўқдир давлатда,
Умрингни бодга берма, сен бу дорил меҳнатда,
Етар сенга эрта-кеч, не ёзилса қисматда,
Жонингга жафо айлаб, мунча кезма ҳасратда,
Савоб – яхши амалда, раҳм – авло ниятда,
Олам барча хизматда, одам ётиб ғафлатда,
Ҳосилинг оташ бўлгай, айласанг ёмон пайдо.

Махдумқули, йиғларман бу бахту сиёҳимдан,
Қўрқарман жон офати, қўл-оёқ гувоҳимдан,
Умидим ҳосил бўлмас, бу умру тобоқимдан,
Жон куйди жасад ичра, бу оташи оҳимдан,
Қўл кўтариб тиларман, ҳожатим Аллоҳимдан,
Бандаман, умидим кўп, ул карамли Шоҳимдан,
Айлагай аросатда, гул каби имон пайдо.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди