Қўқоновга жазо муддатининг чўзилиши нимадан дарак?

Қўқоновга жазо муддатининг чўзилиши нимадан дарак?
28 views
31 October 2016 - 18:43

Самандар Қўқоновга уч йил қўшимча қамоқ жазосининг белгиланиши, Ўзбекистонда сиёсий маҳкумларнинг озод қилиниши кутилаётгани ҳақидаги муждаларнинг беҳуда эканини намойиш қилди.

6 октябр куни, роппа роса 23 йилу 4 ой қамоқда бўлиб барча жазо муддатларини ўтаган Самандар Қўқоновга, эртасигаёқ суд қарори билан тағин уч йилу 5 кун жазо қўшиб берилишини, фақат қабиҳ ўзбек режими сийратининг ўзгармагани билангина изоҳлаш мумкин.

Ўзбекистон ЖИББнинг Қўқонов устидан суд ҳукми ҳақидаги хати

Ўзбекистон ЖИББнинг Қўқонов устидан суд ҳукми ҳақидаги хати

27 октябр куни унинг озод этилгани ҳақидаги чақмоқ каби пайдо бўлган умид шу куннинг ўзидаёқ сўнган, унинг ҳамон Навои турмасида қолаётгани маълум бўлган эди.

Ислом Каримовнинг шахсий душмани сифатида қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкумнинг бошқа муассасага этап қилиш ҳаракатлари, унинг озод этилгани ҳақидаги гап сўзларнинг тарқалишига сабаб бўлганди.

«Ўзбекистон Жазони Ижро этиш Бош Бошқармаси Нельсон Мандела ўрнатган рекордни янгиламоқчи шекилли», дея ёзди журналист Сирожиддин Ислом ўзининг Фейсбукдаги микроблогида.

Ўтган аср ўрталарида Жанубий Африка халқи мустақиллиги учун курашган Нельсон Манделланинг 27 йил турмада ўтиргани маълум.

Ўзбекистон халқи мустақиллиги учун курашган демократ сиёсатчи Самандар Қўқоновнинг қарийб шунча муддат қамоқда қолиши ва айрим ўзбек фаоллари томонидан бу режимни қўллаб қувватлаш хитоблари бугуннинг ақлга сиғмас манзараларидир.

Маҳкумнинг умр йўлдоши Шоҳида Қўқонова олган мактубда «Жазо муддатини ўташ даврида муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларни мунтазам бузиб келгани учун 2016 йил 07 октябрь куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси 2 қисми «б» банди ва 60-моддаси билан 3 йил 5 кун»га озодликдан маҳрум этилгани айтилади.

«Зулмнинг охири қаерда? Шу саволимга Ўзбекистондаги қонхўр режимни пуф-пуфлайдиганлар жавоб беришсин. Каримовнинг чорак асрлик президентлиги Самандар Қўқонов оиласининг бир қатра кўз ёшига арзимайди! Қўқоновнинг кенжа ўғли Сардор билан кўзимда ёш билан суҳбатлашдим. Аллоҳ бу оилага сабр берсин. Йўқолсин ЗУЛМ, яшасин Ҳуррият!», дея ёзди Озодлик журналисти Сирожиддин Ислом ўз микроблогида.

Ўзбекистон Олий кенгаши депутати, «Эрк» Демократик партияси аъзоси ва Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи бўлган Самандар Қўқонов бугунги кунда ҳамон қамоқда қолмоқда.

Қудрат Бобожон

Манба: Eltuz.com