Ғозийлардан хабар келди…

Ғозийлардан хабар келди…
65 views
04 November 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 108

(давоми)

Учинчи амир Абдуллоҳ ибн Равоҳа шаҳодат топгандан кейин Ислом аскарининг сафлари бузилишга бошлаган эди. Ҳазрати Холид туғ тутгандан кейин буларни тартибга солди. Аскар қурилиши тузатилгач, бир оз орқага чекиниб, душманга қарши мудофаа усулини қўлладилар. Бундай даҳшатли уруш устида кетма-кет уч амирнинг ўлдирилганига руҳи тушмай, ўзлари бузилаётган, сочилган аскарни қилич-найзалар остидан чиқариб душмандан мудофаа қилгудек бир кучга келтирмоқ бек қийин ишдир. Бу эрса ҳазрати Холиднинг дунё қўмондонларини ҳайрон қолдирурлик даражада бу ишда маҳорат кўрсатганини билдиради.

Шу билан орқага чекиниб, тутган жойларида тоғдек туриш қилиб, шу куннинг урушини мудофаа билан ўтказдилар. Икки ёқ аскари енгилмасдан кеч киргач, ҳар қайсиси ўз ўринларига чекиндилар. Шу кеча тун қоронғулигидан фойдаланиб ҳазрати Холид бир ҳийла топиб, уруш алдовини ишлатди.

Шундоқки, бутун байроқларни ўзгартириб, аскар ясовини йўткади. Баронғар (ўнг) ўрнини жаронғар (чап)га, оровул (олд) ўрнини чиндовулга алмаштирди. Эрталабки урушга шу ясов билан чиққанларини душманлар кўргач, қўрқинчга тушиб, Мадина томонидан шу кеча мадад аскари етиб келмишдур, деб ўйладилар. Шундай бўлиб бу уруш етти кун давом этди. Қўмондонлик ҳазрати Холидга ўтгач, унинг буйруғича душманга қарши мудофаада бўлдилар. Бу урушда эрса, энг ҳайрон қолғудек иш шулдирки, шунчалик кўп сонли, кўп кучга эга бўлган душман қўшинига урушган уч минг аскардан етти кун ичида ўн икки киши шаҳид бўлмиш эди. Куффор томонидан эрса ўлдирилганларнинг ҳисоби йўқ эди. Шунинг учун бу воқеа мўтабар китобларда Расулуллоҳнинг мўжизаларидан ҳисоб қилинмишдур.

Шу уруш тугагунчалик ҳазрати Холид ибн Валид қўлида тўққиз дона қилич синганлигини Имом Бухорий ривоят қилур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеадан ваҳий орқали хабар топмиш эдилар. Буни англатиш учун саҳобаларни йиғиб, сўнгра минбарга чиқдилар. Муборак кўзларидан ёш тўкилар эди. «Хайрлик бўлсин» деб уч йўл айтгандан сўнгра саҳобаларга қараб:

— Мен сизларга ғазотга кетган аскарларимиздан хабар берурман. Улар эрса боришиб Муъта деган жойда душманга йўлиқдилар. Биринчи амир Зайд ибн Ҳориса шу урушда шаҳодат топди. Сўнгра туғни Жаъфар ибн Абу Толиб тутиб душманга ҳужум бошлади. Бу ҳам шаҳид бўлди. Учинчи Абдуллоҳ ибн Равоҳа туғ ушлади. Уни ҳам шаҳид қилдилар.

Булар учун истиғфор айтиб дуо қилинглар. Энди туғни Холид ибн Валид олди. Эй бор Худоё, бу қулинг эрса сенинг қиличларингдан бир кескин қиличдур, унга ёрдам бергайсан, — деб дуо қилдилар.

Шу кундан бошлаб бу баҳодир йигитга «Сайфуллоҳ», яъни «Аллоҳнинг қиличи» деб лақаб қўйилди. Шунинг устига аскар хабарчиси Яъло ибн Мунайя деган киши ҳам етиб келди. Ислом аскари урушдан қайтгач, олдиндан уни юборган эдилар. Расулуллоҳ билан келиб кўришганидан кейин, унга айтдилар:

— Бу урушда бўлган воқеани сендан бурун мен айтиб берайинми ёки ўзинг айтурмисан?

Ул ҳам:

— Айтинг, Ё Расулаллоҳ, — деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган воқеаларнинг ҳаммасини бошдан-оёқ айтиб бердилар. Анда хабарчи:

— Қасам қилурман, Ё Расулаллоҳ, биз кўрган ишлардан бирини қолдирмай айтдингиз. Аниқ булурман, сиз Аллоҳнинг ҳақ пайғамбарисиз, бу ишни сизга Аллоҳ билдирмишдур. Бўлмаса бундай ғайб ишларни ҳеч ким билмагай, — деди.

Бу хабарни англатгандан сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Жаъфарнинг хотини Асмў бинти Амис уйига кирдилар. Болаларини кўргач, уларни ҳар бирини ўпиб туриб, муборак кўзларидан ёшлари оқиб кетди.

Анда Асмў:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, бу болалар отаси Жаъфардан ва унинг йўлдошларидан мусибат хабари келганга ўхшайди, — деб ўз одатларича овоз чиқариб йиғлагани турди.

Қўшни хотинлар бунинг товушини эшитиб унинг уйига йиғилдилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Асмў, жоҳилият одатича ёқангни йиртиб, юзингни тирнама, йиғи устида оғзингдан ёмон сўзлар чиқиб кетмасун. Худо рози бўлмаган сўзлардан, ишлардан тилингни, қўлингни сақлагил.

Эй бор Худоё, Жаъфарни жаннатда энг юқори даражали жойга еткургил, анинг оиласига улуғ ажр ато қилгил, — деб дуо қилдилар.

Сўнгра у жойдан чиқиб, ўз уйларига кириб, оналаримизга айтдилар:

— Жаъфар оиласидан хабарсиз турманглар, улар учун емак пишириб уйларига етказинглар. Инсонга ўлим иши етди эрса, унинг қайғуси овқат пиширмоқ, емак-ичмакка тўсқинлик қилур, — дедилар.

Шунинг учун ўлим бўлган уйга қўшнилар, қариндошлар таом пишириб еткурмаги суннат бўлди.

Яна бир ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар уйидан чиқиб, Ҳазрати Алининг уйига кирдилар. Ҳазрати Жаъфар Ҳазрати Алининг бир туғишган оғалари эди. Фотима Расулуллоҳни кўргач, ўз одатларича «Во аммоҳ» деб урушда ўлган амакисини йўқлаб йиғлагани турди. Анда Расулуллоҳ айтдилар: «Жаъфар каби эр йигитга хотинлар йиғламасдан қараб тура олмайдилар. Лекин уларга айтиб қўйинглар, йиғлаган чоғда қўлларини, тилларини сақласин», дедилар.

Шу билан орадан уч-тўрт кун ўтгандан сўнгра ғозийлардан ҳам хабар келди. Расулуллоҳ буюрдиларким, уларнинг олдиларидан кутиб чиқиб, қарши олғайлар. Яхши сафардан, узоқ ерлардан келаётган мусулмонларни кутиб олиш шундан бизларга суннат бўлиб қолган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ барча саҳобалар ва ғозийларнинг ёш болалари йўл тўсишиб чиққан эдилар. Мадинадан чиқишган болалар эрса, суюнганларидан шодлик шеърларини ўқишур эдилар.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Ғозийлар ўз болаларини от олдига миндириб олсинлар. Жаъфар ўғли Абдуллоҳни менга беринглар,— деб, уни ўзлари отга ўнгариб олдилар. Сўнгра айтдиларким:

— Эй ўғлим, сенга муборак бўлғай, отанг Жаъфарни бу кеча менга кўрсатдилар. Уни жаннатда фаришталар билан бирга учиб юрганини кўрдим.

Расулуллоҳ ҳазрати Холид билан кўришганларида бу урушда кўрсатган маҳоратини мақтаб, ундан кўп рози бўлдилар. Шу сафардаги аскар ичида бўлган Абдуллоҳ ибн Умарнинг айтишича, Зайд ибн Ҳорисанинг икки қўли бирдан кесилиб, яна етмиш неча еридан яраланмиш эди. Расулуллоҳ белгилаган шу уч қўмондонни — Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа — шаҳид бўлган жойларида бир қабрга қўйдилар.

Қолганлари ҳам шу ўринга кўмилди, разияллоҳу анҳум. Зарурат тушган чоғда беш-ўн ўликни бир қабрга қўймоқ шариатда дурустдир. Уҳуд урушида ўлган шаҳидларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шундай қилган эдилар. Бу баҳодирларнинг қабрлари бутун Ислом оламига зиёрат ўрни бўлиб қолмишдур. Муборак исмлари эрса тарихларда ёзилиб, инсон оламида ҳурмат қозонмишдур.

 (давоми бор)