Ҳасратларга тўла дунёнинг кори

Ҳасратларга тўла дунёнинг кори
15 views
05 November 2016 - 5:00

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(13)

Фол

Қани, қўлингни чўз, фол очиб қўяй,
Кафтингдаги ёзув қалбимга аён.
Сеҳргар ҳиндудай, шамол чалсин, най,
Тақдир достонингни этайин баён.

Кўзгунинг бетига қалқади бари,
Пешонанг ёзиғин, ҳижжаласам, бас.
Ҳасратларга тўла дунёнинг кори,
Ғамсиз қувончларнинг унмоғи абас.

Яшил ҳошияли қирмизи қўшиқ,
Боғингдан келади булбул овози.
Юрагинг сиртини безаганми, ишқ?
Ичида янграйди, ёқимли сози.

Ўзинг сезмаганинг ҳолингда бироқ,
Шошасан, дарёдек келажак сари.
Йўлингда кўринар, хатарли тузоқ,
Қорангга кўз тиккан гўзал бир пари.

Тузоқдан кечолсанг, кўринади тоғ,
Чўққилар бошида, чарх урар осмон.
Сеҳрли дара бор, ўртасида боғ,
Ўймоқдек булоқда, чексиз бир уммон.

Уммонда сузишар, уч қора ҳўкиз,
Тўрт юз йил тер тўкиб, чўққи талашиб.
Томоша қилади жангни ҳамон қиз,
Тўрт юз йилдан буён, диққати ошиб.

Ҳўкизлар – йигитга айланишини
Пичирлаб, Худодан тилайди, ёлғиз.
Рўёбга чиқармас, унинг тушини…
Маржон ёшлар тўкар, кўзлари наргис.

Қизга ҳўкиз эмас, шаҳзода керак,
Ота-бобосидан буюк бекзода.
Бир ўғлон туғилса, Туронга эмак,
Қуёш нур сочажак, борҳо, зиёда.

Шунда, ишинг қолмас дунёда ортиқ,
Нарироқда қаср, гирди, ўрама.
Қучоғи жисмингга минг йиллар интиқ,
У қабр сеники, ғамли қарама…

* * *

(давоми бор)