На учун олами исломнинг ҳар ери мундай!..

На учун олами исломнинг ҳар ери мундай!..
238 views
05 November 2016 - 6:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(20)

51-рақамдан мобаъд.

Далил жаноблари Масжиди Сухранинг муқобилинда бир талаба ҳужрасиға олиб кирди. Икки заввор Мисрий араб-да бор. Бири Танато шаҳрининг бош дўқтури, дигари сақоли тамоман тарошланган бир муллодур.

Бир оз ўлтурдўк. Истироҳат этдук. Оқшом бўлди. Эртаға Халил ар-Раҳмон зиёрати ва Байтуллаҳм саёҳати учун учаламизға далил бир файтун киро ва бир нафар киши қўшмоқчи бўлуб, ар(о)ба учун байъона* олди. Ваъд аз аъшо ҳарамдан чиқиб «Олтер» ўтелидаги ҳужрамға ётдим.

Саҳар соат 4. Фойтун ила ҳамроҳлар келди. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг зиёратлари учун Халил ар-Раҳмон шаҳриға озим бўлдук. Ҳануз саратон ойи бўлса ҳам Қуддуси шарифнинг оқшоми хейле салқиндур. Совуқликдан арба ичиға кўрпаға ўралдук. Бир соат қадар кетдук. Исо алайҳиссаломни маҳали таваллуди — Байтуллаҳм шаҳрининг қуйисидаги боғлар орасидан ўтармиз.

Яна ярим соат юрдук. Халил ар-Раҳмон тоғларини тепаларини офтоб нури қоплади. Гуруҳ-гуруҳ бадавий араблар теваға, от ва эшакларға ҳар навъ юк ва кўмур ортиб шаҳар тарафиға келмоқдадурлар. Бир замон темур садоси чиқди. Ароба тўқтади. Тушуб қарасак, фойтунни орқа чархидан бирини темури икки жойдан синиб тушубдур. Бошқа чархлари ҳам яҳинда синмоқчидур. Далил жанобларининг баракатидан ўрта чўлда қолдук. Қуддусдан Халил ар-Раҳмонгача 42 килўметрў (40 чақирим). Тош тўшалган аъло, ниҳоятда мусаттаҳ бир йўл бўлуб, ҳукуматни таърифаси тўрт, ҳатто, беш киши бориб қайтмоқ тўрт ярим мажидий экан. Далил жаноблари бизларға 6 мажидий қарор бериб эдилар.

Сап-сариқ маймунға ўхшаган ар(о)бачи Юсуф яҳудий ҳайрон-ҳайрон ар(о)басиға қаради-қолди. Ар(о)басини эскилиги учун 3,5 мажидийға далил ила савдо этиб экан. Ҳар мажидий — 160 тийин. Бизлар ҳам тушуб аробани тавоф қилатурғондек, атрофини ҳар биримиз бир неча дафъа айландук. Илож йўқ. Ар(о)баға уч от қўшулғон. Бирини яҳудий Юсуфға миндуруб, қайтариб, Байтуллаҳмға ароба учун юбордук.

15 дақиқа сўнгра далилни бизға қўшган одами Шайх Маҳмудни ҳам Байтуллаҳмға ароба учун юбордук. Йўл каноринда 45 дақиқа ўлтурдик. Мисрий дўҳтур жаноблари мандан ҳам сабрсиз экан, асабийлашиб, далилни ғойибона ғажиди. Инсоф йўқ, бунлар ҳароми, ўғри… деди. Бунлар яна бизни ўйнатур. Орқаларидан Байтуллаҳмға кетармиз, деб иккиси қарор берди. Ман ҳам, табиий аларға тобеъ бўлдум. Икки отни афобадан чиқориб, кўрпамни устиға ташлаб отни бириға миндим. Бири мулло ила дўқтурға қолди. Аларни бири дигариға минмоқни таклиф қилар. Бири дер: «Валлоҳу сан мин». Дигари дер: «Боллоҳ, сан мин».

5-6 дақиқа атрофни «валлоҳ», «боллоҳ» босди… Охири мулло минди. Дўқтур жаёв кетмоқда. Отлар ҳам «асл эканки, ҳар қадамға тўқушар. Дўқтурни аёғига қараб оҳисталик ила ҳайдаймиз. Байтуллаҳмни ярим йўлиға келдук. Яна «оллоҳ», «боллоҳ» бошланди. Мулло тушди. Дўқтур минди. Муллоға олдим ва ё орқамға минмоқ ва эртароқ етмоқни таклиф килдим. Яна валлоҳ-боллоҳдан бошка натижа йўқ. Оқибат, мўлтони юришинда Байтуллаҳмға етдук. Ва бир кўчадан далил ила Юсуф яҳудий уч отлик бир фойтун ила чиқдилар. Мисрилар оташин бўлуб, далил одамини сўкуб, Халил ар-Раҳмонға бормас бўлуб, Байтуллаҳм шаҳриға пиёда кириб кетдилар. Ман 2-аробани аввал чархларини муояна қилиб, далил одами ила ўлтуруб, Халил ар-Раҳмонға озим бўлдум. Бир соат қадар юруб, синиқ аробага келдук. Хулоса, уч соатлик вақтимиз ғойиб бўлдики, бу қимматлик йўқолган уч соат муддат мани беш кун Ефа шаҳриға мунтазир ва йўлдан қолиб бекор ўлтурушимға сабаб бўлғонини сўнгра ўқулур.

Бақадри имкон ар(о)бани тез ҳайдатиб, Халил ар- Раҳмон шаҳриға яқин етдук. Атроф узум, зардолу, зайтун, анжир, анор — хулоса, латиф мевалар боғчаларидур. Оврупойи 2-3 табақа иморатлар орасидан баъзан кулба ва козалардан* ўтуб кетмоқдамиз. Бу замон Мусаллаҳга бурулгон саллалик бир араб суръат ила келиб, ўзини бизни аробаға олди ва манга Халил ар- Раҳмон зиёратиға далиллигини таъйин этди. Ёнимдаги Шайҳ Маҳмуд бўлса, анга «Қуддус далили бу завворни Шайхи Довудға элтиб топшир», деганини ҳар миён айтиб, иккиси бир оз мунозара этди. Дам бўл, деган ила сукут этмайдурлар.

Аробани сақлатиб, дедим: «Ё сизлар ар(о)бадан тушунг, ё мен. Бўлмаса, ускутво».

Бир неча дақиқа сўнгра ифлос ва фалокат бир саройни олдига ар(о)бамиз турди. Ар(о)бачимиз Никўла Абдулазиз исминда бир араб насоро бўлуб, Шайх Маҳмудға дерки: «Мандан хабардор бўл…»

Сабабини Шайх Маҳмуддан сўрасам, дерки: «Христианлардан мунда агарчи тубжойи бўлса ҳам махсуси олим оладурлар. Онинг учун қўрқар. Вузуъ* этдим, мани Шайх Довудға топширди. Атрофимни 20 қадар бола ва катта олди: «Ҳожи, бахшиш!»

— Баъд аз зиёрати, фи-л-авдати[1].

Шайх Довуд ила ҳарам сари кетмоқдамиз. Фалокат[2] кўча ва бозорлар усти равоқлар ила ёпилган. Эни уч газлик эгри-бугри, ифлос йўл. Кичкинагина, ифлос дўконлар ичинда озгина Оврупо моли бор. Чиркин араблар ўтурмоқда. Хулоса: мундай чиркин ва ажиб кўча ва одамларни хеч ерда кўрганим йўқ. Ҳатто Ёфанинг кўчаларидан ҳам фалокатроқдур. У қадар фаноки, инсонға ямон таъсир этар.

Бу дўконларни бир-иккиси яҳудийнинг баққол дўконидурки, Оврупо туғма ва муҳрлик шароб тўла шишалар ҳам сотилур. Туркия ҳукумати тарафидан бино қилинган мактаби рушдияни «ҳаром» деб бола бермайдургон араблар бу шишалардан олмоқда ва фоидаси яҳудий ва Оврупо киссасиға кирмоқда. Ва арабни ахлоқи зиёдароқ бузулмоқдадур. Турк ҳукумати шароб сотмоқни манъ этмоқчи бўлса, Оврупо тожирлари, «ваҳший» турклар «сарбасти* тижоратға монеъ бўлур», дсб эътироз этар эмиш. Оҳ, сад*, ох на учун олами исломнинг ҳар ери мундай! «Фожатнабуҳ» «Ан-назофати мин-ал-иймон» қайда қолди? Анбиён изом саловатуллоҳи алайҳум ажмаин ҳазоротининг турбаи мубораклари ва абул анбиёи Иброҳим Халилуллоҳ ҳазратларининг муборак исми шарифлариға нисбат берилган балданинг ҳоли ва мундаги мусулмонларнинг қиёфа ва башараси бумидур? Эй, Оллоҳ, қиёматинг қўпсун-да, бу осафлик ҳолларға хотима чексун ва бизға баъс баъд ал-мавт[3] йўли очилсун!

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
52-сон, 1235—1239-бетлар.

(Давоми бор)

*
Байъона – бай пули
Коза – чайла
Вузуъ – таҳорат
Сарбасти – хуфия
Сад – 100

[1] Баъд аз зиёрати, фи-л-авдати – зиёратдан сўнг, қайтишда.
[2] Ифлослик маъносида
[3] Ўлимдан кейинги қиёмат