“Ҳалол мол яхши одамга қандай ярашади…”

“Ҳалол мол яхши одамга қандай ярашади…”
29 views
06 November 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 109

(давоми)

ЗОТИС-САЛОСИЛ ҒАЗОТИ

Бу ер билан Мадинанинг оралиғи ўн кунлик йўл эди. Тарихи ҳижратнинг саккизинчи йили жумодул охира ойида бу воқеа бўлди.

Бунинг сабаби эрса, ўша ерлик Қузоа қабиласи Мадина атрофига ҳужум қилмоқ учун тайёргарлик қилаётурлар деган хабар Расулуллоҳга етмиш эди. Иш улғаймасдан илгари унинг чорасини қилиш керак бўлганликдан бунинг олдини олиш учун Амр ибн Осни чорлаб, унга айтдилар:

— Эй Амр, сени аскарга бошчи қилиб, душман устига юборурман. Сен бу сафардан ғанимат мол топгайсан, дағи ҳеч қандай зиён кўрмасдан, саломат қайтгайсан.

Анда Амр ибн Ос:

— Ё Расулаллоҳ, мен молга қизиқиб мусулмон бўлмадим, балки Ислом динини ҳақ билиб, иймон келтирдим, — деди.

Унга Расулуллоҳ:

— Ҳалол мол яхши одамга қандай ярашади, — дедилар.

Чунки мол Аллоҳ таоло томонидан бандаларига берилган неъматдир. Агар банда бунинг шукрини қилар экан, кундан-кунга у неъмат кўпаяди. Агар шукрини қилмас экан, ундан албатта бир куни ажралади. Инсон оламида илгаридан келган Аллоҳнинг одати шулдир. Энди неъматга шукр қилишнинг маъноси, шу нарсани Аллоҳнинг буйруғига ишлатиш, анинг устига қўйилган шариат ҳақларини тўлиқ бажариб туриш демакдир. Инсоннинг ўзи тўғри йўлдан тоймагунча унга берган неъматни Аллоҳ қайтариб олмайди. Чунки Қуръонда айтади:

«Лаин шакартум лаазийданнакум ва лаин кафартум инна азабий лашадийд», яъни, «Агар шукр қилсанглар, берган неъматимни яна кўпроқ бераман, агар ношукрчилик қилар экансизлар, меним азобим бек қаттиқдур». Бу деган эрса, бу дунёда у неъматдан ажрайсизлар, охиратда эрса ношукрчилик қилганнинг азобини яна тортгайсизлар, демакдур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, ансор ва муҳожир саҳобалардан уч юз аскарга Амр ибн Осни амир қилиб жўнатдилар. Булар ичида улуғ саҳобалардан кўп киши бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аскарга оқ туғ, қора байроқ бердилар.

Кундузи яшириниб, ҳеч кимга кўринмай, кечаси тинмай йўл юриб душман ерига яқинлашиб келганда, олдин юборилган тингчилар душманнинг кўплигидан хабар келтирдилар. Буни англаши билан Амр ибн Ос Расулуллоҳга киши чоптириб, ёрдам аскари сўради. Дарҳол ҳазрати Абу Убайдани бошчи қилиб, яна икки юз аскар юбордилар.

Бу кейинги аскар ичида ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар ҳам бор эди. Буларга буюрдиларким, Амр ибн Ос аскарига қўшилгайлар, сўнгра ҳар икки амир биргаликда иш олиб боргай, дедилар.

Шу билан кейинги аскарлар тез юриб олдинги аскарга етиб олдилар. Шу орада бир намознинг вақти кириб, ани ўтамакчи бўлдилар. Ислом қонунида аскарга ким бошчи бўлса, намозда имом бўлиш анинг ҳаққидур.

Шунга қараб ҳазрати Абу Убайда намозга имом бўлиш учун саф олдига ўтмоқчи бўлди. Анда Амр ибн Ос:

— Сени Расулуллоҳ менга ёрдамчи қилиб юбормишдур. Бутун аскар устида бош қўмондонлик меним ҳаққимдур, — деб ўзи имом бўлиб намозга ўтди.

Сўнгра Ислом аскари душман ерига киргач, улар устига тўсатдан ҳужум қилдилар.

Душман аскарлари дастлабда озроқ урушган бўлсалар ҳам, кейин енгилиб қочдилар. Кўплари ўлдирилиб, бутун моллари ўлжага қолди. Шу кунлари эса қиш мазгили (вақти) бўлиб, ҳавонинг анчагина салқинлиги бор эди. Аскар усти юпун бўлиб, уларга совуқ ўтган бўлса ҳам, ўт ёқиб исинишга амирлари Амр ибн Ос унамади.

Яна шу туни ўзи иҳтилом бўлиб, булғанмиш эди. Совуқдан қўрқиб ғусл қилмасдан, таяммум билан намозга имом бўлди. Қочган душман аскарини қувлашга сўраб эдилар, унга ҳам рухсат бермади. Анинг шу қилган ишларидан Ҳазрати Умар бошлиқ бир неча саҳобалар норози бўлишиб, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ олдига келишди. Анда у:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сафарги аскар устига бу кишини бошчи қилиб қўймишдур. Уруш ишида балки биздан анинг билгани ортиқроқ бўлгай. Энди бу тўғрида на қилур эрса, унга ҳаммамиз бўйсунишимиз керакдир, — деб уларни босиб қўйдилар.

Сўнгра Мадинага келгач, Амр ибн Ос:

— Ё Расулуллоҳ, сизга айтгандирлар, мен бу сафарда аскарга ёқмайдиган бир неча иш қилдим. Биринчиси, ҳаво совуқ бўлса ҳам аскарларга ўт ёқиб исинмоққа рухсат қилмадим. Бунинг сабаби эрса, душман жосуслари тун қоронғусида келиб ўт ёруғида ўлтирган аскарнинг озлигини пайқаб қолгайлар. Иккинчиси, душманларимиз биздан енгилиб қочдилар, лекин буларни орқаларидан қувлашга рухсат бермадим. Чунки душман ҳийла қилиб ёлғондан қочган бўлса, бир ерга қўйган буқтирма (пистирма) аскари бўлиб қолиб, яна қувлаган кишиларга зиён етиб қолмасин, деб ўйладим. Аммо иҳтилом бўлиб қолганимда ҳаво совуғидан қўрқиб сувга тушмаганим тўғридур. Ғусл қилмасдан таяммум билан намозга имом бўлдим, чунки Қуръонда Аллоҳ айтмишдур: «Эй мўминлар, ўзингларни ҳалок қилғудек ишни қилманглар, чунки Аллоҳ таоло сизларга бек меҳрибондур». Аллоҳ шундай дегач, ўзимга зиён бўлгудек ишни қилмадим, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кейинги сўзига кулиб қўйдилар. Лекин олдинги айтган сўзларини тўғри топиб:

— Яхши қилибсан, — дедилар.

 (давоми бор)