Ўзбекистон Халқ Харакати Баёноти

Ўзбекистон Халқ Харакати Баёноти
36 views
06 November 2016 - 9:39

Ўзбекистон Халқ Харакати Баёноти

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири “Конституцияни бузиш жинояти”га қўл урди. Ўзбекистонда 27 йил давомида Конституцияга зид тарзда иқтидорда қолган Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг Конституцияга кўра Давлат раҳбари вазифаси ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг зиммасига юклатилиши лозим эди. Бироқ Бош вазир Шавкат Мирзиёев давлат тўнтариши содир қилди:худии Каримов каби, Конституцияга риоя қилмасдан, Йўлдошевни бир чеккага суриб, Президентлик курсисини эгаллади.

Эндиликда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни Россиянинг бўйинтуруғига солиш учун учун тайёргарлик кўрмоқда.

 Россия Президенти Путин Ўзбекистон Бош Вазири Шавкат Мирзиёевнинг назоратли бир сайлов билан Президентлик лавозимини эгаллашини таъминлаш мақсадида 30 август ва 1 сентябрь оралиғида Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ) ходимларидан иборат 300 кишилик махсус бир гуруҳни Ўзбекистонга юборди. Бу махсус гуруҳга қўшимча равишда ҳокимиятнинг Мирзиёев қўлига ўтишига кўмаклашиш учун қуролли амалиёт  қилаоладиган махсус гуруҳлар ҳам Тошкент ва бошқа катта шаҳарларга жойлаштирилди.

  Шу маънода В.Путиннинг 2016 йил сентябрь Самарқандда Каримов мозорига қўйган гулчамбари аслида Ўзбекистоннинг мустақиллиги мозорига қўйилган гулчамбар эди.

Ўзбекистоннинг рус буйинтуруғи остига кириши шартлигини “Царьград ТВ”да гапирган бошқа бир машҳур рус шовинисти бўлган “Оврўосиёчи” Дугин шундай ифода қилди: “Каримовдан сўнг Ўзбекистон ўз мустақиллигини Москвасиз таъминлай олмайди!”(https://www.youtube.com/watch?v=cMq9tfB2k3E).

  Каримовнинг ўлимидан сўнг инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ҳуқуқсизлик айнан давом этмоқда.

  Янги ҳукумат дастлабки ишини диндор қатламга нисбатан босимни ва зулмни кучайтиришдан бошлади. Юзига қора ниқоб кийган юзлаб махсус хизмат ходимлари, мусулмон оилаларнинг ҳонадонларига бостириб кирди, уларнинг мол-мулклари талон тарож қилинди, бир қанча инсон қўлга олиниб тергов қилинди, қийноқлар қўлланилди ва ҳеч қандай айблов эълон қилинмасдан қамоққа ташланди.

 Бугун Ўзбекистонда 18 мингдан ортиқ сиёсий ва диний маҳкум ҳали ҳам қамоқда қолмоқда. Мухолифларнинг ва диндорларнинг қамоқ жазосига ҳукм қилиниши билан қаноатланмасдан қамоқхоналарда систематик тарзда қийноқлар қўлланилмоқда.

 Каримовнинг 27 йил давомидаги зўравонликка асосланган бошқарувидан, унинг ўлимидан сўнг холос бўлишга умид боғлаган ўзбек халқи аксинча зулмнинг иккинчи босқичига дуч келди. Сўнги 20 йил мобайнида Ўзбекистонда сиёсий босимлар ва иқтисодий сабаблар туфайли ҳорижга кетган, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганларнинг сони 8 миллиондан ошди. Бу рақам Норвегия каби бир давлат аҳолисининг салкам икки баробарига тенгдир.   

2016 йил 4 декабрь куни Президентлик сайловларининг бўлиб ўтиши эълон қилинди. Аммо бу сайловларда ўзбек мухолифатининг иштирок этиши таъқиқланди ва қатнашиш имкони борларига эса амалда тўсиқ қўйилди. Бутун бу маълумотлардан келиб чиқиб, биз Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сифатида дунё ҳамжамиятини собиқ коммунистларининг тузоғига тушмасдан, Ўзбекистонда адолатли сайловларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун зарур бўлган халқаро ташаббусларни амалга оширишга ва ўзбек мухолифатининг ҳуқуқий курашини дастаклашга чақирамиз. Шу нуқтаи назардан:

1.Биринчи навбатда сиёсий қарашлари ва диний эътиқоди туфайли қамоққа ташланганлар ва ҳукм қилинганлар, ҳеч қандай шартсиз озодликка чиқарилиши шарт. Биз диний эътиқоди ва сиёсий қарашлари туфайли қамалганларнинг ёки озодликдан маҳрум қилинганларнинг авф қилинишини эмас, бутунлай оқланишини, ҳақ-ҳуқуқлари тикланган ҳолда озодликка чиқарилишини талаб қиламиз. Уларнинг авф қилинадиган ҳеч қандай айби йўқ.

2. Каримов даврида сургун қилинган сиёсий мухолифат лидерларининг ва мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлган 8 миллион ўзбек фуқароларининг Ватанга қайтишлари таъминланиши керак.

3. «Миллий консенсус» тамалига асосланган янги бир бошқарувнинг фаолият бошлаши учун халқаро ташкилотларнинг кузатувида маҳаллий, умумий ва Президентлик сайловлари ташкил қилиниши лозим. Ўзбек халқининг деярли 30 йиллик босим ва зулмга асосланган режимга энди тоқати қолмаганлигини бутун дунё ҳамжамияти билмоғи керак.

Шавкат Мирзиёевнинг Конституцияни оёқ ости қилиб, Президентлик курсисини эгаллаши ва зулмни кучайтириши каби ҳуқуқсизликлар, мухолифат учун бошқарувга қарши курашнинг энг радикал шаклларини ҳам машру (қонуний)ҳолга олиб келди.

Бундан сўнг бўлиши мумкин бўлган катаклизмалар учун жавобгарлик Конституцияни бузиб, тўнтариш йўли билан иқтидорга келган ноқонуний ҳокимиятнинг зиммасидадир.

5 Ноябр 2016