Алхабат ғазоти

Алхабат ғазоти
26 views
08 November 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 110

(давоми)

АЛХАБАТ ҒАЗОТИ

Тарихи ҳижратнинг саккизинчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч юздан ортиқроқ бир бўлук аскарга Абу Убайда ибн Жарроҳни бошчи қилиб Мадинадан беш кунлик узоқликдаги Қизил денгиз бўйидаги Жуҳайна қабиласига юбордилар.

Шу йили ёмғир етарлик ёғмаганидан халқ ичида қаҳатчилик ҳам бор эди. Аскар озуғи учун егулик бир неча саноч (халта) Мадина хурмосидан бошқа ортиқча нарса топмадилар. Борган жойларида йўл тўсиб узунроқ туриб қолишга тўғри келди.

Мадинадан олган озуқларини еб тугатдилар. Энг кейин шу ҳолга етишдиларким, бошчилари Абу Убайда аскарга хурмони бир донадан улашур эди.

Буни ҳам ейишиб тугатгандан сўнгра, ҳеч нарса қолмагач, очликка чидаёлмай самур дарахти (хабатни) япроғини едилар.

Шундай қийинчиликка қолишган чоғда денгиз тўлқини бир улуғ балиқни четга чиқариб ташлади. Уч юздан ортиқ аскар, йигирма кунга яқин шу балиқни ейишдилар.

Кундан-кунга қувватланиб, танлари соғлом бўлди. Гўштни ейишиб, ёғи билан баданларни мойладилар.

Бу балиқнинг катталиги шундайким, бунинг кўзи ичига оқиб йиғилган ёғни катта косалар билан қудуқдан сув олгандек олишар эди.

Абу Убайда буюрдиким, анинг бир дона қовурғасини олиб ерга ётқизинглар. Сўнгра туя минган бир новча киши шунинг эгилган жойидан энгашмасдан ўтиб кетди. Бу сафарда йўл тўсиб қанчалик кўп турсалар ҳам, душманга йўлиқишмадилар.

Сўнгра Расулуллоҳнинг рухсатлари билан Мадинага қайтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам балиқ воқеасини эшитгач:

«Бу балиқни сизларга ризқ қилиб Аллоҳ таоло денгиздан чиқармишдур. Андин бирор бўлагини келтирган бўлсанглар, менга ҳам едиринглар, деб сўрадилар.

Аскар ичида ўшал балиқдан сақлаган кишилар бор эди, дарҳол уни келтириб бердилар.

(давоми бор)