Макка шаҳрининг фатҳи

Макка шаҳрининг фатҳи
66 views
11 November 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 111

(давоми)

МАККА ШАҲРИНИНГ ФАТҲИ

Ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг ўнинчи куни Макка фатҳининг сафарига чиқдилар. Аллоҳ таоло ҳаёт оламида, бир ишни қилмоқчи бўлур экан, энг аввал анинг сабабларини тайёрлағусидир. У ишнинг тўсқинликлари ўртадан кўтарилгандан кейин, албатта, уни вужудга чиқаргусидур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни билур эдиларким, Ислом динини бутун дунёга тарқатмоқ учун аввал замонлардан бери тарқоқлик ҳолда яшаб келган араб қабилаларини бир нуқтага йиғмоқ керакдур. Бу мақсадни амалга ошириш учун энг аввал Қурайш қабиласини бўйсиндирмоқ лозимдур. Буларнинг итоатга келиши Макка шаҳрининг фатҳ бўлишига боғлиқдур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларида бу орзу бўлса ҳам, ўтган Ҳудайбия сулҳи, бу ишга тўсқинлик қилур эди. У аҳдномада ёзилмиш шартлар ўртадан кўтарилмай туриб, Қурайшга уруш очмоқ мумкин эмас эди. У аҳднома бўйича қайси томонга қўшилишга ҳар ким ихтиёрлик бўлгани учун, Хузўа Расулуллоҳга, Бани Бакр қабиласи Қурайшга қўшилмиш эдилар. Бу икки қабила у қўшилган икки қабила билан уруш-ярашда бир иттифоқ бўлишга қаттиқ аҳд-паймон қилишган эди. Қайси бирларига бошқалардан ҳужум бўлур эрса, ҳар икковига бўлди демак эди.

Ислом дини келмасдан илгарироқ Хузўа қабиласи билан Бани Бакр қабиласи ораларида хун даъвоси бор эди. Бу орада Ислом дини даъвоси кўтарилиб, қабилачилик каби чакана ишларни унутмиш эдилар.

Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия сулҳи тузилгандан кейин эл ичи тинчланиб, йўллар очилиб эрди, яна араб эски одатларини қўзғагали турдилар.

Бани Бакр қабиласи Хузўа қабиласидаги эскидан қолган қон қасосимизни олғаймиз деб, қўзғолон қилдилар. Аларнинг иттифоқдошлари Қурайш қабиласи ҳам буларга яширин равишда аскар қўшмоқчи бўлди. Ҳеч бир ишдан хабари йўқ бемалол ётган Хузўа қабиласини кечалаб босиб, алардан йигирмага яқин кишини ўлдирдилар.

Бу воқеа содир бўлгач, Расулуллоҳнинг иттифоқчилари Хузўа қабиласи ўз раисларидан Амр ибн Солим қўл остида бир ҳайъат ташкил қилиб, Расулуллоҳга бу ишдан хабар бердилар. Ҳайъат келмасдан илгариёқ бу ҳодиса Худо тарафидан билдирилган эди. Онамиз Ойшани бу сирдан воқиф қилиб, сафар асбобини тайёрлаб турмоққа буюрган эдилар. Орадан уч-тўрт кун ўтар ўтмас Хузўа элчиси Амр ибн Солим йўлдошлари билан масжид эшигига келиб тўхтади. Араб одатича ачинарлик, таъсирлик шеърлар ўқиб, душманларидан кўрган мусибатларни баён қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансор ва муҳожир саҳобалар билан масжидда ўлтирган эдилар. Унинг ўқиган шеъридан таъсирланиб, муборак кўзларига ёш келди, сўнгра айтдилар:

— Эй Хузўа халқи, сизларга ёрдам еткизмакни албатта ўз устимга олурман. Ўзимни душмандан қандоқ сақлар эрсам, сизларни ҳам шундоқ сақлагайман. Аллоҳ оти билан қасам қилурманки, ўз оиламни ҳимоя қилгандек, сизларни ҳам ҳимоя қилурман.

Бу воқеа бўлгандан кейин Қурайш халқи билдиларким, бу қилган ишлари очиқ хиёнат бўлиб, ўртада тузилган аҳднома шартларини бузиш демакдир. Иш бўлиб ўтгандан кейин фойдасиз ўкинишлар қилишиб, охирида шундай қарорга тўхташдиларким, бу ишни тузатмоқ учун Абу Суфён Мадинага бориб, ўртадаги аҳдни янгилаб, вақтини яна узунроқ қилгай. Шу мақсад билан Абу Суфён Мадинага келиб ўз қизи Умму Ҳабиба уйига тушди, бу эрса Расулуллоҳ никоҳига кирмиш эди. Қизи билан кўришгандан сўнгра, Расулуллоҳнинг тўшаклари устига ўлтирмоқчи бўлди. «Бу жойга мушриклар ўлтириши лойиқ келмагай», деб онамиз Умму Ҳабиба тўшакни йиғиб қўйди. Сўнгра онамиз Умму Ҳабиба Абу Суфён у ердан чиқиб, масжидда ўлтирган Расулуллоҳ олдиларига келиб ўз мақсадини гапирди.

Анда Расулуллоҳ:

— Аҳдимиз бузилғудек ҳодиса бўлдими? — деб ундан сўрадилар.

Абу Суфён:

— Андоқ иш йўқдур, — деб жавоб берди.

— Йўқ эрса, аҳдномани бошқадан тузмоқнинг нима ҳожати бор? — деб сўзини кесдилар.

Лекин Абу Суфён шу бўлиб ўтган Хузўа воқеасидан хабари йўқ кишидек бўлиб, ундан оғиз очмади ва Расулуллоҳга бошқа сўзлашга ҳам журъат қила олмади. У ердан туриб, саҳобаларнинг улуғлари Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али ва бошқалар билан кўришиб, ўз мақсади учун улардан ёрдам сўраган эди, барчалари Расулуллоҳ билур, деган жавоб қайтардилар.

Бир неча кун Мадинада туриб, ҳеч иш битира олмай, ночор Маккага қайтиб кетди. У боргач, Қурайш халқи: «Сен Мадинага бориб яширин равишда мусулмон бўлиб, Муҳаммадга сўз бериб келдинг», деб Абу Суфёнга туҳмат қилдилар. Энг охири бутлари олдида уларга қасам ичиб бериб, аранг қутулди.

Абу Суфён кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина атрофидаги бутун қабилалардан аскарга чақирдилар. Лекин қайерга боришларини ҳеч кимга айтмадилар, сир тутдилар. Бул сирни уч-тўрт кишидан бошқа ҳеч ким билмаган эди. Бундан мақсадлари эрса, Ҳарамда уруш бўлиб, қон тўкилмасдан Макка халқини итоатга келтириш эди, мумкин қадар Ҳарам ҳурматини сақлашга чора кўриш эди. Шунинг учун Қурайш халқини ғафлатда қўйиб, тўсатдан босиб олишни лойиқ топдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги сўз билан атрофга жарчилар юбориб, чақириқ қилдилар: «Ҳар ким Аллоҳга, қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, шу Рамазон ойида Мадинага ҳозир бўлсин». Бу буйруқ ўтгандан кейин Мадина атрофидаги ушбу беш қабила — Аслам, Ғифор, Музайна, Ашжаъ ва Жуҳайнадан аскар йиғилиб келди. Бутун аскар тўпланиб бўлгач, Расулуллоҳ шундай деб дуо қилдилар: «Эй бор Худоё, Қурайш жосусларининг кўзларини боғла, уларга ҳеч бир хабар етказма».

Бу дуолари ижобат бўлиб, хабарлар англанмай, душманларнинг кўзлари ҳеч нарсани кўрмай турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ҳозирлигини кўриб йўлга чиқиш олдидан Ҳотиб ибн Абу Балтаъа деган бир саҳоба бу воқеани баён қилиб, Қурайшга хат ёзди. Бир хотун киши топиб анга топширди. Агар бу хотун хатни уларга етказур эрса, бирор нарса ҳадя қилмоққа ваъда берди. Хотун хатни олгач, сочи орасига яшириб йўлга чиқди. Бирор манзил юргандан кейин Расулуллоҳ бу ишдан ваҳий орқалик хабар топдилар. Ҳазрати Али билан Ҳазрати Зубайрни чақириб, уларга буюрдиларки:

— Шу ҳозирда Макка йўлидаги Хоҳ бўстонига боргайсизлар. Ўша жойда Маккага кетаётган бир хотун кишига йўлиқарсиз. Шу хотунда Қурайшга ёзилмиш хат бор, уни келтиринглар.

Бу икковлари чопганларича бориб, Расулуллоҳ айтган жойларидан у хотунни топдилар. Хатни сўраб эдилар, ул хатни кўрганим йўқ, деб тонгали турди. Хуржунларини ағдариб кўриб тополмадилар. Анда Ҳазрати Али:

— Қасам қилурманки, Расулуллоҳ сўзлари чиндур, хат борлигида ҳеч гумонимиз йўқдур.

Агар ўз ихтиёринг билан чиқариб берур эрсанг, биздан қутуларсан, йўқ десанг, ул чоғда сени яланғоч қилиб, хатни топиб олгаймиз.

Бу сўзни англагач, хотун қўрққанидан сочи ўрамларига яширган хатни чиқариб берди. Хатни келтириб Расулуллоҳга топширдилар. Қарасалар, бу хатда Расулуллоҳнинг аскар билан Маккага боришларини Қурайшга ёзилмишдур. Бу иш эрса сир тутилганликдан уни душманга ёзмоқ мусулмон кишига улуғ жиноят эди. Хат ёзгувчи Ҳотибни чақириб сўрадилар:

— Бу нима қилганинг?

Анда ул:

— Ё Расулаллоҳ, менинг бу қилган ишимда шошмагайсиз. Мен Аллоҳга ва унинг пайғамбарларига иймон келтирган кишидурман, шу йўлдан чиқмадим, динимдан қайтмадим. Лекин ўзим Қурайш уруғидан эмасман. Алар ичида оилаларим бордур, ўзим ҳижрат қилиб Мадинага келганимда уларни қолдириб чиқмиш эрдим. Қурайш ичида мени оиламни ҳимоя қилгувчи қариндош-уруғларим йўқдур. Мендан бошқа Маккадан келган муҳожирларнинг ул жойда талон-булондан сақлагувчи қавму қариндошлари кўпдир.

Шунинг учун, Ё Расулуллоҳ, Қурайшга шу хатни ёзиб, хизмат қилур бўлсам, бунинг орқасида қолган нарсаларим сақланиб қолгайму деб, шу ишни қилдим.

Анда Ҳазрати Умар:

— Ё Расулаллоҳ, бу киши Худога ва унинг Пайғамбарларига хиёнат қилди. Шу иш билан ўзининг мунофиқ эканини билдирди. Рухсат қилинг, бунинг бўйнини узиб, бошқаларга ибрат қилай, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу киши ўзи Бадр аҳлидан эрур, ростини сўзлади. Бадр аҳлининг гуноҳларини кечмакка Аллоҳдан ваъда бўлмишдур. Унинг бу гуноҳи Аллоҳ олдида кечирилмаслигини қайдан билурсан? — дедилар.

Ҳазрат Умар Расулуллоҳдан бу сўзни англагач, кўзига ёш олиб, инсон хиёнатини бу даража сақлаганларини кўриб ҳайрон қолди. Йўқ эса, сиёсат оламида энг оғир кечирилмас жиноятнинг бири шул эди. Негаким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ёққа хабар етмасин учун Макка йўлларини тўстириб, бутун ўтиш йўлларига қоровул қўйган эдилар.

Учар қушдан бошқа кишининг у томонга ўтиши мумкин эмас эди. Шуни билатуриб, бу хиёнатни қилган кишининг гуноҳидан улуғроқ ҳеч гуноҳ йўқлиги аниқдур. Шундоқ бўлса ҳам яна унинг гуноҳини кечирдилар.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка сафарини кўзлаб, ўн бешинчи Рамазонда йўлга чиқдилар. Атрофдан йиғилиб келган қуроллик аскарларга Мадинадаги саҳобалар қўшилиб, сонлари ўн мингга етди.

(давоми бор)