Манзилимга келиб, уйқуга кетдим…

Манзилимга келиб, уйқуга кетдим…
33 views
12 November 2016 - 7:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(22)

1-рақамдан мобаъд

Халил ар-Раҳмон шаҳридан Қуддуси шарифғача тош тўшалган каф(т)дек мусаттаҳ* аъло катта бир йўл бўлуб, тарафайн аксар афилсун, узум, анжир, зайтун ва бошқа мевалик дарахтлар ила тўладур. Тарафайн тоғлик бўлуб, Қуддус ва Байтуллаҳмга яқин ерлардаги боғчаларнинг баъзисини Амрико ва Оврупо насоро бойлари сотиб олиб, Оврупо усулинда аъло қасру иморатларни этибдурларки, яна бироз муддатда бу боғчалар тамоман Оврупо ва Амриконинг халқиға ўтуши муқаррардур.

Тўрт тарафи тоғлик ва тошлик ерларда юз минглар сўм масориф* қилиб, овруполилар тарафидан қасру кўшклар солингони бу даъвони(нг) далилидур. Йўл ҳозирлангон қайси кун бир Оврупо ширкати трамвай юргузуб, завворлардан* яхши фойда этар. Халил ар-Раҳмондан Қуддусға қараб 5-6 чақирим юрдук. Мунда тоғ парчасидан иборат бир тепанинг ёнида тошға қозилгон бир неча мағоралар* бўлуб, одам эмаклаб киратургон кичик оғзи бордурки, қадим замон одамларинннг хонау маконлари эмиш. Бу мағораларни(нг) орқа тарафинда бир неча қабр аломатлари борки, Намруд замонидан қолган дерлар.

Йўлда бир-икки ерда шифохона ва чойхоналар бордур. Йўлнинг каноринда бир-икки ерда насоро зиёратгоҳлари бўлуб, анда олий калисолар солиниб, одатан ҳар бири оврупойи бир катта қасаба ёинки кичик шаҳар ҳукмини олибдур. Халил ар-Раҳмоидан 11 чақиримда турк султони Сулаймон Қонуний тарафидан 3-4 тапоб ерни тутган ва баландлиги 8-10 газлик мустаҳкам тошдан бир қалъа бўлуб, анинг жаворинда* тошдан бир таноб қадарина катта бир ҳавз бино қилинибдурки, вақтинда турк аскарлари турар экан. Ал-он* бўш ва ҳануз қалъа маҳкам ва ҳатто, кунгира ва зийнатлари ериндадур. Яна бироздан сўнгра бир тоққа келдукки, христёнлар муни Макони Хизр деб зиёрат қиладурлар.

Мундан нар(и)роқ модари Юсуф алайҳиссалом ҳазрати Роҳиланинг зиёратгоҳидур. Мунинг ул тарафинда Юнус алайҳиссаломнинг зиёратгоҳлари борки, буларни зиёрат, дуои фотиҳа қилдук. Ва Халил ар-Раҳмондан 30 чақирим қадар юруб, Байтуллаҳм шаҳриға кирдук. Шаҳар тоғ ва қумлик, сувсиз ва оризалик* бир ерда бино бўлуниб, кўчалари тор ҳамда эгри-бугри қадим замон шаҳридур. Шаҳарда шаъшаълик* суратда бир неча калисо ва бир ҳукумат қўноғи ва бир неча мағоза* бўлуб, садафкори савғойи кетадурғон нимарсалар сотилур. Мағозаларинда ерли нимарсаларни баъзан бирда ўн дафъа қиммат баҳо қўярлар. Бу шаҳарда беш-олти минг араб халқи бўлуб, ярмидан зиёдаси насоро ва бошқаси мусулмон бўлуб, барчаси салла ва жубба* ила юрар. Мағозадагилар ҳар бир тилни оз-оз биладурлар.

Халқининг иши садаф тарашламоқ бўлуб, садафдан тасбиҳ, салиб, ҳалқа, ҳилол ва юлдуз, қути, шамдон, қопчуқ, попирусдон, албўм, муқова, табоқ, қошуқ, тасвири салиб Масиҳ[1], узук, аёл, бола ва эрлар учун тугма ва ҳар навъ зийнату ярашиқ катта ва кичик асбоб, хулоса, минг нав нимарса ясайдурлар. Ва ер юзидан келатургон мусулмон ва насоро завворлари туҳфа учун олиб кетарлар.

Садафлар Ҳинд ва Аммон тарафидан, аввалан, Италияға кетиб, анда аълолари ажралиб, иккинчи даражадагилари мунда келиб, айтулгон асбоблар тайёрланадур. Андаги садаф тасбиҳ ва асбоблардан бож ила Туркистонда келтурулганда ва фириб емасдан биринчи қўлдан олинганда, юзда йигирма ва баъзи молдан юзда қирқ фойда қилмоқ мумкиндур. Шаҳарни ва садаф устахона ва мағозаларини юруб, баъзи туҳфалар олиб, бир майдончаға чиқдукки, анинг бир тарафинда мағозалар ва бир тарафинда ҳукумат қўноғи ва ниҳоятинда катта бир иморат бордур.

Иморатни майдонға қараган жабҳа* эшигини, билмайман, на сабаб учун юқори нисфи* бир келгандурки, хам бўлуб кирдук. Ки мунда катта ва олий, деворлари мунаққаш ва зийнатлик бир масжид бино қилингандур. Узунлиги 60, эни 40 газ бўлуб, усти хейле баланд ва 44 дона аъло ва музойиқлик* мармар стун сақфини кўтариб турубдур. Ери тош бўлуб, ал-он бўш, фақат бир неча қандиллар осилгандур. Мундан бир эшик ила бошқа бир хонақоҳға ўтдукки, эни 30, тўли 60 газ қадар бўлуб, кўп бино қўюлгандур. Мунда кўп қандил ва ададсиз зайтун чироғлари ва зийнатлик овизалар қўюлуб, мунинг бир тарафинда тоқ(и)дек бир жой қилиниб, анда кеча ва кундуз минглар ила зайтун чироғи ва шамъ ёқилиб турурки, бул ҳазрати Исойи Масиҳнинг туғулгон маҳалидур, дерлар.

Бу иморатда ҳар навъ икон ва тасвиротлар қўюлуб, мукаммал насоро калисосининг ичидекдур. Бу сумъанинг* ичида ва ост табақаси ва ер остинда баъзи кичкина ҳужралар ҳам бўлуб, анда ҳам тасовир ва чироғлар қўюлгандурки, кечаю кундуз чироғлари ўчмай, насоро роҳиб ва шайхлари қарашадурлар. Ушбу сумъа, тўғриси, калисо доимо очиқ бўлуб, турк аскарлари тарафидан атрофинда қоровул ва ичинда ҳам бир суффа устинда доимо икки турк аскари милтиқ бадаст тик туруб ва ҳар соат навбат олишдурмоқдадурлар.

Бу олий иморатларнинг биринчи бонийси ҳазрати Умар бўлуб, иккинчиси Халифа Абдумалик бин Марвон дерлар. Ушбу бино кўп метин ва чидамлик бир суратда мармардан бино қилингандур. Девор ва стунлари тамоман қозма ва қабартма, араб услубинда музойиқлар бўлуб, кўп бино қўюлгон ва мармар стун бошлиқлари кўп зийнатликдур.

Мунда ҳар ким ўз хоҳиш ва одати диниясинча зиёрат ва ибодат қилар, Зиёратидан сўнгра яна шаҳарни кезиб, аввалги аробамизға ўлтуруб, шаҳардан бошқа йўл ича чиқдук. Шаҳар атрофинда мармар тош маъданлари бўлуб, бир қисм халқ, ер остидан тош чиқориб, иморат учун йўнмоқдадур. Шаҳар атрофинда кичик мева боғчалари бўлуб ва баъзи боғчаларни яна Оврупо ва Амрико давлатликлари эгаллаб, баъзисинда юз минг сўм туратургон олий тош бинолар солибдурлар.

Қуддус ила Байтуллаҳм ораси 8 чақирим бўлуб, бир-бириға яқин боғча ва бинолар кўп ва арода бир-икки дайр (насоро монастири) бордур. Бу орада доимо эшак ва ҳар навъ киро аробалари юруб, заввор тошимоқдадурлар.

23 саратон ойи саҳар зиёрати Халил ар-Раҳмон ва Байтуллаҳм учун Қуддуси шарифдан чиқилиб эди. Ўшал куни мазкур маҳаллаларни юруб, зиёрат этиб, ғуруб* вақтида яна Қуддусдаги манзилимға етдим. Бироз истироҳат этиб, Қуддусни оқшом ҳаётини кўрмоқ учун чиқдим. Қўчаларда «лукс» маҳтоби* ланпалар ёниб, озроқ аробалар бордур. Бир таомхонаға кириб, ғизо* этдимки, анда масакарот* йўқ, фақат машруъ* нимарсалар бор. Қиморсиз қарта ва шатранж ўюни-да мавжуд бўлуб, кўп кишилар мунга оғуштадур*. Маданият одатларидан театр ва синаматоғраф-да мавжуд эканки, кирмадим. Бу пайғамбарлар шаҳриға мундай нимарсани(нг) бўлмаслигини кўнгилни тилагани ажибдур. Ма фиййаҳи* шаробхона ва ҳар нимарса бор эмиш.

Синаматўғрафни эга ва хизматкорлари араб ва ибрий созларини чолғувчиларни(нг) ҳамаси яҳудий экан. Театриға арабий, иброний, франсавий, немис тилларда ривоят-пьесалар қўюлур экан. Азбаски, мазкур тиллар халқидан мунда кўбдур. Фаластин араблари ҳам Миср арабларини сабаби ила театрчиликка бироз майл қилибдурлар. Театр пиесаларини ривоят атаб, қадим ва жадидлари яхши кўз ила қарар эмишлар.

Синаматўғраф ила мен турган ўтел орасинда овруповорий кенг ва мунтазам бир йўл бино қилиниб, тарафайни ланпалар ила мунаввар ва мунинг ўртасинда ҳукумат қўноғи ва ани жаворинда темур панжаралик аъло бир боғча ва сайронгоҳ бино қилингандурки, инсон мунда ўзини бир Оврупо шаҳриға кўрар.

Бу катта йўл руслар бино этган «Маскубия» қалъасини олдидан ўтар. Бу йўлнинг икки тарафинда овруповорий катта мағоза ва ўтел ва дўконлар бўлуб, тарафайинға соя учун дарахтлар ҳам ўтқурулубдур. Маҳтобий ланпалар зиёси ила юруб, манзилимға келиб, уйқуға кетдим.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж. 1915 йил,
2-сон, 26-30-бетлар.

(Давоми бор)

*
Мусаттаҳ – текис, ясси
Масориф – исрофгарчилик
Заввор – зиёратчи меҳмон
Мағора – ғор
Жавор – ён, атроф, қўшнили
Ал-он – ҳозирги пайтда
Оризали – сунъий ўрмон; бахтсизлик
Шаъшаълик – шуълавор, ярқираган
Мағоза – магазин, дўкон
Жубба – кенг, узун тўн
Жабҳа – томон, олд
Нисоф – ярим
Музойиқ – зич, сиқиқ, тор
Сумъанинг – ибодатхона
Ғуруб – кун ботиш
Маҳтоб – ойдин
Ғизо этмоқ – овқатланмоқ
Масакарот – тақиқланган
Машруъ – шариат йўл қўйган
Оғушта – банд бўлмоқ
Фий-йа – ҳолат

[1] Тасвири салиб Масиҳ — хочдаги Исо тасвири.