Ислом аскарининг шон-шавкатини кўрсин…

Ислом аскарининг шон-шавкатини кўрсин…
70 views
15 November 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 113

(давоми)

Шунчалик кўп аскар устиларига етиб келгунча, Макка мушриклари бу ишдан хабарсиз қолдилар. Чунки Расулуллоҳнинг бу тўғрилик қилган дуолари қабул бўлмиш эди. Энди бу манзилга аскар келиб тушгач, Пайғамбаримизнинг амакилари Ҳазрати Аббос Расулуллоҳнинг хачирларини миниб Макка йўлига чиқди. Бундан мақсади, бирор киши кўринар эрса, Қурайшга хабар айтиб уни киргизмоқчи эди. Токи уларнинг раисларидан бир нечалари келишиб, Расулуллоҳдан омонлик сўрасинлар. Шуни ўйлаб кетаётганларида олдидан икки кишининг қораси кўринди. Бунинг бириси Қурайш раиси Абу Суфён бўлиб, иккинчиси эрса, бу ҳам раислардан Будайл ибн Варқоа деган киши эди.  

Кеча қоронғусида юзлари кўринмаса ҳам товушларидан булар танилмиш эди. Мадина томонидан бирор хабар англамоқ учун йўл тўсиб Маккадан чиққан эдилар. Бу жойга келганда сонсиз ерга ёқилган аскар ўтини кўриб, ҳушлари учиб, қараб туришган эди.

Абу Суфён ҳайрон қолиб:

— Ҳой, булар ким бўлди экан? Арафотга йиғилган ҳожилардек ёққан ўтлари кўп кўринади. Душманимиз Ҳузўа қабиласи бўлғайму десам, улар бўлса бунчалик кўп аскарни қайдан олғайлар? — деб турганида, Ҳазрати Аббос йўлнинг у ёғидан туриб, Абу Суфённи чақирдилар. Бу иккови эрса бир-бирларига оғайни-улфат эдилар. Абу Суфён бунинг товушини эшитиб таниши билан чопганича келиб:

— Ота-онам сенга фидо бўлсин, бу нима ишдур?— деб сўради.

Анда Ҳазрати Аббос:

— Ҳой Абу Суфён, сенинг хабаринг йўқми, мана Расулуллоҳ киши кўрмаган қалин, кўп аскарни устингга келтирди, — деб эди, бу сўзни англаши билан араб одатича «Ҳай Қурайш, хароб бўлдик» деб қаттиқ қичқириб юборди.

Сўнгра Абу Суфён:

— Эй Аббос, ота-онам сенга фидо бўлсин, бунинг чораси нимадур? — деди.

Анда Ҳазрати Аббос:

— Нима иш бўлғуси, бошингга энг қўрқинчлик кун келди. Мана, Расулуллоҳ кўрурсанким, қалин, кўп аскар келтирмишдур. Бу кеча тонг отиши билан Қурайш халқига қирғин келур. Агар бу йўлда қўлга тушар бўлсанг, дастлаб сенинг бўйнинг узилур, — дедилар.

Абу Суфён қўрққанидан:

— Эй Аббос, менинг чорам энди на бўлғай? — деб ёлворгали турди.

Анда Аббос:

— Сенинг чоранг шу бўлғайким, агар орқамга мингаштириб Расулуллоҳга етказа олсам, сен учун омонлик олур эдим. Энди бундан бошқа чора йўқдир, — деб от орқасига уни миндириб, Расулуллоҳ чодирларига қараб юрди. Йўлдошлари эса бу ҳолни кўришиб, уларни қўрқинч босди. Нима қилишларини билмасдан, ночор бу ишдан Қурайшга хабар бергали Маккага қайтдилар.

Ҳазрати Аббос Абу Суфённи мингаштириб келаётганда Ҳазрати Умар чодири олдидан ўтишга тўғри келди. Бу кечанинг қоровуллиги эрса, у кишининг гезаги (гали) эди.

Расулуллоҳ хачирини минган Ҳазрати Аббосни таниган бўлса ҳам, мингашган кишининг ким эканини билмак учун «тўхта» деб қичқирди. Келиб қараса, Абу Суфён экандур.

Буни кўргач:

— Алҳамдулиллоҳ, сен Худо душмани шартсиз энди қўлимга тушдинг, — деб улар орқасидан Расулуллоҳ чодирларига қараб югурди. Буни кўриб Ҳазрати Аббос ундан илгарироқ Расулуллоҳ устиларига кириб борди. Булар орқасидан ета келиб, Ҳазрати Умар ҳам кира солиб:

— Ё Расулаллоҳ, куфр бошлиғи, Худо душмани, Абу Суфён шартсиз қўлимга тушди.

Рухсат қилинг, бошини кесиб ташлайин, — деди.

Анда ҳазрати Аббос:

— Ё Расулаллоҳ, мен Абу Суфёнга омон бердим ва сиздан омонлик олиб бермакка ваъда қилдим, — деб ани қўриқлаб Расулуллоҳ олдиларига ўлтирди. — Бу кеча Абу Суфённи ўзим сақлайман, бошқага бермагайман, уни менга топширинг, — деди.

Бу икковлари Абу Суфён тўғрисида анчагина сўзга келишдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шошилмай ўлтириб, охири айтдилар:

— Эй Аббос, сен буни ўз чодирингга элтиб сақлагил, эрта билан яна келтиргайсан. Бу сўз билан Ҳазрати Аббос Абу Суфённи ўз чодирига элтиб сақлади. Тонг отиши билан, уни яна Расулуллоҳ чодирларига келтирдилар. Расулуллоҳ уни кўрди эрса:

— Эй Абу Суфён, ҳали ҳам Исломни қабул қилғудек ҳолга келмадингми? Аллоҳни бир билиб, мени унинг Пайғамбари деб ишонишга вақт етмадими? — дедилар.

Анда ул айтди:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, шундоқ улуғ ахлоққа сизга ўхшаб ҳеч ким эга бўла олмагай. Лекин бу иш ҳақида шу кунгачалик кўнглимда яна гумоним бордур.

Ҳазрати Аббос бу сўзни англаши билан:

— Эй шўрлик киши, ўз жонингга жабр қилма, тирикликдан умидинг бўлса, бўйнинг узилиб ерга тушмасдан илгарироқ бу ишга иқрор қилиб, Расулуллоҳ сўзларини қабул қилгил, — деди.

Ул ҳам ўзга чора тополмай, тил учида бўлса ҳам шаҳодат айтиб, иймон келтирди.

Зоҳирга қараб, Расулуллоҳ ҳам қабул қилдилар. Сўнгра ҳазрати Аббос:

— Ё Расулаллоҳ, Абу Суфён эрса ўзи мақтанчоқ, гуйрангроқ бир киши эрур. Халқ ичида бу кишига бир обрў бўлгудек бирор иш қилур бўлсангиз, кўп яхши бўлур эди, —  дедилар.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Ҳукм шулдурки, Абу Суфён қўрасига кирганлар омондир, яроқ-қурол кўтармаган кишилар омондур, уйидан чиқмаганлар эшик очмаганлар омондур.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Аббосга буюрдиларким, тоғ ташидаги тор йўл устида Абу Суфённи тўхтатиб тургил. Бутун Ислом қўшинлари бунинг олдидан ўтсинлар. Ислом аскарининг шон-шавкатини кўзи кўрсин.

(давоми бор)