Макка шаҳри фатҳ бўлиб, шаҳар ичига кирдилар…

Макка шаҳри фатҳ бўлиб, шаҳар ичига кирдилар…
67 views
17 November 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 114

(давоми)

Шунинг билан Расулуллоҳ деганларидек, Абу Суфённи элтиб йўлнинг тор ерига тўхтатиб қўйди. Ҳар қабила ўз туғи остида аскарлар билан унинг олдидан ўтар эдилар. Ўтган чоғларида Ҳазрати Аббосдан: «Бу қайси қабила бўлар?» деб сўрар эди.

Шундоқ қилиб, бутун қабила аскарлари Абу Суфён олдидан ўтиб бўлдилар. Энг сўнгида темир совутлар ичида кўмилган, бошларидан дубулға, туғу байроқ кўтарган муҳожирин ва ансор саҳобалар ўтдилар. Абу Суфён буларни кўрганда шошиб қолиб:

— Субҳоналлоҳ, эй Аббос, булар кимлардур? — деб сўради.

Ҳазрати Аббос:

— Булар эрса Расулуллоҳнинг хос йўлдошлари — ансор ва муҳожирин саҳобалардур, ҳар вақт Расулуллоҳ шулар ичида бўлғайлар, — деди.

Анда Абу Суфён:

— Эй Аббос, қариндошинг ўғли Муҳаммад эрса дунёдаги кучли подшолардан бўлмишдир. Анинг аскари олдида ҳеч кимарса чидаб тура олмагай, — деди.

Анда Аббос:

— Эй Абу Суфён, бу ишни подшоҳлик демак хатодир. Балки Аллоҳ томонидан юборилмиш пайғамбарлик давлати эрур.

У ҳам бу киши сўзига қараб:

— Ҳа, шундоқ бўлса керак, — деди.

Сўнгра Ҳазрати Аббос унга қараб:

— Эй Абу Суфён, Расулуллоҳдан омонлик сўраб эрдинг, уни бердилар. Ислом шоншавкатини ўз кўзинг билан кўрдинг. Энди тезлик билан Маккага боргил, Қурайш халқига бу ишнинг қандайлигини тушунтиргил. Яна улар билмасдан Расулуллоҳга қаршилик кўрсатиб, ўз жонларига жабр қилиб, қирилиб кетмасинлар. Ўз қўллари билан ўзларини ҳалок қилмасинлар, — деди.

Абу Суфён бу сўзни англаши билан буни яхши айтдинг, деб чопганича халқ ичига келди. Товуши борича қичқириб:

— Эй Қурайш халқи! Мана Муҳаммад эрса чексиз кўп аскар билан устимизга келмишдир. Улар билан уруш қилмоққа ҳеч кимда тоқат йўқдир. Унинг айтишича, Абу Суфён саройига кирганлар омон қолғайлар, — дейиши билан, хотини Ҳинд унинг соқолига осилиб:

— Эй Қурайш халқи, бу аҳмоқ, чирик чолни ўлдиринглар. Буни кўринглар, уялмасдан душман қўшинига жарчи бўлиб келмишдир. Бунинг сўзига инонманглар, ўз номусинглар учун урушинглар, — деб фарёд қилди.

Анда Абу Суфён:

— Ҳой, тентак хотин, товушингни чиқара кўрма! Тезлик билан уйингга кириб, жим ўтиргил. Масжид ичига кирганлар омон топгайлар. Қурол топширганлар омон топгайлар. Эшик бекитиб уйидан чиқмаганлар омон топгайлар. Абу Рувайҳа туғи остига тўпланганлар омон топгайлар. Ҳаким ибн Ҳизом саройига кирганлар омон топгайлар, — деб халқ ичида чорлагани турди.

Энг сўнги айтилган Ҳаким ибн Ҳизом деган киши эрса, Қурайшдан чиққан атоғлиқ раислардан эрди. Жоҳилиятда бўлсин, исломиятда бўлсин, яхшилик ила номи кўтарилмиш эди.

Дўстликка кўнглини мойил қилмоқ учун Расулуллоҳ унинг ҳақида бу ишни қилдилар. Абу Рувайҳа эрса Мадинанинг ансор саҳобаларидан бўлиб, Ҳазрати Билолнинг дўсти эди. Бу улуғ шарафга ул ҳам эга бўлди. Бу сўзни англашлари билан бутун халқ жон ваҳмида қолиб, шу айтилмиш жойларга тарқалдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тубандаги номлари ёзилмиш шу тўққиз кишини қайерда бўлса ҳам ўлдиришга буюрдилар:

— Агар бу кишилар Каъба ёпуғига ёпишиб турсалар ҳам, қўймай ўлдирилсин, — дедилар.

Шунинг учунким, булардан Ислом аҳлига чекдин ташқари озорлар етган эди. Унутилмас беадабчиликлар улардан ўтган эди. Ана шуларнинг бириси Абдуллоҳ ибн Саъд деган кишидир.

Бу эрса илгари мусулмон бўлиб, бир неча вақт ваҳий ёзувчиси бўлиб турди. Сўнгра диндан қайтиб, муртадлигича Маккага қочган эди. Бунга ҳам қаноат қилмасдан Маккага келгач, Расулуллоҳ ҳақларида бир мунча туҳмат сўзлар чиқазди. Иккинчиси эрса, Икрима ибн Аби Жаҳл бўлиб, бунинг душманлиги Расулуллоҳга ота мерос эди. Макка фатҳи бўлганида қочиб кўринмай юрди. Хотини келиб, Расулуллоҳдан эри учун омонлик сўради. Омонлик берганларини аниқ англагач, Расулуллоҳ олдиларига келиб, иймон келтириб эди, ани ҳам кечирдилар.

Учинчиси Ҳаббор ибн Асвад деган киши эди. Бу эрса Расулуллоҳнинг қизлари Зайнаб Маккадан ҳижрат қилиб чиқаётганида уни тўсиб, йўлдан қайтармоқчи бўлган эди. Туя устидан туширмоқчи бўлиб, қўлидаги найзаси билан туртиб эди, тош устига йиқилиб, ҳомиладор бўлганидан унинг зарбига қорнидаги боласидан ажраган эди. Шунчалик оғир жинояти бўлса ҳам, қочиб юриб иймон келтиргандан кейин, бунинг ҳам гуноҳини кечирдилар.

Бу тўққиз кишидан тўрт киши ўлдирилди: Ибн Ахтал, Ҳорис, Мақис, Ахталнинг қўшиқчиси бир жория. Мақис эрса муртад бўлгандан сўнгра яна бир кишини ўлдириб, Мадинадан қочмиш эди. Ибн Ахталнинг икки қўшиқчи чўриси бўлиб, буларнинг қилар иши эрса Расулуллоҳга қарши соз чалиб, қўшиқ айтиш эди.

Яна Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайя, бунинг иниси Зуҳайр ибн Умайя, Ҳазрати Ҳамзани шаҳид қилган Ваҳший деган қул, Абу Суфён хотини Ҳинд — булар иймон келтиргандан сўнгра Расулуллоҳ уларни афв қилдилар. Яна Холид ибн Валидга ўз аскари билан тубанги йўл билан Маккага киришни, қарши чиқмаган кишиларга қилич кўтармасликни, йўл тўсиб қарши чиқувчиларга эса ўлим жазосини беришликни буюрдилар.

Холид ибн Валидга пастки йўл билан юришни буюриб, Расулуллоҳ ўзлари ансор саҳобалар билан Макка шаҳрининг юқориги йўли Кадў тоғини кесиб, шаҳарга кирмоқчи бўлдилар. Холид ибн Валид Маккага кираётганида Абу Жаҳл ўғли Икрима бошлиқ Қурайш оломонлари олдини олиб уруш бошладилар.

Бу ёқдан Ҳазрати Холид ҳамла қилиб, душмандин йигирма тўрт кишини ўлдириб, ўз аскаридан икки киши шаҳид бўлди. Буни кўргач, қолганлари тарқалиб қочдилар. Бу томондан Холид ибн Валид куч билан Маккага босиб кирган бўлса ҳам, Расулуллоҳ юрган йўлларида ҳеч ким қаршилик кўрсатмади. Расулуллоҳнинг амрларича шу куни Ислом туғи йўл устидаги Ҳажун тоғи устига қадалган эди.

Расулуллоҳнинг қизил қуббалик чодирларини илгарироқ келганлар шу жойга қуришиб, кутиб турмоқда эдилар. Чодирга тушиб озроқ дам олганларидан кейин шаҳар томон жўнадилар.

Расулуллоҳнинг ёнларида Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Фатҳ сурасини ўқиб келмоқда эдилар.

Рамазоннинг йигирманчи куни, саккизинчи ҳижрий йилда Макка шаҳри фатҳ бўлиб, жума куни эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ичига кирдилар.

(давоми бор)