Мирзиёев ҳукуматининг кремлпарастлиги очиқ тус олди

Мирзиёев ҳукуматининг кремлпарастлиги очиқ тус олди
186 views
18 November 2016 - 7:18

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати бундан буёғига Кремл чизган чизиқдан юришини БМТдаги овоз бериш жараёнида очиқча намойиш қилди.

2016 йил 15 ноябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг Учинчи қўмитасида “Қрим Автоном Республикаси ва Севастопол шаҳрида инсон ҳуқуқларининг аҳволи” резолюцияси бўйича овоз бериш жараёни ўтказилди. Ҳужжатда Россия Қримни босиб олган оккупант давлатлиги, Қрим Украинага қайтариб берилиши лозимлиги, ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Миссияси вакиллари, ҳамда бошқа халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларига Қримда мониторинг ўтказишга рухсат бериш кераклиги таъкидланган. Овоз бериш жараёнида ушбу резолюция қабул қилиниши учун 73 давлат овоз берди, 23 давлат қарши чиқди ва яна 76 давлат бетарафлигини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси ана шу 23 давлат қаторида бу резолюцияга қарши овоз бериб, “Қрим Россиянинг ҳудуди, Россия босқинчи эмас, Қримда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мониторинг ўтказишнинг кераги йўқ”, деган позицияни билдирди.

Ўзбекистондан ташқари Эрон, Сурия, Ҳиндистон, Хитой, Шимолий Корея, Зимбабве, Эритрея, Камбоджа, Қозоғистон, Бурунди ва бошқа россияпараст ҳамда мустабид давлатлар ҳам Кремл ҳатти-ҳаракатларини оқлаб овоз беришган.

Қрим юзасидан овоз беришга қўйилган резолюцияга 23 давлат, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам қарши овоз берганига қарамасдан мазкур ҳужжат 73 давлатнинг ижобий овозлари эвазига қабул қилинди. БМТга аъзо мамлакатларнинг кўпчилиги Украина ва Қрим фойдасига овоз берди. Бу ҳужжатга қарши овоз берганлар ҳеч нарсага эриша олишмади, Россия ҳукуматининг малайлари эканлигини кўрсатишди холос.

Украинадаги “Da Vinci AG” таҳлил гуруҳи “Мазкур давлатлар нима сабабдан Украинага қарши ҳамда Россия фойдасига овоз берган?”, – деган саволга жавоб бераётиб, ушбу рўйхатдаги 23 давлатдан кўпчилиги Россияга иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва криминал (мафия) томондан боғлиқлигини эътироф қилган. Масалан, Ангола давлати у ердаги сиёсий режим Россиянинг сиёсий ва ҳарбий ёрдами туфайли иқтидорда қолаётганлиги, Боливия эса Россияга сўл ташкилотлар орқали боғлиқлиги ҳақида ёзилган.

“Ўзбекистон нега Кремл фойдасига овоз берди?” – деган саволга “Da Vinci AG” таҳлил гуруҳи: “ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ [ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ – ЎХҲ] ҚАЛИН АЛОҚАЛАРИ БИЛАН РОССИЯГА ҚАРАМ”, деган маънода жавоб берган (https://informnapalm.org/29883-oon-prinyala-rezolyutsiyu/).

Шу йил сентбр ойи охирида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида “Ислом Каримовнинг “табиий” ўлими қандай ташкил қилинди?” сарлавҳали мақоласи (http://uzxalqharakati.com/archives/37637) билан навбатдаги маротаба чиқиш қилган аноним сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров республика президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев россиялик олигархларга қариндошлик алоқалари билан боғлиқлиги ҳамда шу алоқалари орқали Кремлга қарам эканлиги ҳақида маълумотлар бериб, Шавкат Мирзиёев бундан буёғига Кремлнинг югурдаги вазифасини бажаришини ҳамда Ўзбекистонни яна Россиянинг мустамлакасига айлантиришини таҳмин қилган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Энди бироз ёмон бўлайлик”сарлавҳали мақоласида (http://uzxalqharakati.com/archives/38729) бу ҳолатга: “Путиннинг 2016 йил 6 сентябр куни Самарқандда ўзбек диктаторининг мозорига қўйган гулчамбари, аслида, бир ўлка Мустақиллиги мозорига қўйилган гулчамбардир”, – деган эди.

Бу эътироф ва тахминлар тўғри бўлиб чиқмоқда.

Ислом Каримов даврида Украина ҳамда Қрим фойдасига овоз ва баёнотлар бериб келаётган Ўзбекистон ҳукумати тепасига КГБ (ФСБ) разведчиги, ўзбек махсус хизматлари раиси “Рустам Иноятовнинг одами” тамғаси остида келган Шавкат Мирзиёев халқаро майдонда Россия фойдасига иш қилишни очиқча бошлаб юборди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ахборот-таҳлил бўлими