Уринг, бу ярамас қопқондан қолган тулкиларни…

Уринг, бу ярамас қопқондан қолган тулкиларни…
15 views
19 November 2016 - 6:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 115

(давоми)

Иккинчи бир ривоятда келтирилибдурким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валидга қабила арабларидан тузилган аскарларни олиб Макканинг остинги йўли билан шаҳар ичига киргил ва қачон маҳалла бошига етар бўлсанг, шунда Ислом туғини кўтаргил, ўзлари бошламагунча сен уруш қилмагил, деб буюрган бўлсалар ҳам, Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайя, Икрима ибн Абу Жаҳл, Суҳайл ибн Амрлар бош бўлиб, Ҳандама деган тоғ тагида уларни йўлини тўсмоқчи бўлдилар.

Расулуллоҳ буйруқларича Холид ибн Валид шу томондан юриб, тоғ тагига келди. Қараса, олдида оломон кўпчилиги кўриниб, буларга қараб ўқ ота бошладилар. Буни кўргач, Ҳазрати Холиднинг жаҳли чиқиб, аскарга қараб:

— Уринг, бу ярамас қопқондан қолган тулкиларни,— деб ҳайқириб эди, Ислом аскарининг ҳужуми остида етмиш неча киши ўлдирилди, қолганлари бўлса тум-тарақай бўлиб қочдилар. Ҳазрати Холид уларни сурганича қувлаб келиб, Байтуллоҳ ёнида Ҳазар деган жойга етказди. Улардан бир тўпи қочганларича тоғ устига чиқишиб эди, орқаларидан суриб чиққан мусулмонлар қиличининг узоқдан ялтираганлиги Расулуллоҳга кўрингач:

— Бу нима ишдур? — деб сўрадилар. Саҳобалар:

— Ё Расулаллоҳ, Холидга Қурайш бебошлари қарши чиққан бўлсалар, шуларга кўтарилган Ислом қиличлари бўлиши керак. Йўқ эса урушдан уни тийган эдингиз. Ўзлари уруш бошламасалар, сизнинг амрингизни албатта Холид бузмагай эрди, — дедилар.

Шунинг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарам тупроғига кирдилар. Киришларида туяга минган эдилар. Асранди ўғиллари Зайднинг боласи Усома туя орқасига мингашган эди. Расулуллоҳ Ҳарамга одоб сақлаб туя устида эгилиб, тавозеъ билан кирдилар. Юқорида айтилганича, Холид ибн Валидга тўқнашган кишилардан бошқа, ортиқча қон тўкилмади.

Шундай улуғ неъматни ато қилгувчи Аллоҳ таолога ҳамду сано айтдилар. Шу юрганларича тўғри келиб Байтуллоҳни туя устида туриб, етти айланиб тавоф қилдилар.

Расулуллоҳ Маккани фатҳ қилиб кирган кунларида Байтуллоҳга уч юз олтмиш бут осилмиш эди.

Расулуллоҳ қўлларида тутган таёқчалари билан:

— Ҳақ келди, ботил йўқолди, — деб уларга ишорат қилур эдилар.

Қайси бирига қараб ишорат қилсалар, таёқ тегмасдан туриб тубан йиқилур эди. Байтуллоҳ ичида Ҳазрати Иброҳим ва Ҳазрати Исмоилларнинг ҳам ҳайкалларини ясаган эдилар. Мана шу биринчи кирган кунларидаёқ Каъба ичидаги мушриклар асарларидан ҳеч нарса қолдирмай тозалатдилар. Шу кундан эътиборан бутун Арабистонда бутпарастлик йўқола бошлади. Ислом шариатида заруратсиз сурат ушлашга рухсат йўқлигининг ҳам сабаби шу эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кирган кунларида, қаршилик қилмаган кимсаларга қурол қўлланилмасин деб, амр қилган эдилар. Лекин Хузўа қабиласининг Бани Бакр қабиласидан қасос олишига рухсат бердилар. Бу иш ҳам бўлса шу куннинг аср вақтигача чекланмиш эди. Шу кун ўтгандан кейин умумий равишда тинчлик сақланди.

Расулуллоҳ Байтуллоҳни тавоф қилиб бўлганларидан сўнгра Каъба уйининг ичига кирдилар.

Тўрт тарафга қараб такбир айтиб, у ердан чиқиб Мақоми Иброҳимга келиб, икки ракат тавоф намози ўқидилар.

Сўнгра зам-зам қудуғидан сув ичиб Байтуллоҳ қаршисига қараб турдилар. Бутун халқ атрофларини ўрашиб олган ҳолда, уларнинг кўзлари Расулуллоҳга тикилиб турди. Ўзларига озор берганларга, ўз ватанларини ташлаб чиқмоққа мажбур этган кишиларга қарата нима иш қилур, уларга қандай жазо берур экан деб, барчанинг кўнглига келур эди.

Лекин Расулуллоҳнинг ўч олиб нафс қондириш, ўзи учун ғазабланиш ва мана шу янглиғ нарсалардан кўнгиллари пок эди. Йўқ эса амакилари Ҳазрати Ҳамзани ўлдирилганига қаноат қилмай, қулоқ-бурунларини кесиб, кўзларини ўйиб, бағрини чайнаган Абу Суфён хотини Ҳинднинг нечук гуноҳини кечгай эдилар?

Худо Қуръонда: «Ва ма арсалнака илла роҳматан лил аъламин», яъни: «Барча оламга сени раҳмат учун юбордик», деб айтган сўзи ҳақиқат эканини Расулуллоҳ ҳар бир иш устида исбот қилиб, бутун оламга буни кўрсатдилар.

Мана, Расулуллоҳнинг бу қилган ишларидан барча умматлари ибрат олишлари лозимдур. Ҳақиқий чин мўмин эрса, анинг ғазаби ва ризолиги Аллоҳ учун бўлгай, ҳар бир қилган ишида кўпчилик халқ фойдасини кутгай. Халқ фойдасини кутган бўлиб, ўз нафсига қурол қилмагай. Ҳақиқий чин мусулмон кишининг қилар вазифаси шулдур. Бу йўлда кўрсатган хизматлари учун ҳеч кимсадан ташаккур кутмагай. Ислом шариатининг кўрсатган йўли шулдур. Ҳар ишни Худо учун қилиши эрса, яхши-ёмон халқ сўзидан анинг парвоси йўқлигидандир.

Яна ўз сўзимизга келайлик.

(давоми бор)