“Миллий қаҳрамон”нинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги найранглари!

“Миллий қаҳрамон”нинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги найранглари!
29 views
21 November 2016 - 12:32

(“Гап Каримов ҳақида эмас” мақоласининг давоми)

Каримов соҳта миллий қаҳрамон ролини нафақат иқтисодий соҳада, балки, ижтимоий соҳада ҳам, сиёсий соҳада ҳам қойилмақом қилиб ўйнади. Ўйнаётган роли муваффақиятли чиқиши учун хатто ўзини “қип-қизил ахмоқ” деб аташдан ҳам тоймади.

Унинг: “-Кимда ким интернетни тўсаман деб ўйласа, у қип-қизил ахмоқ!” – деб буюк дард билан айтган гапларини “Озодлик” радиоси кинояли эпиграф сифатида кўп марта такрорлади. Содда “халқ” эса менимча бунинг киноя эканини тушунмади.

“Демак, Каримов интернетнинг шаффоф ишлаши тарафдори экан, унинг атрофидагилар эса ёмон экан” деган ҳулосага келди содда “халқ”. “Халқ”нинг ижтимоий- сиёсий соҳада шу тарзда алданишига юзлаб мисоллар келтириши мумкин.

Айниқса, Андижон воқеаларида қўли қонга ботган ҳолда: “- Мен ўзимнинг халқимни отаманми?!!!… Йўқ асло! Халқимни Акромийлар отди! Мен фақат ҳимоя қилдим халқимни!”… – шундай маҳорат билан гапирдики, “халқ” яна ишонди бу ёлғонларга.

Каримовнинг гаплари ҳам, имзоси ҳам, юриш-туриши ҳам ёлғон бўлган. Ҳатто ўлгани ҳам ростлиги менга шубҳали туюлади. Гаплари ёлғонлигини кўрдик. Лекин, имзода қандай ёлғон бўлиши мумкин?! У билан ишлаганлар яхши билишадики, юртни бошқаришга оид зарур қарорларни унинг ўзи чиқаради.

Лекин, ёлғон бўлса ҳам халқга ёқимли бўлган қарорларга ўзи имзо чекади, халқга ёқимсиз бўлган, ўзининг буйруғи билан тайёрланган қарорларга эса бошқа амалдорларга имзо чектиради. Мақсад аниқ, “халқ”нинг онгида “Каримов яхши, унинг атрофидагилар ёмон” деган таассурот қолдириш. Гаплар ҳам, имзолар ҳам ёлғон бўлиши мумкин. Лекин юриш-туришда қандай ёлғон бўлиши мумкин?! Йўлда Каримовни қўриқлайдиган қўриқчиларнинг энг каттаси кимлигини биласизми?! Ҳеййй террористлар! Каримов кетаётган машинасини портлатиб, уни йўқ қиламан деб овора бўлманг.

Чунки, қаттиқ қўриқланиб кетаётган машина ичида бошқалар бор, Каримов эмас. Бундай вақтларда артист Каримов бошига каска кийиб, мотоцикл йўлкасида машинадаги йўқ Каримовни қўриқлаб кетаётган қўриқчи ролини ижро этаётган бўлади. Каримовнинг махсус қўриқчиларидан бири дўстимнинг қариндоши. Ўша орқали бизга сизган бу ҳабарни эшитиб, очиғи бечора қоровул Каримовга ачиниб кетдим. Сўзларим ёлғон бўлса, марҳамат, Мирзиёев томонидан ишдан бўшатилган собиқ қўриқчилар айтсин буни.

Ёлғон!… ёлғон!… Сўзида ҳам, ишида ҳам, юриш туришида ҳам фақат ёлғон. Мақсад битта. Халқни алдаш. Халқ алданмади, лекин “халқ” алданди!

Каримовнинг буюк артистлиги, унинг ижрочилик маҳорати энг чўққига чиққан, халқга яхши маълум, лекин ёлғонлиги “халқ”га маълум бўлмаган яна битта мисол билан фикримни якунлайман.

1999-йил. Тошкентдаги қонли феврал воқеаларидан кейин кўп ўтмай, телекўрсатув саҳнасида “миллий қаҳрамон” тимсолини яратишга интилган Каримов Муҳаммад Солиҳга юзсизларча тухмат қилиб, монолог айтмоқда:

“-Ҳеййй номард! Ҳеййй номард! Президент бўлиш иштиёқида номзодингни қўйдинг президентликга. Марҳамат! Майдон очиқ! Лекин халқ истамади. Тушундингми?! Ҳоҳламади одамлар президент бўлишингни! Одамлар ҳоҳламаса, зўрлик билан президент бўлиш мумкин эмаслигини наҳот билмасанг?! Мардлик билан майдонга кирдингми, ўйинда ютқизгач, мағлубиятни ҳам мардлик билан чекишни билгинда… Ҳўп, майли номардликга ўтдинг!.. Лекин, мени ўлдирмоқчи экансан, СНАЙПЕР БИЛАН МЕНИНГ ЎЗИМНИ ОТМАЙСАНМИ, аблаҳҳҳ!!!… Нима қиласан одамларни, бегуноҳ одамларни ўлдириб, номард?!..”

Кўрганингиздек, саҳна катта маҳорат билан ижро этилди. Кейинчалик Каримовнинг махсус хавфсизлик хизмати бу террор хуружидан ҳабардор бўлгани ҳолда, унинг олдини олмай, амалга ошишини кузатиб боргани тўлиқ исботланди.

Мақсад: 1) бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига йўл қўйиб бўлса ҳам, Каримовнинг ” миллий қаҳрамон” ролини ўйнашига буюк бир имкон яратиш орқали “халқ”ни алдаш; 2) Бу террор хужумини тухмат йўли билан Муҳаммад Солиҳга ағдариб, уни бадном қилиш орқали яна “халқ”ни алдаш.

Кейинчалик бу террор хуружига Муҳаммад Солиҳнинг мутлақо алоқаси йўқлиги инкор этиб бўлмас далиллар билан исботланди. Шундай шармандали ҳолатда ҳам Каримовнинг бир оғиз узр сўрамагани унинг Муҳаммад Солиҳга нисбатан такрор ва такрор ишлатган ” ҳеййй номард, аблаҳҳҳ” каби ҳақорат сўзлари унинг ўзига тааллуқли эканини билдиради. Демак, Каримовнинг ўзи номард, ўзи аблаҳҳҳ!

Баъзилар ўйлаши мумкин ” Янги оғиздан эски гап”. “Илгари айтилган, кўпчиликка маълум бу мисолларни яна такрор эслаш шартми” деб. Менимча бундай ўйлаш хато. Чунки Каримовнинг тухмат ва бўҳтонларга тўла “монолог”лари бундан минг марта кўпроқ намойиш этилди. Натижада миллионлардан иборат алданган “халқ” пайдо бўлди. Энди бу ёлғонларни такрор ва такрор фош этиш йўли билангина “халқ”нинг кўзини очиш мумкин деб ўйлайман.

Ҳазрат Беҳбудий айтганларидек “Ҳақ олинур, берилмас!”

Муҳаммад Солиҳ ҳам айтганидек, энди биз ўз ҳаққимизни оладиган даражада ёмон бўлишимиз керак. Бу, диктаторлик режимидан қутулишнинг зарур шартидир. Чунки Ўзбекистондаги оммавий тинтувлар, сиёсий махбусларга, айниқса Самандар Қўқоновга муносабат – ҳокимият диктаторнинг меросҳўрлари қўлида эканини кўрсатаяпти. Ўша вақтларда давлат томонидан ҳам қонуний ҳисобланган “ЭРК” партиясига моддий ёрдам бергани учун 23 йилдан ортиқ қамоқда ўтириб, эндиликда ёши 73 дан ошган отаҳонга яна 3 йилдан ортиқ муддат қўшиб бериш – вахшийликдир. Демак, халқимиз алданишда давом этар экан, вахшийлик ҳам давом этаверади.

Сўзимнинг бошида айтганимдек тарихдан сабоқ ўликлар учун эмас, биз тириклар учундир. Ҳўш, Каримов ўз халқига шунча зулмлар қилиб, ўзбекнинг бойликларини ўмариб нимага эришди? Қабрга ўзи билан бирор нарса олиб кета олдими?

У тириклигида эртаю-кеч ҳаққига дуо қилиб, юртбошини мақтайдиган баъзи дин вакиллари: “Авваллари ҳукуматга ҳеч нарсани тушунтира олмасдик, таклифларимизни қабул қилишмас эди” дея қисман бўлса ҳам собиқ юртбошларини танқид қилишни бошлашди. Бу албатта бир бошланғич ҳолос. Ҳар қандай диктатор истеъфоси ёки ўлимидан сўнгра қораланишга, бадном бўлишга маҳкумдир. Сабаби, диктаторлар ўз фаолияти давомида сиқиб, эзиб келган халқ барибир ичидаги дардини тўкгиси келади. Буни ҳозирда Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига келаётган мактублар сонида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳўш, Каримов замонида ўз ҳаётидан мамнун бўлган “халқ”га нима бўлди?!

Ҳуллас, Ўзбекистоннинг бўлажак янги президенти ҳам келажакда қораланиб, халқ қарғишига қолмаслик учун зудлик билан мамлакатда демократик ислоҳатларни бошлаши, ташқаридаги муҳолифатни Ўзбекистонга қайтиб эркин фаолият юритишига имкон бериши, Каримов режимида ноҳақ қамалган диний-сиёсий махбусларни оқлаб озод қилиши шарт. Демократиянинг асосларидан бўлмиш фикр эркинлигини ҳам тўлиқ таъминлаши керак. Чунки турфа фикрлар тўқнашмагунича ҳақиқат қарор топмайди ва ундай ерда ривожланиш ҳам бўлмайди.

Шоакбар Шораҳимов

Манба: facebook.com