“Ўлсак-тирилсак бир ерда бўлурмиз, бир-биримиздан ажрашмоқ йўқдур.”

“Ўлсак-тирилсак бир ерда бўлурмиз, бир-биримиздан ажрашмоқ йўқдур.”
157 views
22 November 2016 - 6:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 116

(давоми)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғилиб, ўзларига кўз тикишиб турган кўпчилик халққа қараб:

— Эй Қурайш халқи, ўзингларча мени қандай иш қилар деб ўйлагайсиз? — дедилар.

Анда улар:

— Қариндошимиздурсиз, меҳрибон оғамиздурсиз, энди сиздан яхшилик кутиб турамиз, — дедилар.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Ундай бўлса, энди боринглар, барчангиз бўшалдингиз, қилган ёмонликларингизни авф қилдим.

У замон одати бўйича барчалари қул бўлиб, асир олинишлари керак эди. Ўша замондаги уруш одатларининг йўли шу эди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба ичига кирмоқчи бўлдилар. Келиб қарасалар, Каъба эшиги қулф экан. Бунинг эшикчиси Усмон ибн Талҳани чақириб, унинг қўлидан калитни олдилар. Каъба ичига кириб чиққандан сўнгра, у киши, калитни қайтариб бермас, деб ўйлаган эди. Аммо унинг ўйлаганича бўлмай, ўзига қайтариб бердилар. У замонда Каъба калитига эга бўлиш араблар ўртасида улуғ шараф ва обрўй ҳисобланар эди. Қурайш ичида Бани Шайба авлоди бу давлатга эга бўлмиш эдилар. Исломдан илгари жоҳилият замонида ҳам ўз одатларича ҳафтада икки марта — душанба ва пайшанба кунлари Байтуллоҳ эшиги очилур эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан илгари, Маккада турган вақтларида Каъбага кирган кишилар қаторида келиб кирмоқчи бўлдилар. Ўшанда ҳам шу Усмон ибн Талҳа Каъба эшикчиси эди. У Расулуллоҳга нолойиқ адабсиз сўзлар айтиб, киргазмай қайтарган эди. Расулуллоҳ юмшоқлик қилиб, унинг сўзига сукут қилдилар, сўнгра унга айтдиларким:

— Эй Усмон, бу яқинларда кўриб қолурсан, Каъба калити менинг қўлимда бўлгай. У чоғда эса буни тилаган кишимни қўлига топширгайман.

Шу орада ўн неча йил ўтгандан кейин, худди ўша деганларидек бу иш вужудга чиқди. Макка фатҳ бўлган кунида ўша айтганларидек, Усмон ибн Талҳа қўлидан калитни олдилар ва яна ўзига қайтариб бердилар. Сўнгра:

— Бу калит илгаридан бери сизларда турар эди, бундан буён ҳам доимий равишда сизларникидур. Каъба калитини талашиб, сизлардан ким олур эрса, зулм қилғон бўлур, — дедилар.

Бу тўғрида Расулуллоҳга илгари қилган қўпол муомаласи ёдида бор эди. Бундоқ улуғ шарафдан ажраб, бу давлатдан қуруқ қолиш қўрқинчи босиб турган бир чоғда яна қайтадан абадий шу давлатга эга бўлиши уни кўп суюнтирди. Расулуллоҳ қўлларидан калитни олиши билан тўхтамай уйига қайтди. Кетидан яна уни чақириб олдилар, Қайтиб келгач:

— Эй Усмон, ҳижратдан илгари бу калит ҳақида сенга айтган сўзим эсингда борми? — дедилар.

— У сўз ёдимда бордир, Ё Расулаллоҳ. Энди гувоҳлик берурман, аниқ билдим Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари экансиз. Қудратингиз етган, қўлингизга тушган чоғда мундоқ улуғ гуноҳларимизни кечирдингиз, — деди.

Сўнгра Расулуллоҳ буюрдилар, Ҳазрати Билол Каъба устига чиқиб азон айтди.

Қурайш раисларидан Абу Суфён ибн Ҳарб, Атоб ибн Усайд, Хорис ибн Ҳишом, булардан бошқа яна бир қанча Қурайш уруғлари Каъба атрофида ўлтиришган эдилар. Азон айтилганини эшитгач, Атоб ибн Усайд туриб деди:

— Аллоҳ таоло отам Усайдни ҳурмат қилиб, бу ишдан илгарироқ унга ажал юбормиш эди. Йўқ эрса бу қора қарғанинг Каъба устида бундоқ қичқирганини кўриб қаттиқ қайғурур эди.

Ҳорис ибн Ҳишом айтди:

— Кошки Муҳаммаднинг ҳақлигини билур бўлсам, албатта, унга иймон келтирур эдим.

Булар сўзини англаб Абу Суфён айтди:

— Бу тўғрида ҳеч қандай гапирмасликка қасам қилурман, агар гапирур эрсам, шу ётган майда тошлар ҳам Муҳаммадга хабар етказгай, — деб тошга ишора қилди.

Аларнинг сўзлари тамом бўлиши билан уларнинг устига Расулуллоҳ келдилар ва:

— Шу ҳозирда айтган сўзларингизни Аллоҳ менга билдирди, — деб аларнинг айтган сўзларини ўзларига айтиб бердилар.

Буни эшитгач, Ҳорис ибн Ҳишом, Атоб ибн Усайд:

— Биз энди аниқ ишондик, бу киши пайғамбар экандур, йўқ эрса, Аллоҳдан ўзга унга хабарни ким етказди? Оғзимиздан чиқиши билан айтган сўзимизни қайтариб берди, — дейишиб, ҳар иккови ҳам мусулмон бўлди.

Макка фатҳ бўлган куни мадиналик ансор саҳобалар ўлтиришиб, ўзаро шундоқ сўзлашур эдилар:

— Расулуллоҳ энди ўз эл-юртларига, қавму-қариндошларининг ичига келдилар. Бу ер эса ўз ватанлари, туғилиб ўсган жойларидур. Энди шу ерда туришга кўнгиллари мойил бўлиб қолса, қандай қилгаймиз? — деб қайғуришдилар.

Расулуллоҳ буни сезиб, уларга қараб:

— Нималарни сўзлашаётирсиз? — деб сўрадилар.

— Ҳеч сўз айтмадик, Ё Расулаллоҳ, — деб яширган бўлсалар ҳам, йўқ айтинглар, деб қистаганларидан кейин, у сўзни айтишга мажбур бўлдилар. Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Аллоҳ сақласин, ўлсак-тирилсак бир ерда бўлурмиз, бир-биримиздан ажрашмоқ йўқдур, — дедилар.

Бу сўзни англашлари билан мадиналик бутун саҳобаларнинг юзлари кулиб, кўнгиллари қувонди. Расулуллоҳдан ажраб қолгаймизми, деган гумонлари кўнгилларидан чиқди. Яна шу куни Расулуллоҳ Байтуллоҳни тавоф қилиб юрган чоғларида Фузола ибн Умайр деган киши ҳам Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлиб, Пайғамбаримиз ёнларида эргашиб юрди. Тавоф ичида нияти бузилиб, Расулуллоҳни ўлдиришга қасд қилиб, яқинлашиб келди.

Расулуллоҳ унга қараб айтдилар:

— Эй Фузола, шу ҳозирда сен нимани ўйлаб турибсан?

Анда ул айтди:

— Ҳеч нарсани ўйлаганим йўқдир, Ё Расулаллоҳ. Аллоҳни ёд қилиб зикр айтурман. Расулуллоҳ бунинг сўзига кулдилар. Сўнгра:

— Эй Фузало, тавба қил, истиғфор айтгил, — деб унинг кўксига муборак қўлларини қўйиб эдилар, шу онда унинг кўнглидан барча бузуқ хаёллар кўтарилди.

Шу ҳақда Фузало айтур:

— Менимча ер юзида энг ёмон кўрган кишим қўлини кўксимга қўйиб эди ани кўтармай туриб, энг яхши кўрган кишим бўлди.

Яна Абу Суфён шундай айтади: «Макка фатҳи бўлган кунлари тавоф қилгали Байтуллоҳга кирдим. Мендан кейин Расулуллоҳ ҳам кириб тавоф қилдилар. Кўзим юзларига тушиши билан кўнглимга шундай фикр келди: «Бу киши нима сабаб билан бизга ғалаба қилди?»

Дарҳол Расулуллоҳ менга қараб олдимга келдилар:

— Аллоҳнинг ёрдами билан сени ғалаба қилдим, эй Абу Суфён деб елкамга қоқиб қўйдилар.

Анда мен:

«Энди аниқ билдим, сиз Аллоҳнинг пайғамбари экансиз, йўқ эрса, кўнглимга келган бу сўзни Худо билдирмаган бўлса, қайдан билурсиз? — дедим».

(давоми бор)