Самандар Қўқонов озодликка чиқарилди

Самандар Қўқонов озодликка чиқарилди
64 views
24 November 2016 - 15:29

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 24 ноябр куни Жазони Ижро этиш Бош Бошқармаси расмийлари томонидан 72 яшар Қўқоновга берилган сўнгги жазо муддати бекор этилган ва маҳкумнинг озодликка чиқишини маълум қилинган. Куннинг иккинчи ярмида Қўқонов фарзандлари “Озодлик” радиосига Зарафшондаги 64/48 зонаси олдида¸ отасининг чиқишини кутиб туришганини билдиришган.

– Ҳозир қамоқхона эшиги олдида турибман. Ҳали отамни кўрмадим. Бир соатдан сўнг телефон қилсангиз¸ Худо хоҳласа¸ ҳаммасини айтиб бераман¸ деди Қўқоновнинг ўғли Сардор Тошкент вақти билан соат 13 лар атрофида.

“Охирги ажрим бекор бўлди¸ Самандар акани уйга олиб кетинглар” деб телефон қилишди”¸ деб ëзди Қўқонов яқинларидан яна бири.

Жорий йил 6 октябрь куни23 йилу 4 ойдан бери қамоқда қолаëтган 72 яшар Қўқоновга берилган сўнгги жазо муддати тугаган эди.

Аммо Қўқоновни озодликка чиқариш ўрнига 7 октябрь куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳар суди томонидан Жиноят Кодексининг 221-моддаси 2 қисми “б” банди¸60-моддаси билан 3 йил 5 кунга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқонов 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганлик айби билан ҳибсга олинган.

МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган ва бу бир ярим йил қамоқ муддатидан чегирилмаган.

Асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Самандар Қўқонов 1989 йили Шавкат Мирзиëев (ҳозирда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазир) билан бир чақириқда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайланган.

Уни яқиндан таниган маслакдошлари 80-йиллар охирида сиëсий майдонда фаол кўзга ташланган тадбиркор ва депутатнинг шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамоққа олингани ва шахсан Каримов топшириғи билан қамоқда шунча вақт сақланганини таъкидлайдилар.

Самандар Қўқонов мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ қолган сиëсий маҳбусдир.

ЎХҲ хабарлар бўлими