Кўнглида иймон нури ёриди…

Кўнглида иймон нури ёриди…
40 views
25 November 2016 - 6:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 117

(давоми)

Расулуллоҳ Маккада турганларида ҳазрати Билол Каъба устига чиқиб беш вақт намозга азон айтар эди. Қурайш йигитларидан бир нечалари анинг айтган азонини дўраб (масхара қилиб), булар ҳам азон айтар эдилар.

Бир куни шулар ичидан Абу Маҳзура деган йигит ўз одатича Ҳазрати Билолни дўраб азон айтганида Расулуллоҳ эшитиб қолдилар. Қарасалар унинг овози ёқимли экан, уни чақиртириб киши юбордилар. У ҳам бу ишим учун ўлимга чақирилдим, деб қўрқиб келди. Олдиларига келгач, унинг манглайини, кўксини қутлуғ қўллари билан силаган эдилар, кўнглида иймон нури ёриди.

Сўнгра азон айтишни унга ўргатдилар:

— Мана энди сен аниқ азончи бўлдинг. Шу кундан бошлаб, Макка халқига азон ўқиб тургин, — дедилар.

Шунинг билан бу киши Байтуллоҳга муаззин бўлиб қолди. Вафот бўлгунчалик шу хизматда туриб, ўзидан кейин ҳам кўп йилларгача Байтуллоҳ муаззини шу авлоддан қўйилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни эрталаб Маккага кирдилар. Шу куни кечгача қаршилик қилувчилар билан урушмакқа, зарарлик кимса бўлса ўлдирмакка рухсат берган эдилар. Шу вақт ўтгандан кейин Макка ичида қурол қўлланмоқ ман қилинмиш эди. Шундай бўлса ҳам, буйруққа қарамай, Ислом тарафдори Хузўа қабиласи шаҳар олинган куннинг эртаси душманлари бўлган Бани Бакр қабиласидан Ибн Ақраъ деган кишини ўлдириб қўйдилар. Бу ўлдирилган киши мушриклардан бўлиб, ҳали динга кирмаган эди.

Ислом динида одам ўлдириш, айниқса, Ҳарам тупроғида бу ишнинг бўлиши энг улуғ гуноҳ бўлганликдан Расулуллоҳ билиб, ўлдирувчини бек ёмонладилар. Сўнгра шу куни пешин намозини ўтагандан кейин Каъба томига (деворига) суяниб туриб кўпчилик халққа қарата узоқ бир ваъз сўзладилар.

Дастлабда Аллоҳнинг ўзига яраша улуғлаб, анга ҳамду-сано айтдилар. Сўнгра кўпчилик халққа қараб:

— Эй одамлар, билингларким, Аллоҳ таоло еру- кўкни яратган кунидан бошлаб, бу ерни ҳурматли қилмишдир. Ва қиёматгача бу жойнинг ҳурматини ўзи сақлайди. Аллоҳга, охират кунига иймон келтирмиш мўминлар бунинг ҳурматини сақлашлари албатта лозимдур. Бу жойда уруш қилиб, қон тўкиш у ёқда турсин, бу ер ҳурмати учун ҳайвонлари ҳам овланмайди, кўкарган ёғочлари кесилмайди, жониворлари қўрқитилмайди.

Мендан илгари ҳам бу ерда уруш қилмоқ, бунинг ҳурматини бузмоқ ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди, мендан кейин ҳам ҳеч кимга ҳалол қилинмағай.

Ҳарам тупроғида уруш қилиш, қон тўкиш Худо томонидан менгагина рухсат қилинди. Бу ҳам эрса вақтлик бўлиб, бир кунлик эди. Чекланган вақти ўтгач, яна бу жой ўз ҳурматига қайтди. Буни англаганлар англамаганларга, бор кишилар йўқ кишиларга айтсинлар.

Эй Хузўа қабиласи! Бундан кейин урушдан қўл тортинглар, киши ўлдиришдан сақланинглар. Ким бўлса бўлсин, ул одам ўлдирди эса, ўлимдан қутила олмайди. Удурким, қасос қилиб ўзини ўлдиргаймиз. Ёки ўлик эгаси розилик берар экан, хун тўлатгаймиз, — дедилар.

Сўнгра Хузўа кабиласи ўлдирган киши учун хазинадан товон тўлашга буюрдилар. Яна шу куни ким Аллоҳга қиёмат кунигача иймон келтирмиш эрса, уйларида бўлган бутларини қўймай синдирсинлар, деб бутун халққа жар чақиртирдилар.

Бу ердан чиққандан сўнгра Макка халқи уйларидаги борлиқ бутларини қолдирмай синдиришдилар. Шу кундан бошлаб, Макка шаҳри ичида бутга топинувчилик қолмагандай бўлди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валидни ўттиз киши билан бориб, Уззо номли бутни синдириб, бутхонасини бузиб келмакка буюрдилар. Бу эса Маккага яқин Наҳла деган жойда эди. Ҳазрати Холид бориб бутхонани бузиб қайтгач:

— У ерда нима кўрдинг? — деб сўрадилар.

— Ҳеч нимарса, Ё Расулаллоҳ, — деди Холид.

— Андоғ эрса бутхона бузилмабдур, тез бориб уни бузгил, — дедилар Пайғамбаримиз.

Ҳазрат Холид дарҳол у жойга қайтиб келиб, бутхона вайронасига ғазаби билан қилич суғуриб кирди. Қараса яп-яланғоч, сочлари хурпайган бир қоп-қора хотин жонининг борича Холидга қараб югурди. Бутхона бошчиси:

— Эй Уззо, тут душманингни, ол уларни, — деб ортидан қичқирур эди.

Ҳазрати Холид бир қилич уриб, уни икки бўлиб парчалаб ташлади. У ердан келиб, Расулуллоҳга буни айтди эрса:

— Уззо энди ўлдирилмиш. Бу жойда бут бўлиб, ўзига топиндиришдан унинг умиди узилмишдур, — дедилар.

Уззо арабларнинг сайиди саналган Қурайш ва Бани Канона қабиласининг топинадиган атоқлик бутлари эди. Араб мушриклари эрса шу бутнинг илоҳий кучи бор, деб ишонур эдилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Осни Ҳузайл қабиласининг бутхонасини бузиб келишга буюрдилар. Буларнинг эрса Сувў номли бутлари бор эди. Амр ибн Ос у ерга боргандан сўнгра бутхона шайхини кўриб, мени Расулуллоҳ бу жойни бузмоққа юбормишдур, деди. Анда Содин деган бутхона шайхи:

— Буни бузишга кучинг етмайди. Агар, Сувўнинг қаҳри келур бўлса, барчангиз халок бўлгайсиз, — деди.

Амр ибн Ос:

— Эй бечора, Каъбага осилмиш уч юз олтмиш бутни синдириб оёқ остига ташладилар. Бу ишдан зиён кўрган ҳеч киши йўқдур. Ҳалигача бу бузуқ хаёл сендан чиқмаган экан, — деб, ўзи бошлаб уриб бутни синдиргач, бошқалар бутхонани бузиб, бир дамда вайрон қилдилар. Содин бу ишга ҳайрон қолиб:

— Аллоҳнинг қудратига таслим бўлдим, — деди.

Яна шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Манот исмлик бутни синдириб, бутхонасини бузмакка Саъд ибн Зайдни юбордилар. Бу эса Макка тоғлари ичида Қудайд деган жойда ясалган бутхона эди. Мадиналик Авс, Хазраж бошлиқ Ғассон қабиласи ва бошқа бир неча қабилаларнинг Исломдан илгари келиб топинадиган бутлари эди. Буни бузмоққа саҳобалардан йигирма киши отлиқ Саъдга қўшилиб келган эдилар. Ҳазрати Саъд қилич суғуриб бутхонага бошлаб кирди эрса, бир қоп-қора хотин қип-яланғоч, сочи ёйилган, юз-кўзига уриб, «дод-вой» солиб йиғлаганича югуриб чиқди. Бутхона шайхи эса:

— Эй Манот, душманларингни ур, ушла! — деб хотин кетидан қичқирур эди.

Ҳазрат Саъд қилич уриб, уни парчалаб ташлади. Шунинг билан Макка атрофидаги бутун атоқли бутлар синдирилиб, бутхоналари бузилди.

Макканинг фатҳ бўлгани, араб мушриклари олдида муқаддас ҳисобланган бутхоналар бузилгани эрса, неча минг йиллаб қабилачилик даҳшати остида энг оғир турмуш кечириб келаётган араб халқининг бир бахтлик давлатга эга бўлишларининг бошланиши эди.

Макканинг фатҳ бўлиши, Қурайшнинг енгилиши бутун Арабистонга тарқалгач, араблар ўзларидаги қаршилик кучларининг илдизи бўшаб қолганини сезмиш эдилар. Чунки араблар олдида бу ишнинг юзага чиқиши-чиқмаслиги Қурайш халқининг енгиш-энгилишларига боғланиб турган эди. Шунинг учун Макка олингандан сўнгра Ҳавозин қабиласидан бошқалари бу ишга кўп қаршилик қила олмадилар.

(давоми бор)