Сиёсий сергаклик: Президентликка номзод Мирзиёевга кўмак бераман дея қўл чўзганлар жиннига чиқариб қўйилмоқда!

Сиёсий сергаклик: Президентликка номзод Мирзиёевга кўмак бераман дея қўл чўзганлар жиннига чиқариб қўйилмоқда!
86 views
25 November 2016 - 15:49

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига “Мени олдингизга ишга олинг!” дея ариза йўллаган Хоразм влиояти, Хозарасп тумани, Саноат қишлоғида истиқомат қилувчи 63 ёшли нафақахўр Қадамбой Матмуродов 3 ноябрь куни мажбурий равишда жиннихонага жойлаштирилган.

Бу ҳақда Қадамбой оғанинг ўзлари телефон орқали менга хабар берди:

– Мен Урганчдаги жиннихонадаман. Мени зўрлик билан шу ерга олиб келиб ташлашди. Мирзиёевга мурожаат қилганимдан кейин босимлар кучайиб кетди. Бу ҳақда жамоатчиликни огоҳлантиринг. Менга ёрдам қилмасангизлар бўлмайди, – дейди Қадамбой оға маҳзун овозда.

– Телефон аппаратингиз ўзингиз биланми?

– Йўқ, ҳозир учрашув хонасидаман. Бу телефон набирамнинг қўлида. Ундан олиб сизга телефон уриб турибман, – дейди. Қ. Матмуродов.

Очиғи, Қадамбой оғанинг ҳолларидан ҳайратга тушган эмасман. Бу бизда – Ўзбекистонда одатий ҳоллиги сабабли бунингдек кўргуликларни эшитавериб “этларимиз ўлиб кетган”….

Биласиз, Ўзбекистон қонунчилигига асосан нима мушкул, шахсни жиннихонага ётқизиш мушкул. Оила аъзоларидан бирортаси кишининг ақлида нусони борлиги ва ё руҳиятида ўзгариш содир бўлаётганлиги хусусида руҳий касалликлар шифохонаси маъмуриятига ёзма равишда ариза билан мурожаат этмас экан, ҳеч кимга бекордан бекорга бунингдек касалхона “койка”си берилмайди. “Қизиқ, Қадамбой оғанинг қай бир оила аъзоси руҳий касалликлар шифохонаси бош шифокорига “Отамизнинг руҳиятлари хасталанмоқда” дея ариза ёздийкин?” деган саволга жавоб олиш мақсадида Матмуродов сим қоққан телефон рақами (+99894 1145424)билан боғландим.

Гўшакникўтарган киши “ Қадамбой оғанинг ўғли Ғулом бўламан” деди.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида берган саволларимга Ғулом акадан қуйидагича жавоб олдим:

– Биз оилада 2 ўғил, тўрт қиз, олти фарзандмиз. Отамни 3 ноябрь куни милисалар билан етаклашиб келган маҳаллакомлар мошинага солиб кетишган, жиннихонага элитишган.Бизлар ҳам нима бўлаётганини билмасдан қолдик. Мана, имконини топишимиз билан Урганчга, отамнинг олдига қатнам турибмиз, ҳолидан хабардор бўлиб юрибмиз, – дейди Ғулом ака, – Ҳа, йў-ўўўқ, биздан, оиламиздан бирортамиз жиннихона главрачига мурожаат қилмаганмиз.

Ҳазрат Мир Алишер Навоийга шогирдлари “Бошга балони нима келтиради?” деб сўрашганларида, ғазал мулкининг султони кўрсатгич бармоқлари билан тилларини кўрсатган эканлар.

“Узун тилимни тиймадим, улнинг уйига сиғмадим, қизил тилимни тиймадим, қизнинг уйига сиғмадим” дегувчи эдилар энам раҳматлик.

Бош вазир Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат ёзиб, “Амалдаги ҳуқуқ-тартибот органларининг 100 тасини ишини бажараман” дея кўкрак керишга, оғиздаги 200 грамм лахимга эрк беришга нима бор эди дейман-да!

“Шоҳига урсанг, туёғи зирқирайди” дейишади.

Ўша “ҳуқуқ-тартибот органларининг 100 таси”ни Қадамбой оғанинг бунингдек “ҳақорат”идан қахри келмайди дейсизми?

Яхшиям оғамизнинг ёшлари 60 дан ошгани. Кексалиги қўл келибди ҳалиям…. Қамоққа эмас, касалхонага қамаб қўйиб қутилишибди.

Ростиям шу-да. Қадамбой оғанинг эси жойида бўлса Мирзиёевга қилган мурожаатида битта эмас, иккита эмас, бира йўла 100 та казо-казоларнинг, яна кимларнинг, орган одамларининг қитиқ-патига тегама?!

Ростини айтадиган бўлсам, мени Қадамбой оғанинг руҳий качсалликлар шифохонасига банди этилганлиги эмас, мутлақо бошқа бир оламшумул масала ташвишга солмоқда:

Ажаб-о-ооо, Шавкат Миромонович Мирзиёевга самимий соддадиллик билан, ўта мимимият-ла, қишлоқ кишиларига хос тўпорилик билан, чин юракдан, қалбан “Сизга ёрдам бермоқчиман” деган, қўллашни истаган, кўмак учун чўзган қўлларила юрагини тутган халқ вакиллари нега энди руҳий хастага, жиннига чиқарилмоқда!

Нима бу?

Сайлдов олди хуфёна тадбир эмасми ишқилиб?

Бу аҳволда эртага Шавкат Миромоновичга ишониб, таяниб овоз берган халқнинг ҳаммаси ТЎРАЛАРдан иборат ТЎДАЛАР томонидан тентакка чиқариб қўйилмаса гўрга эди дейман-да!

Шу ўринда СИЁСИЙ СЕРГАКЛИК КЕРАК ЭМАСМИ, яхшилар?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист, ҳуқуқбон