Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Бу гапни гўши бор одам эшитсун, ўзида хуши бор одам эшитсун..”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Бу гапни гўши бор одам эшитсун, ўзида хуши бор одам эшитсун..”
139 views
28 November 2016 - 2:39

(Бошқа шаҳарларни билмадиму, Тошкентдаги айрим овқатланиш шаҳобчаларида хўрандалар “пешоб билан ювилган” ликопчаларда тамадди қилишаркан)

Кейинги пайтларда одамлар орасида учиб кетган бедаъво ва юқумли дардлар илдизи қаерда эканлигини биласизми?
Мана, мен биламан.

Бедаъво дардлар қаердан чиқиб келишини англагандекман.

Қандай қилиб дейсизми?

Мана бундай қилиб:

Ўзини Манноп деб таништирган бир ўқувчининг “Дунё ўзбеклари” сайтида (http://www.dunyouzbeklari.com/?p=151524) “Opa қўлларимдан қон сизиб, бармоқларим шишиб кетса ҳам бош кўтармайман…. deb yozibsiz. Qulidan qon oqib turgan odam idish yuvmasligi kerak.Uzizga ham yomon, xurandalarga ham.” деган мазмундаги изоҳи мени ўзим билган ушбу ҳақиқатни айтишга мажбур қилди:

Худога шукур, болаларнинг бўйи бўйингиз билан тенглашавергач, эҳтиёжлар ҳам катталашиб бораркан.

Ишлашим, сармоя топишим зарур эди.

Лекин қаерда ишлайман?

“Халқ душмани”, “Ватан хоини” деган тамға бешонамга босилган бўлса? Мени ишга оламан деб кимнинг кўзи учиб турибди? Мени ишга олсинми, бор будидан айрилсинми? Ишга олиш тугул, мен билан гаплашишмайди ҳам-ку ҳатто. Гап тегиб қолишидан ҳайиқишади.

Мақбул иш топиш душвор.

Қисқаси, опамнинг қизига қўшилиб Тошкентдаги ошхоналарда идиш-товоқ ювишга ёлланишга қарор қилдим.

Сомсахоналар, пирашкахоналарда идиш-товоқ ювишга ёлланганларнинг кунлик маоши 25 минг сўм экан. Ишингни қилиб бўлгач, 25 минг сўмни ол-у, кетавер.

Бу иш менга тўғри келмади.

“Фарҳод” бозори атрофидаги ошхоналарга жойлашиб олай десам, қургурларнинг бари мени танийди: “Сиз ана у “ортингизда одами бор” опа эмасмисиз? Қўйинг-э, бизга тинчлик керак?” дейишади мулойим қилиб.

Бир кун жияним пойтахтнинг Учтепа туманига қарашли Изза кўчасида жойлашган “Шерхон” чойхонасига етаклаб борди: Жудаям ҳашаматдор. Ўттизта “кабинет” деймизми, қозоқ қардошларниннг ўтовига ўхшаш “сарой”лардан чиққан идиш-товоқларни ювиш учун кичиккина хоначада бор йўғи иккита “раквина” қўйилган экан. Нақд 20 та қозон денг. Бу ерда идиш-тавоқ ювувчига кунлик ойлик маош 30 минг сўм экан. Чойхона фақат кечаси фаолият юритаркан. Иш кундуз куни соат 14.00 дан бошланаркан.

img_20161118_134727

Иш бошладик.

Жияним иккимиз идиш-товоқ ювишга мўлжалланган ка-аааттакон иккита “раквина”га эга чиқдик. Эндигина “иштаҳа” билан иш бошлагандик, қизим тенги фаррош келиб ликопчалар қалашиб турган “раквина”га қўлидаги челакни ағдариб юборди.

Оппоқ чиннилар бир зумда балчиққа ботгандек қоп-қора бўлиб қолди. Соч толалари дейсизми, қил дейсизми, пойабзаллардан тушган лой – тупроқ, қум заррачалари дейсизми – хуллас, “раквинам”да йўқ нарсанинг ўзи йўқ.

Шундагина фаррош қизалоқ қўлидаги пол ювилган лойқа сувни “раквина”га тўкиб юборганлигини англадим.

Бу ҳам камлик қилгандек, қизча кети билан мени туртган бўлди: “Хола, қочиб туринг, илтимос, шуни ювиб олай?”
Қарасам, полни, яъни, кафелларни артавериб ер тусини олган пол латтасини жумракдан шариллаб турган сувга – “раквина”мга ювмоқчи.

-Бу нима қилганингиз? Ҳалоллиги қолдими энди бу идишларни? Нега пол, ҳожатхона артган сувингизни нега бу ерга тўкасиз? Нега ҳожатхона полини ювган латтангизни раквинага ювасиз? Бу гигенага тўғри келмайди-ку? Бу туришда одамларни касал қилиб ўлдирасиз? Қочинг бу ердан? – дедим ғазаб ва ҳайратимни яширмай.

Нари кетган қиз ўзидан каттароғини бошлаб келди. Адашмасам, исми Мавлуда эди.

– Бу ерда нима гап бўлаяпти? – деди Мавлудахон ярашиқсиз қошларини кериб. Кейин билсам, бу қизни “завзал” дейишаркан.

– Мана, кўрмайсизми, полларни, ҳожатхоналарни ювган сувини “раквина”да турган идиш-товоқларнинг устига тўкиб юборди. Поллаттасини мен ликопчаларни, қошиқ-вилкаларни юваётган раквинага ювмоқда. Қаранг, оппоққина ликопчаларим расво бўлиб кетди-ку? – дедим шикоятомуз.

– Сувда ювсангиз яна оппоқ бўлади-қолади. Булар қаерга ювиши керак унда. Йўқ жойдан “проблема” чиқарманглар. Шусиз ҳам “клент” кўп, иш қалашиб ётибди, – деди “завзал” ва мендан узоқлашаркан “озода сассуғ” дея шивирлади шеригига, афтини аллатасин буриштираркан.

– Онахон, – ҳазил аралаш гап қотди жияним, – Сизга ўзи шу керак эди! – кулди. – Сизга нима? Билганларини қилишмайдими? Бу сизнинг ўйингиз эди-я, озодалик қиласиз?Тўғрисиям шу-да, хўрандалар кўриб ўтирибдими?

– Ҳожатхонасини кўрдингми? Сийдик сачраган полни ювган сувини тўкадиган жойми мен идиш-товоқ юввадиган “раквина”? – дедим хуноб бўлиб, – Энди касал бўлиб ўлади-ку бу ликопчаларда, қошиқларда овқат еган одамлар?

– Жинам чалмайди ўша прокурорларингизни! Бўкиб ичиб ётибди-ей бари, ташвиш қиманг, ароқнинг ўзи ичларини дезинфекция қиворади, – жияним “завзал” каби ўта бепарво эди.

Ўша, иш бошлаганимизнинг илк куни “клент” жуда бисёр бўлди. Офитсант йигитлар “Оқ саройга” битта салат, “Кўк сарой”га битта лимон чой, “Регистон”га битта асалли чой…. тиним билай демади…. Кейин билсам, қозоқ қардошлар тиккан ўтов монанд қурилган ҳар бир “қароргоҳ”- “кабинет”нинг ўз оти бўларкан – “Оқ сарой”…. ваҳоказо дегандек….

Кейин…. Бу ер ўз оти билан чойхона бўлиб, бу ерга пойтахтнинг фақат казо-казолари ташриф буюришаркан: прокурорлар, судьялар, солиқчилар, божхона, ҳокимтўралар…. Энг бўлмағурлари – санъаткорлар – қўшиқчилар “гап” ўйнаркан. Ўша куни ҳам Тошкнетдаги бор артист, қўшиқчиман дегани мана шу мен идиш-тавоқ ювиб бераётган “Шерхон”да эди. Менинг кўзим биргина қизиқчи Шукурулло Исроиловга тушди холос… “Шерхон” чойхонасида базму жамшид то тонгга қадар давом этаркан…. Шу куни ҳам шундай бўлди…

Зиёфатбозлик ярим тунга қадар не чоғлик узун давом этган бўлса, фаррошларнинг ҳожатхона ювиши, пол (кафел) артиши ва бу балчиқмисол сувини идиш-товоқ ювадиган раквинага тўкиш ҳолати ҳам шу қадар тез-тез такрор бўлди…..

Тонгги соат 10 дақиқа кам 6.00 да идиш-товоқларни саранжом-саришта қилиб, оёғимизни оғир судраб этни жунжиктирадиган тонгги салқинда уйимизга қайтдик….

“Шерхон”…. Бу чойхонани ким қурган билмадиму, ҳали юқорида айтганимдек, ниҳоятда муҳташам. Гап йўқ. Ҳаммаси рисоладагидек. Бироқ: буни ким қурган бўлса ҳам бу соҳага алоқаси бўлмаган одам қурганлиги шундоққина маълум. Негаки: ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг, то тонгга қадар идиш-товоқлар минг-бир марта айланиб келди, сизга ёлғон, ўзимга чин: лоф бўлмаса, 15 соат давомида тик оёқда тўхтовсиз, ишонинг, ҳеч бир лофсиз – тўхтовсиз икки кишилашиб идиш-тавоқ, чойнак, пиёла, турли ҳажм ва русмдаги рюкмаларни минг бир марта ювдик. Шу 15 соат ичида қўлимиздан лоф эмас, 15 мингдан ортиқ идиш-товоқ ўтгани чин. Шунчалик кўп идиш тавоққа товуқнинг катагидек хона. Минглаб идиш-товоққа бор-йўғи иккитагина “раквина”. Ош лаган ҳам шу ерда, рюмкалар ҳам, қошиқ-санчқичлар ҳам… Идиш-товоқ ҳам шу ерда, “посудамойчик”лар ҳам, “завзал”лар ҳам, салат тайёрлайдиганлар ҳам, офитцантлар ҳам шу кафтдеккина хонада. Эндигана лаган-ликопчаларнинг ёғини ювиб қўйганингизда, ҳали чайқаб улгурмасингиздан ё ошпаз пичоғини чайиб кетади, ё салатчи сузма юқи қўлини ювади, ёки офитсант ёғ тўкилган куйлагиними, патнисиними ювишга тушиб кетади…. Ит эгасини танимайди. 15 соатлик иш вақтида бир бор “кетингиз ер искаши” учун лоақал ўтиришга биттагина стул йўқ. Водийнинг қулочга сиғмайдиган кўк гулли ош лаганларини “даста-даста” қилиб кўтариб, растага тераверишдан, кўтариб, тераверишдан буйракларингиз “узилиб”, жигарингиз “эзилиб”, белингиз сал кам синиб тушади. 15 соатлик машаққатли меҳнат учун 30 минг сўм пул. Марҳамат қилиб ол-у, унингни ўчир! Ҳожатхона ювган пол латтага ликопча артиб хўрандани хурсанд қиладими, пол ювган сувига чайган қошиқни мижознинг оғзига тутадими, ишинг бўлмасин! Хўрандалар кўрмаса, ҳалол. Мижозлар билмаса, бўлгани. Сенга нима? Сен кимсан ўзи? Сен ҳеч киммассан! Одам ҳам эмассан! Шунчаки қора ишчисан –“посудамойчик”сан холос. Кўзингни кўр, қўлоғингни кар қилиб ишла ва чойчақангни олу кетавер!…. “Озода сассиқ”лик қилма бу ерга! Муҳими, “клент”нинг чаккасига бир уриб, пулини олиш. Шиор шу. Тамом-вассалом.

Мана, бедаъво дардлар қаердан ва нимадан пайдо бўларкан?

Ҳожатхона ювилган сувда ликопка “чайилгач” микроб бўлмайдими, одам ажалидан беш кун бурун ўлмайдими? “Санэпстанция” қаерга қарайди?

Йўқ, мен бунингдек бемазагарчиликлар ҳақида “Шерхон”нинг бошлиғига айтмоқчи эдим. Бироқ…

Ярим тунда идиш-тавоқ ювиб ётганимизда сигаретасини тутатиб, тор жинси шимига сиғмаётган бир эркак киши кириб келди. Кўзлари қонталаш. Бурни осмонда. Хода етиши душвор. Салом берсанг, алик олмайди.

– Бу прокурорларданми? Жа кеккайгану? Ҳожатхона қидириб юрибди, афтидан? Адашиб қолибдими? – сўрадим офитсантлардан биридан.

– Йўқ, “шеф” бўлади бу киши, – пичирлади офитсант.

Қонталаш кўзларидан маълумки, бу одам қора ишчининг – “посудамойчик”нинг гапини эшитадиганлар хилидан эмас.

Йўқ, мен бу ерда ишлолмас эканман. Хўрандаларга пешобини ичириб, пулини олиш… нажаси артилган латтани ликопчага қўшиб ювиш… Ҳожатхонага кириб чиққан пойабзал юрган поллатттани идиш-товоқларга қўшиб чайиш…. буни кўриб, кўрмасликка олиш…. индамаслик… менга, феълимга тўғри келмаскан. Виждоним қийналади.

Ишни бошлаб қўйгандим. Бир амаллаб тонг оттирдим. Кунлик “улуш”имни олдим-да, “ҳаё-ҳуйт” деб уйга отландим.

Қайтиб “Шерхон” чойхонасига қадам қўймадим.

Майли, у “Шерхон”да пойхатнинг қози-ю корчалонлари, казо-казолари пешобига чайилган чойнагида чойларини ичиб тураверсин, кўкрак кериб юраверсин, ҳангомани кейинги ресторандаги расвогарчиликлардан эшитинг!:

Навбатдагиси “Лаззатли макон”.

“Лаззат макон”даги “лаззатли” лаҳзалар….

(Давомини эртага ўқийсиз)