Англамай, сўзлама…

Англамай, сўзлама…
98 views
29 November 2016 - 5:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Кетгувчи бўлма

Кел, эй, кўнглим, сенга насиҳат қилай;
Ватанни тарк этиб, кетгувчи бўлма!
Ўзингдан эпсиз бир ғаюр, номарднинг,
Хизматида қуллуқ этгувчи бўлма!

Хизмат қилсанг, бўлсин бир аслзода,
Ота-бобосидан буюк бекзода,
Ҳарчанд қолар бўлсанг ожиз, афтода,
Ёнидан бир замон кетгувчи бўлма!

Оқмайин қолмасдир бир оққан ариқ,
Бир танда одам ҳам семиздир, ориқ,
Бир юзи бурушдир, бир юзи чирик,
Чирик деб, қаттиқ сўз айтгувчи бўлма!

Яхшилардан ҳаргиз чиқмас ёмонлик,
Асли ёмон бўлса, чиқмас яхшилик,
Аслига тортади қўриқ, чаманлик,
Қўриқни чаманга сотгувчи бўлма!

Бир насиҳат берай, пандимни олсанг,
Имтиёз айлагил, ўтирсанг, турсанг,
Хабарсиз, хатарсиз бир жойга борсанг,
Таомининг тузин тотгувчи бўлма!

Чақирилган жойга бор, ўтиргил, турма,
Чақирилмаган жойга кўринма, борма,
Уялмас кишидек суйкалиб юрма,
Буюрилмаган ишни этгувчи бўлма!

Агар сен ҳам бўлсанг норим, мулойим,
Сен мулойим бўлсанг, қулинг бўлойин,
Қулоғимга берган пандинг олойин,
Кишига қаттиқ сўз айтгувчи бўлма!

Нам тушмаса, ерда майса кўкармас,
Йиғилса минг қайғу, бир иш битирмас,
Эр йигит кўнглига қайғу келтирмас,
Номард ўғлидайин қайғучи бўлма!

Мард йигитлар элга ёяр дастурхон,
Тўғри сўз устида берар ширин жон,
Умрини ўткариб демасдир ёлғон,
Жаҳд айлаб, ёлғон сўз айтгувчи бўлма!

Тошюрак кимсалар ҳаргиз бош бўлмас,
Ҳар неча шодланса, кўнгли хуш бўлмас,
Икки яхши бир-бирига дуч бўлмас,
Яхшини ёмонга қўшгувчи бўлма!

Таваккал нар эрур, андиша – моя,
Кўнглингни юборма ҳар қайси жоя,
Барчанинг ишончи қодир Аллоя,
Аллоҳдан ўзгани суйгувчи бўлма!

Урар бўлсанг, ўқ ур, нафснинг кўзига,
Қара, чин кўз билан қонун юзига,
Алданиб кирмагил шайтон сўзига,
Аллоҳнинг амрини қўйгувчи бўлма!

Шодмон бўлсин, десанг, енгил, оғирлар,
Бекор сўзлаб, оғритмагил, бағирлар,
Дуч келса йўлингда гунглар, сағирлар,
Уларнинг ҳолига кулгувчи бўлма!

Кичикликдан ибодатга бўйин қўй,
Қиёматнинг ўйин қилсанг, ўйин, қўй,
Тарк этиб, дунёни, завқу тўйин, қўй,
Кир, паноҳ йўлига, қайтгувчи бўлма!

Уруқликман, дема, унда уруқ бор,
Ҳисобу номаю вазн, сўроқ бор,
Ёлғончи бандамиз, сонсиз дуроқ бор,
Билиб, ёлғон сўзни айтгувчи бўлма!

Май ичсанг, яхши кун, тўй-маъракада,
Каъба сенинг учун қуруқ бир кунда,
Қуръонни, куйдириб, бутга қил, сажда,
Мардумга озор иш этгувчи бўлма!

Гар топсанг дунёда мулки Искандар,
Қоруннинг моли ҳам бўлса муяссар,
Охири бўларсан ерга баробар,
Кўнгилда манманлик этгувчи бўлма!

Ҳар қанча бўлсанг ҳам соҳиби мансаб,
Олимлар сўзини ҳазм қил, англаб,
Сўз топсанг, сўзлагил, топмасанг, бўл хап,
Қўлдан келмас ишни этгувчи бўлма!

Тонг отса, муллолар чақирар азон,
Бузулмасдир ҳаргиз қисматда ёзган,
Йигитлик – бўстондир, қарилик – хазон,
Тасбеҳдан ўзга сўз айтгувчи бўлма!

Айтарлар: “Йиртиқ тўн кўрса, ит қопар,
Феъли ёмон банда, Худодан топар”,
Охири бир куни қиларсан сафар,
Тор кўнгил фиғлини тутгувчи бўлма!

Китобини, очиб, ўқиб, мулло, дер:
Кўкарадир ёмғир суви билан ер.
Олқишу фотиҳа, дуо билан эр,
Мазлумга ситам иш этгувчи бўлма!

Иззат этган билан киши бой бўлмас,
Тўрт ёнга чопмасин, мулки шай бўлмас,
Жаҳонни талх этиб, кўнгли жой бўлмас,
Жаннатдек жойингдан кетгувчи бўлма!

Қарилик келгуси бир кун офати,
Йигитликнинг сўнар бир кун қуввати,
Ғанимат бил, ғофил, бу дам фурсатни
Мурдадек узаниб, ётгувчи бўлма!

Итнинг боласини туллаш оздирар,
Хожаси кечирса, банда ёздирар,
Арғумоқ боласи борҳо ўздирар,
Бандасан, Хожангга ёзгувчи бўлма!

Давлатли ўғиллар ёшда бош бўлар,
Яшайверса, бедавлатлар ёш бўлар,
Бераҳм золимнинг бағри тош бўлар,
Борар жойга кесак отгувчи бўлма!

Эр ўғил боласи борҳо бой бўлар,
Қамчининг остида ёмон лол бўлар,
Маърака кўрмаган йигит не бўлар,
Бўлар-бўлмас сўзни айтгувчи бўлма!

Мўминнинг гинаси – даллининг ҳоли,
Қуриганча бўлар эрмиш мисоли,
Кўнглингни гинадан айлагил холи,
Куфурдек гинани тутгувчи бўлма!

Эй кўнгил, келгин, сен, Ҳақни топайлик,
Набсимиз отини, миниб, чопайлик,
Айтарлар: Ҳақ эрмиш – меҳру вафоли,
Шул сўзингдан ҳаргиз қайтгувчи бўлма!

Яратган бандага яқиндан-яқин,
Насиб айлаганга муҳаббат чақин,
Жойба-жой келтирсанг, бандалик ҳаққин,
Хожанинг буйруғин қўйгувчи бўлма!

Мен, дедим, бир неча панду насиҳат,
Билсанг насиҳатдир, йўқса, пасиҳат,
Пасиҳат билмагил, билгил, насиҳат,
Ёлғон, авровларни айтгувчи бўлма!

Мақсад – бу сўзларга қилгил эътибор,
Умрада – риёзат, ҳажда – наъжот бор,
Англамай, сўзлама, томда қулоқ бор,
Ич сиринг кимсага айтгувчи бўлма!

Махдумқули, дилда кўпдир армони,
Топмади оқибат дардга дармони,
Етишар бир куни Тангри фармони,
Рўзу шаб ғафлатда ётгувчи бўлма!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди