Дўрмон сотқин бўла бошлади

Дўрмон сотқин бўла бошлади
59 views
29 November 2016 - 13:15

Бугун истеъдодли ўзбек шоири ва таржимони Асқар Маҳкам туғилган кун.

Асқар ака ҳаёт бўлганларида 58 ёшга кирган бўларди.

Бу сурат 1978 йилда олинган. Ўшанда биз Асқар ака билан Ленинобод педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти бўлими 2 курс студентлари эдик.

15181482_1448542445156705_8260311315018084944_n

Хўжанднинг эски шаҳридаги эски ҳовлиларидан бирида ижарада турардик. Уйнинг эгаси 60 ёшлардаги Айнийнинг Коришкамбасидай ҳасис бир одам эди. Ҳовлисидаги уйларда камида 30 нафар студент яшарди.

Бизнинг хонамиз ҳам жуда тор, менга ўхшаган новча йигит энига зўрға сиғарди. Бир хонада 4 бола турардик. На бир стол, на стул бор. Шу жойда овқатланамиз, кейин дастурхонни йиғиштириб чўзилиб дарс қиламиз ва шу жойга кўрпа тўшаб ётамиз. Овқатни ҳам шу катак хонага ўрнатилган туника печкада пиширамиз.(Бошка шароити яхшироқ, қимматрок квартиралар ҳам бор эди, лекин биз етимларга шуниси маъқул эди. Ойига 5 сўм берардик).

Асқар ака, яна бир шоир дустимиз Абдуллоҳ Зухур билан ана шу хонада бир йил яшадик.

Хотирамда қолгани, Асқар аканинг 96 варақли дафтарларга Пушкин, Лермонтов шеърларини тинмай кўчиргани эди. Биз ёш боллар, ака нима қиласиз қайта кўчириб, ана китобда борку, деб сўрасак, Асқар ака кулиб, ёзсанг хотирада яхши қолади, дердилар.

Биз донг қотиб ухлаб қолардик, эрталаб турсак бир пачка Прима сигарети чекиб бўлинган, дафтарлар эса тўлган бўларди.

Ана шундай қаттиқ меҳнат қиларди, Асқар ака!

Биз Сизни соғинамиз, ўрнингиз жудаям билиняпти, Асқар ака!

АСҚАР МАҲКАМ
***
Дўрмон қариб борар ичидан
Пориж эмас
эмас у Тоиф…
Қари қартанг қора ит билан
кезиб юрар Абдулла Ориф…
Не бир зотлар манзил этибди—
топиб бўлмас йўқ изларини
Битта қанжиқ булғаб кетибди
Шавкат Раҳмон ялпизларини…
Сигор тортар эди толганда
ногоҳ қариб қолди жуда ҳам
Яна бир йил яшай олганда
чинорлардан ясарди қалам..
Дўрмон сотқин бўла бошлади
сотди ҳар бир қарич жойини…
Харобага элтиб ташлади
валийлардек ёлғиз Боқийни…*
Этак қоқди шўрлик барига
вайронага кириб кетди жим…
Тунда итлар улишларига
Қўшиларди менинг юрагим…
Дўрмон қариб борар ичидан…

Дўрмон, 22 июл, 1999 йил.

Садриддин Ашур

Манба: Facebook.com