“Эртага, иншааллоҳ, бу нарсалар барчаси мусулмонларга ўлжа бўлғай…”

“Эртага, иншааллоҳ, бу нарсалар барчаси мусулмонларга ўлжа бўлғай…”
159 views
01 December 2016 - 5:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 119

(давоми)

ҲУНАЙН ҒАЗОТИ

Макка шаҳри фатҳ қилингандан кейин Ҳавозин, Сақиф қабилаларининг раисларига қўрқинч тушди. Барчалари йиғилишиб бу ҳақда кенгаш тўпландиғи туздилар. Алар:

— Муҳаммад эрса ўз қавми Қурайш ишидан қўли бўшанди. Уларнинг раислари чорночор унга бўйсунишдилар. Энди бизнинг устимизга келишдан уни тўскудек ҳеч нарса йўқдур. Эндиги маслаҳат шулдурким, Муҳаммад бош-оёғини йиғиб куч олгунчалик унинг устига биз бостириб борайлик, — дейишиб шунга тўхтам қилишдилар.

Ўзларидан бошқа турлик қабилалардан уларга кўп халқ қўшилди. Ҳар қабила устига ўз раисларидан бошлиқ сайладилар. Бутун йиғилган қўшин устига Ҳавозин раисларидан Молик ибн Авф деган киши бош қўмондонликка тайинланди. Сўнгра у киши ҳар бир аскар хотин-боласини, мол-чорвасини ўзи билан бирга олиб келсин, деб буйруқ чиқарди. Бу келган душман қабилалари ичида Бани Саъд қабиласи ҳам бор эди. Бу эрса Расулуллоҳнинг туғилгандан кейин тўрт ёшга етгунча эмизиб боққан энагалари Ҳалима хотуннинг қабиласи эди. Булар ичида Дурайд ибн Симма номли атоқли зўр баҳодирлардан бир киши ҳам бор эди.

Лекин бу киши эрса қарилик вақти етиб ёши юздан ўзғон, кўз кўрар нуридан ажрағон эди. Шундоқ бўлса ҳам уруш ишидаги тажрибасидан фойдаланмоқ учун уни бирга олиб юрган эдилар. Бу одам аскар ичига келгандан сўнгра, болалар йиғисини, ҳар хил ҳайвонларнинг турлик равишда товушини қулоғи эшитиб, бунинг сабаби нимадур, деб аскар бошлиғи Молик ибн Авфдан сўради. Бу киши эрса ёши ўттиздан ошаб, камолга етган киши эди. Анда ул:

— Дунёда турган ҳар киши уч нарса — жони, оиласи ва моли учун уруш қилгай. Мана шуларни сақламоқ учун энг сўнги кучлари билан урушурлар деб, ҳар аскар сафининг орқасига ўз хотин-болаларини, мол-дунёларини келтириб қўйдим. Энди алар ҳеч қачон буларни ташлаб қочолмагайлар. Хотин-болаларини қўриқлаб, душманга қарши ўлгунларича урушгайлар,— деди.

Бунинг шу сўзини англагач, қари баҳодир:

— Ҳой киши, сен аскар қўмондони эмас, қўй-эчкиларнинг чўпони экансан. Душмандан енгилиб қочган аскар олдини ҳеч нарса тўса олмагай. Уруш иши ўлиш ишидур. Қилич-найзасини қўлидан туширмай туриб, жон берган аскарларгина душманни енга олади. Хотин-бола, мол-дунё, қўрққан кишини йўлидан қайтара олмагай. Агар душманни енгар бўлсак, барчамизнинг тилагимиз шулдур, унда яхши иш бўлур эди. Агар душмандан енгилар бўлсак, мол-жон кетиб, яна хотин-болаларимизни душманларимиз асир, молларимизни ўлжа қилгайлар. Бу ишдан ҳеч қандай фойда биз учун чиқмайдур. Энди мен маслаҳат берурман, бу фикрдан қайтиб, хотин-болаларни тарқатиб, ўз жойларига қайтаргайсан, — деди.

Яна шунга ўхшаш бир қанча тажрибалик ишларни айтди эрса, ҳеч бирини ҳам қабул қилмай:

— Сен қариликдан ўтиб, алжиб қолибсан, — деб қўполлик билан унга жавоб қайтарди. Йўқ эрса бунинг маслаҳатидан чиқмасликка ўзи ваъда берган эди.

Сўнгра қари баҳодир бунинг сўзидан кўнгли оғриб:

— Эй Ҳавозин халқи, бу киши эрса менга берган ваъдасини ўзи бузди. Кўрсатган йўлимга юрмади. Бундан бошқа фойда берарли менда ҳеч иш йўқдур. Фойда ўрнига зиён чиқарму деб, қўрқиб қолдим. Иш бундай бўлгач, мени ўз еримга етказинглар, қайтгайман,— деди.

Анда аскар бошлиғи қиличини қўлига олди ва:

— Эй халқ! Агар меним шу фикримга юрмас экансиз, шу қиличимни кўксимдан қўйиб, орқамдан чиқаргайман, — деб ўзини ўлдирмоққа қасд қилди. Буни кўрган аскар бошлиқлари:

— Қандай бўлса ҳам сенга итоат қилдик, сенинг сўзинг билан юргаймиз, — деб ҳар томондан қичқирдилар.

Улардан ваъда олгандан сўнгра аскар тартибини туза бошлади. Отлиқ аскарлар олдинги сафда турдилар. Булар кейинидан найзалик пиёдаларни қўйди. Бунинг ортидан туя минган хотинболалар қалин саф боғлаб турдилар. Қолган ҳайвонлар — қўй, эчки, сигирларни бир-бирларига боғлаб, қочганлар ўтолмагудек қилиб зич боғлаб энг орқага турғузди.

Бу хабар Расулуллоҳга бориб етгач, сўз келтурмак учун тингчи қилиб икки кишини юбордилар. Булар бориб уларнинг уруш ўрнини билиб, хотин-бола, мол-чорвалари билан кўчиб келган хабарини келтирдилар.

Расулуллоҳ бу сўзни англагач, кулимсираб:

— Эртага, иншааллоҳ, бу нарсалар барчаси мусулмонларга ўлжа бўлғай, — дедилар.

Душман устига юришдан илгари аскарга кўрик ўтказиш лозим эди. Кўрик қилгандан сўнгра қарасалар, қурол-яроғ етарлик чиқмади. Анда Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайяда уруш асбоблари борлигини англаб, Расулуллоҳ ундан сўрадилар. У чоғда бу киши иймон келтирмаган эди.

Анда ул:

— Эй Муҳаммад, зўрлик билан бўлмай, омонат тариқасида олур бўлсанг, йўқолса тўланур бўлса, бор қуролимни бергайман, — деб юз кишилик қурол келтирди.

Расулуллоҳ:

— Бу яроғлар эса бизда омонат бўлғай, ҳожат ўталгандан сўнгра ўзингга қайтаргаймиз, — дедилар.

Яна ўзларининг яқин қариндошлари Ҳорис ўғли Навфалдан уч минг кишилик найзани уруш ўтгандан кейин ўзига қайтариш шарти билан омонат олдилар. Шунинг билан уруш асбоблари тугалланган бўлиб, юришга буюрдилар. Қарасалар, аскар сони ўн икки минг бўлмишдур. Булардан ўн минг аскар мадиналик эрса, икки минг аскар Маккадан қўшилмиш эдилар. Яна булардан бошқа отлиқ, яёв, қари-қартанг, хотин-халажлар ҳам кўп эди. Ўлжа олиш умиди билан чиққан кишилар ҳам оз эмас эди.

Сафвон ибн Умайя, Суҳайл ибн Амр ва шунга ўхшаш иймон келтирмаган Қурайш раисларига қўшилиб, мушриклардан ҳам саксон киши чиқдилар. Буларнинг мақсадлари эрса, ўлжа ёки пайт топсалар ўч олмоқ эди. Шунинг билан юриб-ўлтириб, душман ерига яқин келганда, аскарга саф боғлатиб, уларга туғ, байроқ топширдилар. Муҳожир саҳобаларга: Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али, Ҳазрати Саъд ибн Аби Ваққосга уч туғ берилди.

Ансор саҳобаларга эрса икки туғ берилди. Хазраж туғини Ҳубоб ибн Мунзир, Авс туғини Усайд ибн Хузайр олди.

Қолган қабилаларга ҳам ўз тартибларича туғ, байроқ топширилди. Шунинг билан олдга ва ортга қоровул қўйиб, душман сари йўлга тушдилар.

(давоми бор)