ЎХҲ Ўзбекистондаги президентлик сайловини бойкот қилишга чақирди

ЎХҲ Ўзбекистондаги президентлик сайловини бойкот қилишга чақирди
37 views
03 December 2016 - 17:35

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 4 декабр куни ўтказилиши кутилаётган президентлик сайловлари арафаси баёнот чиқариб, ўз тарафдорларини бу сайловни байкот қилишга чақирди.

“Биз эртага “сайлов” номи остида МУХОЛИФАТСИЗ ўтаётган тадбирни натижаси олдиндан маълум бўлган бир сиёсий фирибгарлик дея баҳолаймиз. Бу сохта “сайлов” мавжуд ҳукуматнинг сўнгги 27 йил давомида ўзбек халқини ёлғон ва давлат террори билан бошқариб келган Каримов режими давомчиси эканининг очиқ ифодасидир”, – дейилади 3 декабрь куни ЎХҲ сайтида эълон қилинган баёнотда.

4 декабр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна уч сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Бир кун аввал Озодлик Ўзбекистонда барча партиядан фаоллар Шавкат Мирзиëев тарғиботи билан шуғулланаётгани ҳақда хабар берган эди.

Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Эрк” Демократик партияси, “Бирлик” Халқ ҳаракати, Ўзбекистон Халқ ҳаракати узоқ йиллардан буён асосан хориждан туриб фаолият юритиб келишади.

Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка мувофиқ, сайлов эълон қилинган кундан олти ой аввал рўйхатдан ўтган сиёсий партияларгина Ўзбекистон президент сайловида иштирок эта олади.

4 декабр кунги сайлов президент Ислом Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшида миясига қон қуйилиши оқибатида вафот этиши ортидан Конституцияга мувофиқ чақирилди.

Бу – Ўзбекистон мустақиллиги тарихида Ислом Каримовнинг иштирокисиз кечажак биринчи президент сайлови бўлади.

Манба: “Озодлик” радиоси