“Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган интеллектуал”

“Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган интеллектуал”
12 views
06 December 2016 - 10:32

Максим Шевченко – Ҳайдар Жамолни хотирлаб.

Ҳайдар Жамол ҳақиқатни ҳукуматнинг юзига қараб айтадиган буюк бир инсон эди. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган инсон эди. У мусулмон эди, у барча инсонлар ҳуқуқларини, асосан уруш, қатағон, зўравонлик ва террорга дучор бўлаётган, замонавий инсониятнинг кўпроқ таҳқирланган қисми бўлган мусулмонлар ҳақларини ҳимоя қилар эди.

Шунингдек Ҳайдар юқори даражали Москва интеллектуали эди. Ёшлигида, Евгений Головин, Юрий Мамлеев, Александр Дугин (Дугин Ҳайдар Жамолнинг талабаси эди) каби хос интеллектуаллар доирасига тегишли эди. Ҳайдар ажойиб шоир эди, у бир неча шеърлар тўпламларини нашр қилдирди – жуда кучли, оригинал ва ноодатий шеърият. У фалсафа ва замонавий амалий сиёсатшунослик бўйича кўплаб китоблар ёзди.

Ҳайдар Жамол фақатгина ўзининг мавжудлиги билан интеллектуал мунозара қилишга мажбур этиши билан ажралиб турар эди. Ва уни севганлардан – бундайлар жуда кўп эди, таъзия ва мухаббат сўзлари оқиб келмоқда, – ва уни ёқтирмаганлар эса, бундай инсонлар ҳам кам эмас эди, – жуда муҳим инсонни йўқотишди.

У ҳар доим учрашувга, курашга юзма-юз юрди, жангдан қочмади, гарчи жуда нафис бир инсон эди. Мени ҳар доим унинг ҳаттоки энг ёмон душманлари билан ҳам жентелменлик билан нозик, қатъий ва принципиал маомала қила олиши лол қолдирар эди. Ҳайдар бор жойда гўёки вақт чалкашиб кетар: маъно, мунозара, диалог ва ривожланиш майдони пайдо бўлар эди. Унинг қудратли ақл юритиши, аллақачон турғун ботқоқни эслатувчи бу дунёда бир ҳаракатни вужудга келтирарди. Ҳайдар сўнгги лаҳзага қадар ҳаракатда бўлди ва бу турғун сув оралаб юрди.

У ётоғидан туролмайдиган бўлиб қолганда ҳам ишлаётган эди, барибир китоб ёзаётган ва айтиб туриб ёздираётган эди. У ўлим яқинлашиб келаётганини билар эди ва бир вақтнинг ўзида бир нечта китобларни ёзиб тугатишга улгуриш учун ҳаракат қиларди. Ўйлайманки, унинг ўлимидан сўнг биз – унинг дўстлари ва шогирдлари – барчасини нашр қилдирамиз. У ёзган барча нарсалар рус тилида интеллектуал фикр юритиш учун жуда муҳим.

Ҳайдар мусулмон ва озарбайжон эди, турк халқининг ўғли эди, ва бу билан фахрланар эди. Шу сабабдан ҳам унинг – турк дунёси бешиги бўлган Олмаотада вафот этишида қандайдир ҳикмат бор. Ҳайдар у ерга даволаниш учун борган эди, у ерда ҳаётдан кўз юмди ва Олмаота қабристонида дафн этилади. Чунки ислом урф-одатига кўра инсон қаерда вафот этган бўлса ўша ерда дафн қилинади. Ҳайдар ўзи жуда севган ва ёшлигини бағшида қилган Осиёнинг ажойиб тоғлари манзарасига қараган Олатоғ этагида дафн қилинади.

Ҳайдар Жамолни либерал ва ватанпарварлар муҳитидаги барча танир эди – ва барча ҳурмат қиларди. Унинг ўрни бизга жуда ҳам билинади.

Юлия Минеева ёзди

Русчадан ЎХҲ таҳририяти таржимаси