Мусулмонлар нусратни Аллоҳдан тиламаклари лозимдур

Мусулмонлар нусратни Аллоҳдан тиламаклари лозимдур
25 views
07 December 2016 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 121

(давоми)

Фатҳ — нусрат шамоли Ислом аскари устига эсди. Мушриклар эрса қочмаслик учун орқага сафлаб қўйган хотин-болаларини депсаганларича мол-дунёларини қолдириб, тўп-тўп бўлиб қочгали турдилар. Булар орқаларидан мусулмонлар қувғин қилиб, қўлга кирганларини ўлдирдилар. Бир-бирларига қайрилиб қарамоққа чамалари қолмади.

Расулуллоҳ айтганларидек, хотин-болаларини, бутун мол-дунёларини мусулмонларга ўлжа ва асир қолдириб, ўлимдан қолганлари эрса жон ваҳмидан бошлари оққан ёққа қочишиб йўқолдилар. Улардан қўлга тушганлари асир олиниб, Расулуллоҳ олдиларига келтирилди.

Энди шуни билмак керакким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари учун уруш ишларида ибрат олгудек бу ғазотда энг муҳим бир дарс қолдирдилар. У эрса умматларидан чиққан кейинги аскар бошлиқларига улуғ эсдалик бўлиб қолди.

Бу ишнинг кўринишидаги сабаби шу эрдиким, Маккадан қўшилган мушриклар, ўлжа пойлаб келган кўчманчи бадавийлар, ҳали иймон кўнгилларида ўрнашиб етмаган янги мусулмонлар — мана шунга ўхшаш турлик кишилардан Ислом қўшини тузилмиш эди.

Бундай кишилар олдида Исломнинг енгиши ёки енгилиши барибир эди. Шунинг учун душманга биринчи тўқнашишдаёқ ҳалиги айтилган кишилар энг биринчилар қаторига тушиб қочгали турдилар. Агар аллоҳдан ёрдам етмаган бўлса эди, иш мусулмонлар зарарига оғиб кетишига озгина қолиб эди. Мана шу чекинишнинг кўринишдаги сабабидур. Аммо бу ишнинг асосий сабаби эрса, саҳобалардан баъзи бирлари Маккадин қўшин қўзғалиб буларнинг яъни Ислом аскарининг кўплигини кўриб ажабланганларидан айтмиш эди:

— Ё Расулаллоҳ, бизлар энди кўпайдик. Бундан кейин душмандан енгилмаймиз. Бу сўзни Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ айтди, деган ривоят ҳам бор. Расулуллоҳ буни англагач, яхши кўрмай айтгувчидан юз ўгирдилар. Яъни бу сўзни ёқтирмадилар. Сўнгра Расулуллоҳни тасдиқлаб бу ҳақда шу оят нозил бўлди:

«Ва явма Ҳунайнин из аъжабаткум касратукум фалам туғни анкум шайъан».

Яъни, «Ҳунайн урушида кўпчилик бўлганларингга ишондинглар, у эрса сизларга фойда бермади».

Иккинчи бир оят-да:

«Ва ман-насру илла мин индиллаҳи».

Яъни «Ҳақиқатда эса урушда нусрат топиш Аллоҳдин бўлур».

Ҳар бир мусулмон кишига шундоқ деб ишонмоқ фарздур. Айниқса, Пайғамбар саҳобаларигаким, улар Расулуллоҳни кўзлари билан кўрмишлар, эрта-кечда ваҳий келганларини билиб турадилар.

Душманни енгмоқ, уруш ютуқларига эга бўлмоқнинг шароитлари тўлиқ топилган тақдирда ҳам мусулмонлар нусратни Аллоҳдан тиламаклари лозимдур. Мана Ҳунайн воқеаси бу ишнинг ҳақиқатини очиқ исбот қилди. Йўқ эрса, шу замон талабига мувофиқ уруш асбоблари ҳам етарли эди. Аллоҳ ёрдами бир оз кечикиб эди, аскар кўплигига қарамай, хиёл ўтмай душманларидан зарба едилар.

Қуръоннинг айтишича, Пайғамбаримизнинг кўрсатишларича, ҳар бир мусулмон киши дунёда бир иш қилмоқчи бўлур экан, энг аввал бутун имконият борича ҳар замоннинг ўзига яраша ул ишнинг бутун асбоб-шароитларини тўлиқ қўлга келтирмак керакдур. Агар тўқсон тўққизини қилиб, имконият бўлатуриб бирини қилмай қолдирса, иш асбобини тўлиқ қилмаган бўлур. Бунинг сўнгида Аллоҳга таваккални тўлиқ қилиб, ҳар ишни ҳақиқатда бўлдиргувчи ёлғиз бир Аллоҳ деб ишонмоқ лозимдур. Мўмин бандаларнинг барчасига буюрилган Қуръон ҳукми шулдур. Нима иш қилур бўлсалар, аввал бутун сабабларини қилиб бўлиб, сўнггида Тангрига таваккал қилмоқ, анинг бўлиш-бўлмаслиги Худо ҳукмидадур, деб билмоқ ҳар бир мусулмон кишига фарздур. Лекин асбобсиз иш шароитини бажармай туриб, қуруқ таваккал қилишга ҳеч вақт шариат буюрмайди.

Таваккалсиз ёлғиз асбобнинг ўзигагина ишонмоқ бу ҳам Исломиятга тўғри келмайди. Энг тўғри тўхталган эътиқод шулдурки, бир ишнинг бутун асбоб-анжомларини тамоман тайёрлаган бўлса ҳам шу иш юзага чиқишини Худо хоҳласа бўлгай, хоҳламаса юзага чиқмагай. Худо хоҳламаган нарсани ҳеч кимарса бўлдира олмагай, деб эътиқод қилмоқ ҳар бир мусулмонга фарздур.

(давоми бор)