Ғалати парадокс

Ғалати парадокс
91 views
09 December 2016 - 11:23

Шавкат Мирзиёев президентликка сайланди. Халқ томондан демократик тарзда барча қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда сайланди, деймиз-у, аммо бир қанча сабаблар борки, ушбу инсонни сайламасдан бошқа иложи ҳам йўқ эди халқнинг. Майли, бу бутунлай бошқа масала. Ҳозир бу ҳақда қалам тебратишни истамайман. Гап бошқа ерда.

Бу тўғрисида ёзишнинг ҳам мавриди эмасдек ҳозир. Ахир, Шавкат Миромоновичнинг баландпарвоз сўзларию, бир қанча янги қонунларга асос солганлиги кўпчиликни хурсанд қилгани бор гап. Кўпчилик ҳайратда. Биз қийин даврлардан ўтиб, янги ҳаётга қадам босаётгандекмиз гўё. Бу ҳам майли. Мени бошқа масала ўйлантирмоқда.

Авваламбор, Шавкат Мирзиёев президент вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган даврда ҳам, президент бўлган бугунги кунларда ҳам биринчи президент Ислом Каримовнинг ишларини давом эттиришини кўп бора таъкидлади. Аммо ҳар биримиз бугун кўриб турибмизки, унинг бажараётган ишлари, яъни қўшниларимиз билан яхши алоқаларнинг ўрнатилиши, туристларни юртимизга қайтарилиши, валюта “қора бозорига” чек қўйилиши ва ҳоказолар биринчи президентимиз қарашларига зид эди… Ўртада савол туғилади: Шуми Ислом Каримов ишларининг давоми? Шуми биринчи президентнинг олиб борган сиёсати тарафдори, унинг давомчиси? Бугунги ишларнинг амалга оширилиши юртимизнинг биринчи поезидентининг қарашларига умуман тўғри келмас эди-ку? Буларнинг барчаси ғирт тескариси эмасми, ахир?

Бошқаларни билмадим-у, аммо шу ишлар олиб борилаётган бир вақтда менинг кўнглимда қандайдир ҳавотир бор. Тўғри, Шавкат Миромонович олиб бораётган бугунги сиёсати кўпчиликни, шу жумладан мени ҳам қаноатлантираяпти. Аммо ҳали жуда кўплаб ишларни амалга оширишга қадам қўймасдан туриб, катта ваъдаларни бераётган одамга ишониш қийиндек, назаримда. “Мен биринчи президентимизнинг ишларини давом эттираман”, деб туриб ҳам ғирт тескари ишларни бажараётган одам ўз сўзида туриб беришига ишончингиз комилми?

P.S. И. А. Каримовни ҳурмат қиладиган, севадиган, салкам отасига қиёслайдиган оломоннинг бугунги ишларини кўриб, ҳайрон қолмоқдаман очиғи. Биринчи президентнинг олиб борган сиёсатини тўла-тўкис маъқуллашарди, уни яхши кўришарди, “Энг яхши президент”, “Миллат Отаси” қабилидаги сўзларни бот-бот такрорлашарди, лекин… Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангач, уларнинг барчаси “Миллат Отаси”, “Юрт қаҳрамони”ни бутунлай эсдан чиқариб ташладилар чоғи, бугунги президентнинг олиб бораётган сиёсатидан, амалга ошираётган ишларидан маст бўлган бу оломон “Бизни янги давр кутмоқда!”, “Биз ниҳоят янгича ҳаёт кечирамиз!”, “Энди яхши яшаймиз!” – қабилидаги шиорларни ёдлаб олган. Ғалати парадокс. “Қирол ўлди… Яшасин қирол!”-ми энди бу ёғи?! Қани мантиқ? Ёки “ялашликнинг” чегараси, олқишларнинг ниҳояси йўқ бўлгани каби, маддоҳликда ҳам мантиқ бўлиши шарт эмасми?..

Темурмалик Тожиддинзода
9 декабр, 2016

Манба: facebook.com