«Худо учун буни қўйдим»

«Худо учун буни қўйдим»
26 views
10 December 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 122

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундоқ бўлиб, мушриклар бутунлай енгилгандан кейин, улардан ажали етмагани бўлса қочиб қутулди. Ўлимдан қутулиб қўлга тушганлари асир олинди. Уруш иши бутунлай тўхталгандан сўнгра ўлжа олган молларни йиғмоққа буюрдилар. Йигирма олти минг туя, қирқ мингдан кўпроқ қўй-эчки, тўрт минг уқия кумуш ўлжага тушиб, олти мингдан ортиқ хотун-бола асир олинган эди.

Бу ерда енгилган душман аскарлари эрса уч ёққа бўлиниб қочдилар. Булардан бир бўлаги Тойиф шаҳрининг қалъасига кириб қамалдилар. Иккинчиси эрса Наҳла деган жойга етиб шунда тўхтадилар.

Учинчи энг кўп бўлимлари Автос деган ерда тўпланишиб, қайтадан урушмоқчи бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни англадилар эрса, тездан бориб уларни босиш учун Абу Омир Ашъарий қўмондасида бир фирқа аскар юбордилар. Булар душман устига боришиб, биринчи тўқнашдаёқ улар енгилиб, бирмунча ўлик қолдириб қочиша бошладилар. Лекин аскар бошлиғи Абу Омир бу урушда шаҳид бўлди. Абу Мусо Ашъарий бунинг иниси эди. Оғаси Абу Омир шаҳид бўлгандан сўнгра унинг ўрнига ўлтириб, ўлжа олинган молларини олиб, Расулуллоҳ қошига қайтди.

Сўнгра Расулуллоҳ у ердин қўзғалиб Тойиф шаҳри устига келдилар. Келаётган йўллари устида душман аскарининг бошлиғи Авф ибн Моликнинг қўрғони бор эди, уни. Расулуллоҳ бузмакка буюрдилар. Тойифга келиб қарасалар, душманлар қачонлардур келишиб қалъага қамалишган экан. Бир йилга етарлик озиқ-овқатларини ҳам ғамлаб олишибдур. Шундоқ бўлса ҳам мусулмонлар қалъани қуршаб олиб, қамал қилишга киришдилар. Душманлар эрса қалъа устидан туриб буларни ўққа тутдилар. Саҳобалардан бир нечаларига ўқ тегиб яраландилар.

Булар ичида Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ўғли Абдуллоҳ қаттиқроқ яраланган эди. Шу ярадан соғая олмай юрганича бир неча йиллар ўтиб, отаси Абу Бакр Сиддиқ халифалик замонларида вафот топди, разияллоҳу анҳу.

Шундай қилиб, Тойиф шаҳрини ўн саккиз кун қамал қилдилар. Ҳар куни Холид ибн Волид майдон ичида қани чиқсун деб, душмандан ўзига баҳодир чақириб турган бўлса ҳам, унинг қаршисига ҳеч ким чиқа олмади.

Бир куни Сақиф қабиласининг раиси Абду Ёлайл қалъа устидан туриб қичқириб:

— Эй Муҳаммад, бу қалъани олишга овора бўлиб кўп уринманглар, бизлар эса ҳеч вақт қалъадан чиқиб уруш қилмаймиз. Бошимизга шундай кунлар келишини кутиб турганликдан ғамлаган овқатимиз ўзимизга етарлидур. Агар йиллар ўтгунча устимиздан кетмай қамал қилиб турсангиз, овқатимиз камайиб қолса, у чоғда барчамиз яланг қилич бўлиб селдек қоплаб устингизга қуюлурмиз. Нима иш бўлур экан, уни бахтимиздан кўрамиз, — деди.

Бунга ҳам қарамай, ўшал замоннинг уруш асбоби манжаниқ, даббоба деган қалъабузар қуроллар келтириб ишлатдилар. Шаҳар атрофидаги узумзор, хурмозор боғларни кесиб вайрон қилишга Расулуллоҳдан рухсат олишиб, бирмунчаси кесилганида, Худо ҳаққи бу ишни қўйинглар, деб қалъадан қичқиришди. Буни англаб: «Худо учун буни қўйдим», дедилар.

Яна Расулуллоҳ қалъа ичидаги қуллардан ким қочиб чиқар экан, уни қулликдан озод қилгаймиз, деб жар чақирдилар. Буни англашиб қулларидан йигирма уч киши қочишиб чиқди. Бу иш уларга қаттиқ зарба бериб, ўз ичларидаги борлиқ қуллар бузилишга бошлади.

Шу орада Ғатафон қабиласининг раиси Уяйна ибн Ҳисн халққа жон куйдирган бўлиб, Расулуллоҳ қошига келди. Пайғамбаримиз буни обрўйлик аҳмоқ дер эдилар. Тилида мусулмон бўлмиш эрса ҳам иймон кўнглига аниқ кирмаган эди.

— Ё Расулаллоҳ, агар рухсат қилсангиз қамалда ётган душман қалъасига кириб, уларни Ислом динига даъват қилгай эдим. Ўзлари ҳам биздан шундай бир баҳона кутиб турган бўлсалар керак, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу яхши ишдур, — деб рухсат бердилар.

Сўнгра бу киши динга даъват қилиш ўрнига, уларга:

— Эй Сақиф халқи бу иш устида зинҳор бўшашманглар, ҳар қандай оғирчилик бўлса ҳам қалъани қўлдан бериб қўйманглар. Бизнинг кунимиз қурсин, сизларга ҳам келгай, биз эрса шу кунда қуллардан ҳам ҳолимиз харобдур, — деди.

Исломни ёмонлаб бундан ҳам бошқача кўп сўзларни уларга айтди. Шу билан душманларни кучлантириб қўйиб қайтиб чиққач, Расулуллоҳ:

— Эй Уяйна, уларга нима деб айтдинг? — деб ундан сўрадилар.

Шунда ул:

— Мен уларни жаннатга қизиқтирдим, дўзахдан қўрқитдим, Ислом динига даъват қилдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Ҳой ёлғончи, қачон шундай дединг, ёлғон сўзлама, — деб унга айтган сўзларининг бирини ҳам қолдирмай айтиб бердилар.

У эрса ҳайрон қолиб, хижолат бўлганидан:

— Ё Расулаллоҳ, бу ишдан, Худога тавба қилдим, анинг пайғамбаридан бу гуноҳим учун авф сўрарман,— деди.

Бу айтган хиёнат сўзини саҳобалар англаб, уни ўлдирмоқчи бўлсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат қилмадилар. Сўнгра Ҳазрати Умар Расулуллоҳга келиб:

— Ё Расулаллоҳ, бу ишимиз кўп узайиб кетди, қалъага ҳужум бошлайлик, рухсат қилинг, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу тўғрида мен Аллоҳдан ваҳий кутмоқда эдим, шу кунгача ваҳий келмади. Энди бу иш устида маслаҳат қилгаймиз, — деб Дайлам қабиласи раиси Навфал ибн Муовияни чақиртириб, бу ҳақда у билан кенгашиб олдилар.

Ул:

— Ё Расулуллоҳ, булар бўлса инига қочиб кирган тулкига ўхшаб қолдилар. Агар уни пойлаб ўлтирсан, тутиб олгаймиз. Ташлаб кетсак, бизга зиён еткиза олмагайлар, — деди.

Расулуллоҳ бу сўзни тўғри топиб Ҳазрати Умарга буюрдиларким, аскарни кўчиргай. Бу сўзни англадилар эрса, шаҳарни олиб, душманни енгмасдан қалъани қолдириб кетсак, араблар ичида номусга қолгаймиз, дейишиб ташлаб кетишни оғир олдилар. Ҳақиқатда Расулуллоҳнинг айтганлари яхши маслаҳат эди. Буларнинг кўнглига қараб қайтадан ҳужумга буюриб эдилар, бу гал илгаригидан ҳам кўп кишиларга ўқ тегиб, ярадорлар кўпайиб кетди. Шунда билишдиларким, Расулуллоҳнинг деганлари халқ учун фойдали экандур.

Саҳобалардан бир нечалари келишиб:

— Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Сақиф халқи ҳалок бўлсин, — дедилар, Расулуллоҳ эрса:

— Эй бор Худоё, Тоиф халқи Сақифни ҳидоят қилгил, барчаларини мусулмон қилиб келтиргил, — деб уларга яхши дуо қилдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушни тўхтатиб, аскарни кўчишга буюрдилар. Булар ҳам суюнишган ҳолда кўчгали турдилар. Шу билан Тойиф устидан кўчишиб Макка томонидаги Жиърона деган жойга келишдилар.

(давоми бор)