Одам боласи эҳсон қулидур…

Одам боласи эҳсон қулидур…
117 views
13 December 2016 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 123

(давоми)

Душмандан тушган ўлжа моллар шу ўринда тўпланган эди. Шу қайтишларида дарахтли сой ичида кечалаб келаётган Расулуллоҳни уйқу элтиб, туя устида ухлаб қолдилар. Сидра деган бир йўғон ёғоч тўғрисига келиб туя қопланиб эди, у ёғоч иккига ёрилиб, ўртаси катта эшикдек очилди. Расулуллоҳ ухлаганларича билмасдан ўтиб кетдилар. У дарахт шу ажралганича қолди. Худо қудрати билан бўлган бундай ишлар агар пайғамбарларга бўлса, мўжиза бўлур. Авлиёлардан кўрилганлари эрса кароматдур. Ҳар икковига ишониш мусулмонларга фарздур. Яна ўз ўрни келганда бу масалани ҳар ким тушунгудек қилиб айтиб ўтармиз, иншаллоҳ.

Шунинг билан Расулуллоҳ манзилга келиб тушганларидан кейин душмандан олинган молларни кўздан ўтказдилар. Араблар одатича урушдан тушган ўлжа моллардан қабила раисларига ҳисса чиқариш албатта лозим эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб Қурайш раиси Абу Суфёнга бу молдан ҳисса чиқариб, юзта туя, қирқ уқя кумуш бердилар. Буни кўриб Абу Суфён:

— Ё Расулаллоҳ, ўғлим Зайдга ҳам, — деди.

Унга ҳам ўшанчалик буюрдилар.

— Ўғлим Муовия ҳам қолмасин, — деб эди, бунга ҳам шунчалик бердилар.

Демак, Абу Суфён оиласи уч юз туя, бир юз йигирма уқя кумуш олган бўлди. Бу киши эрса Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиб, қўлидан келарлик ёмонлигини аямаган, ҳалигача иймон кўнглига кириб ўрнашмаган эди. Унинг кўнглини Исломга оғдириш учун бу ишни қилдилар. Одам боласи эҳсон қулидур, деган сўз мазмунича Абу Суфён ўз устида бундоқ улуғ эҳсонни кўргач:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, Ё Расулаллоҳ. Сиз билан қилган уруш-ярашнинг икковида ҳам яхшиликдан бошқани сиздан кўрмадим, — деди.

Яна Қурайш раисларидан Ҳаким ибн Ҳизомга юз туя бердилар. Тағин сўраб эрди, яна юз туя қўшдилар.

Яна сўради, яна юз туя қўшдилар, ҳаммаси уч юз туя бўлди.

Бунга ҳам уч юз туя бергандан сўнгра айтдилар:

— Эй Ҳаким, бу дунё, моли эрса нафсга ширин, кўзга қизиқ кўринур. Агар буни тўқ кўзлик билан қаноат қилиб олса, оз бўлса ҳам, қутлуғ барокатлик бўлур. Агар нафсига эргашиб очкўзлик билан суқланиб олса, кўп бўлса ҳам унда барокат бўлмагай, ҳар қанча еб-ичиб турса ҳам қорни тўймагай. Устинги қўл остинги қўлдан ортиқдур.

Бергувчининг қўли олгувчининг қўлидан яхшидур, — дедилар.

Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳдан бу сўзни англагач юз туяни ўзига қолдириб, икки юз туяни қайтарди: «Сиздан кейин ҳеч кимдан мол қабул қилмағайман», деб онт ичди. Вафот бўлгунчалик шу аҳдини бузмасдан дунёдан ўтди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифалик даврларида атрофдан келган ғанимат моллардан бошқа саҳобаларга бергандек, бу кишига ҳам улуш чиқарар эдилар.

Расулуллоҳга берган ваъдани айтиб, уни ҳам қабул қилмас эди. Бу кишидан кейин Ҳазрати Умарга ҳам шу муомалани қилди. Дунёдан ўтгунча ваъдасини бузмай, киши қўлидан нарса олмади. Яна қабила раисларидан Ақраъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснларга ҳам юз туядан инъом қилдилар.

Аббос ибн Мирдос деган кишига қирқ туя бериб эдилар, у бунга рози бўлмай: «Ул юз туя олганлар мендан ортиқ эмаслар», деди ва бу айирмачиликка сабаб нимадур деган мазмунда шеър айтиб, халқ ичига тарқатди. Расулуллоҳ бунинг тили тўхталсин деб, яна олтмиш туя бердилар. Бундан мақсадлари эса мушрикларни Исломга қизиқтириш эди.

Қурайшнинг бош раисларидан Сафвон ибн Умайя ҳали иймон келтирмаган, балки Исломга кириш учун икки ой муҳлат сўраганда, унга Расулуллоҳ тўрт ой берган эдилар. Икки тоғ орасига тўлган саноқсиз кўп молни унга инъом қилган эдилар, буни кўриб тўрт ойлик муҳлатга қарамай, дарҳол иймон келтирди.

— Бундай улуғ эҳсонни пайғамбардан бошқа ҳеч ким қила олмагай, — деди.

Абу Суфён зоҳирдан иймон келтирган бўлса ҳам, кўнглида Ислом муҳаббати ўрнашиб етмаган эди. Уни динга жалб қилиш учун киши ҳайрон қолғудек унга инъом қилдилар. Булардан бошқа раислар Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ибн Ҳисн, Аббос ибн Мирдос каби кишилар эса атоқлик қоработир қабила раисларидан бўлганлари учун, буларни ҳам исломият йўлига тортишлари керак эди. Шунинг учун уларнинг суйган нарсалари билан кўнгилларини овладилар.

Расулуллоҳнинг бу қилган ишлари эса келгусидаги умматлари учун йўл кўрсатиш эди. Юқоридаги кишиларга берилмиш моллар эса аскар ҳақига қўшилмаган, Расулуллоҳнинг ўз ҳақлари эди. Бундай молар Пайғамбаримизнинг ўзларига тегишли нарсалардан берилгандур.

Қуръон қонунида душмандан ўлжа олинган молларнинг бешдан бирини Расулуллоҳ ўзлари олгайлар. Бундан ўз оилалари учун энг тубан даража нафақа чиқариб, қолганини фақир-мискин ҳожатларига улашар эдилар.

(давоми бор)