Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташланди

Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташланди
109 views
16 December 2016 - 0:01

Муҳаммад Бекжон энг кўп қамоқда ўтирган дунëдаги ягона журналистдир. (Фото: Маҳкум оиласи архивидан)

17 йилдан буён қамоқда қолаётган таниқли журналист, 62 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташланган ва унинг муддати узайтирилиши мумкин.

Муҳаммад Бекжоннинг яқин қариндошларига кўра 13 декабр куни улар маҳкумни кўриш учун Зарафшон турмасига боришган.

Бироқ, турма ходимлари Муҳаммад Бекжон билан ўнинчи январга қадар учрашиш мумкин эмаслиги, унинг изоляторга тушганини билдиришган.

Нима учун Муҳаммад Бекжоннинг жазо хибсхонасига ташлангани ҳақидаги саволга турма ходимлари аниқ жавоб бера олишмаган.

2011 йили озодликка чиқишига бир ой қолганида унга уйдирма айблар қўйилиб жазо муддати 4 йилу 8 ойга узайтирилган эди, бу муддат 2017 йилнинг февралида, яъни икки ойдан сўнг тугаши керак эди.

Бугун эса сиёсий маҳкум ва журналистнинг тағин раскрутка қилинишидан ҳавотир пайдо бўлди.

У мухолифатдаги «Эрк» демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва «Эрк» рўзномасининг собиқ бош муҳаррири бўлгани учун узоқ йиллардан бери қамоқда қолмоқда.

Муҳаммад Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.

Манба: Eltuz.com