Ғафлат

Ғафлат
87 views
21 December 2016 - 11:05

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Ўйлаб қарасам, ҳамма нарсани ғафлат бузади.

Масалан, лим-лим тўлиб оқадиган ариқ ўзанини бузиш учун бошига тўғон солиб сувни бирдан бошқа ёққа буриб юбориш шарт эмас. Бир чеккасидан кўрсаткич бармоқ учи билан салгина чизиб қўйсангиз, етади. Билинар-билинмас сизиб турса:

“Ҳа, арзимас экан-ку…”;

“Озгинаси чеккага сизган билан камайиб қолармиди…”;

“Қайтага яхшиликкадир, ён-атроф ҳам яшилланиб қолади…”

каби мулоҳазалар одамларни ғафлатга солади.

Бошда сизиб турган сув секин-секин жилдирай бошлайди, сўнг шалдираб оқади ва… охири бир куни қирғоқни тўласича ўпириб юборади.

Дин асосини бузиш учун ҳам уни таг-туги билан қўпориш шарт эмас. Бир чеккасидан озгина дарз кетказиб қўйилса, бўлди: ичидаги асллар ташга чиқиб, ташдаги ёт нарсалар ичига кириб бошлайди.

Илк дамдаги ғафлат вақт ўтиб дарз тирқишга айланишига ва кўплар бу тирқишга кўникиб қолишига сабаб бўлади.

Натижада кейинроқ тирқиш ўзи аслида бормиди-йўқмиди деган масалада тортишув чиқади. Мунозара, мулоҳаза кўпаяди.

Тирқиш катталаша бошлайди.

Ва охири бир куни… ўпирилади.

(Умуман олганда динимиз қиёматгача ўпирилмайди! Оллоҳ уни асрашни зиммасига олган. Лекин кўпларимизнинг қалбимизда ўпирилади, Оллоҳ сақласин.)

Манба: nmr-yondaftari.blogspot.com.tr