Сиёсий мухолифат – миллатдир

Сиёсий мухолифат – миллатдир
68 views
29 December 2016 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(2)

СИЁСИЙ МУХОЛИФАТ – МИЛЛАТДИР

Ўзбекистон ҳукумати, ниҳоят, “Эрк” Демократик партиясини рўйхатга олмади ва бу билан бўлажак парламент сайловларидаги асосий рақибидан қутулди.

Зотан, рўйхатга олмасликдан мақсад шу эди.

Айни пайтда таъқиқлаш билан ҳукумат Ўзбекистон Конститусиясидаги “кўппартияли сайловлар” принсипини ҳам йўқ қилди, чунки, расмий яшаётган икки партия – ХДП ва “Ватан тараққиёти” ташкилотлари ҳукумат ташкилотларидир.

Демак, бўлажак сайлов ҳам худди ўтган замонлардагидек, муқобилсиз, коммунистик бир сайлов бўлади.

Қизиғи шундаки, “Эрк”нинг фаолияти тўхтатилгани ҳақида биз газетдан, ҳукумат тарафига ўтган бир нечта собиқ “Эрк”чилар мақоласидан билдик.

Қурултойига ўз ҳукмини ўтказолмаган ҳукумат бу партияни энди жиғибийрони чиқиб ҳақорат қила бошлади.

“Халқ сўзи газетаси саҳифалари “Эрк” партиясига қарши ҳужум марказига айланди. Бу газетанинг навбатдаги ҳужуми аввалгисидан ҳам тубанроқ бир шаклда бўлди. “Халқ сўзи”нинг 20 ноябр сонида босилган собиқ “Эрк”чилар мактуби бугунги ҳокимиятнинг нақадар васвасага тушганидан далолат бериб турибди.

“Эрк” партиясининг 54 минг аъзоси бор. Улардан, газета эълон қилганидек, 17 киши эмас, 17 минг киши чиқса ҳам “Эрк” партияси йўқолмайди, йўқола олмайди.

Ҳукумат яна уч-тўрт ой меҳнат қилса, яна 15 кишини йўлдан оздириши мумкин, аммо бу ҳам даргумон. Чунки, бугунгача “Эрк” сафидан чиққанлар чиқиб бўлди. Бугунги оғир синовларга бардош беролмаганларга ҳатто ўзимиз айтдик, партиядан чиқиш ҳаётингизни енгиллаштирса, чиқинг дедик ва улар чиқди.

Қолганлари – қолди. Улар партия аъзоларигина эмас, улар иймон кишиларидир.

Ўзбекистон компартиясининг 750 минг аъзоси бир кунда, бир соатда ўз партиясидан воз кечди. Биз бунга ҳайрон бўлмаган эдик.

“Эрк”дан 17 киши чиқибди, буни коммунист оғайнилар нега байрам қилаяптилар? Ҳукуматнинг бу ғалати қувончи – қоронғида қўрққанидан қўшиқ айтаётган бир бола жунбушига ўхшайди. Бу ҳукуматнинг қонига қўрқув сингиб кетгандир. У ҳатто ҳужум қилса ҳам, қўрққанидан ҳужум қилади, қон тўкса ҳам қўрқувдан тўкади.

“Эрк” партиясини ҳам қўрққанидан рўйхатга олмади. Уни таъқиқлаш учун ҳукумат узоқ вақт баҳона излади, даб-дурустдан таъқиқлай олмади, чунки, “Эрк” ҳеч қачон қонун доирасидан чиқмади. “Эрк”ка митинг қилма, дейишди, митинг қилмади, мажлисга тўпланма дейишди, тўпланмади.

“Эрк” расмий партия бўлса ҳам, норасмий партия каби, яширин ташкилот каби фаолият кўрсатди. Шу мудҳиш исканжа орасида ҳам халқдан узилмади, обрўси юксалаверди.

Демоқчиманки, бугун ҳукумат “Эрк” партиясини рўйхатдан ўтказмаган экан, бизнинг фаолиятимиз шакли асло ўзгармайди, қандай ишлаган бўлсак, шундай давом этамиз.

Ниҳоят, бизни бу ҳукуматга боғлаб турган бирорта нарса қолмади: партиянинг матбааси, маблағи, машиналари, бинолари – ҳаммаси тортиб олинди ва бу ҳукуматнинг олдида бизнинг ҳеч қандай масъулиятимиз йўқдир.

Бизда битта масъулият бор – бу миллатимиз олдидаги масъулиятдир. Бизга боғланган бир ип бор – бу бизни халқимизга боғлаган ипдир. Бу риштани ҳеч қандай зулм ёки террор уза олмайди. Ташвиқотларингиз беҳудададир.

Сизлар нимани ёзсангиз, халқ бунинг тескарисини тушунади. Чунки, сизларнинг сиёсатингиз тескари сиёсатдир.

Бу терс сиёсат нафақат халқни, балки, энди ҳукумат тизимларини ҳам ваҳимага сола бошлади. Яқинда Ўзбекистоннинг Америкадаги элчисининг Америка ҳукуматидан бошпана сўрагани бу ваҳимадан биринчи муждадир.

Фақат президент Каримов бутун ўзбек халқини муҳожир қилиб, чет элга жўната олмайди. Халқимиз уйғонмоқда ва тез орада бу тузумга қарши бир-икки партия эмас, балки, халқнинг ўзи буюк сиёсий мухолифатга айланади.

Бунга аминмиз

1993. Ноябр.

(давоми бор)