Ойдинлик сари

Ойдинлик сари
57 views
30 December 2016 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(3)

ОЙДИНЛИК САРИ

Сиз ҳар куни телевизор, радио, газеталардан турли хабарларни ўқийсиз ва жумҳурият ҳаёти ҳақида хулоса чиқарасиз.

Менинг бугунги сўзим ўша сиз чиқарган хулосага кичик бир илова бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда бугун сиёсий фаолият кўрсатишнинг имкони қолмади. Кўчада, уйда, ишда ҳам – ҳар жойда айғоқчи, ҳар куни фитна, янги тергов, янги айб, янги жазо.

Эл қатори мен ҳам айбсиз қолмадим. Менга давлат тўнтариши ташкил қилмоқчи бўлди, деган айб қўйдилар.

Воқеани қисқача англатай: 1992 йил ёз ойида бир гуруҳ ташаббусчилар парламентга қонун чиқаришда елкадош ўлиши учун “Миллий мажлис” деган бир жамоат ташкилоти тузмоқчи бўлдилар. Бундан менинг хабарим бор эди, аммо бу ташкилотларга “Эрк” партияси қўшилмаслигини айтган эдим. Шу, ҳали тузилмаган ташкилот аъзолари қаторида менга ҳам айб қўйдилар.

Биз саккиз киш бўлиб давлатни тўнтармоқчи бўлган эканмиш. Ваҳоланки, бу “Миллий Мажлис” лойиҳаси шахсан президентга ҳам маслаҳат учун юборилган экан.

Энди тасаввур қилинг, давлат тўнтарувчи одамлар ўз режаларини ўша давлат бошида турган одамга юборадими?

“Ҳурматли президент, биз сизнинг давлатингизни тўнтармоқчи эдик, маслаҳат беринг”, дейдими?

Бу қўйилган айбнинг бемаъни иддао эканига прокурор Жўраевнинг ўзи “Халқ сўзи” газетининг 11 август сонида бутун дунёга фош қилди. Жўраев шундай ёзади: “Миллий Мажлис программаси ҳаммага маълум, бошқа манбалардан кўчириб олинган умумий гаплардан иборат бўлиб, унда бирорта янгилик йўқ”.

Агар қўйилаётган айбнинг асосий ҳужжати – “Миллий Мажлис”программасидаги гаплар ҳаммага маълум гаплар бўлса, бу ҳам етмагандай, бошқа манбалардан кўчириб олинган, умумий гаплар бўлса, уларда янгилик йўқ бўлса, бу программанинг нимаси жиноят?

Жўраевга тасанно, у шу сўзлар билан фақат ўз фаросати эмас, Ўзбекистондаги сиёсий тузум устидан ҳам ҳукм чиқариб қўйди.

Бирор бир адвокат “Миллий Мажлис” ташаббусчиларининг айбсиз эканлигини Жўраев каби оқлай олмас эди. Бугун Ўзбекистон шундай кулгили ва таҳқирли кунларни бошдан кечираяпти.

Лекин бутун умидимиз келажакдадир. Бу умидни ҳаётга айлантиришга интилаётганлар Ўзбекистонда мавжуд. Сизга шу кучларнинг бир бўлаги – “Эрк” партияси ҳақида қисқача хабар бермоқчиман. “Эрк” партияси мухолифат партиясидир. Мухолифат нимага керак?

Мухолифат, авваламбор, мавжуд ҳокимиятга жумҳуриятнинг долзарб сиёсий-иқтисодий масалаларда бир кўмакчи, бир маслаҳатчи куч сифатида зарурдир. Қолаверса, мухолифат давлат тепасига чиққан кун бир гуруҳ ёки бир партия ҳукмдорлигини назорат қилиш учун керакдир. Токи, бу ҳукмдорлар қутуриб кетмасинлар, токи улар халққа ўз мулкига қарагандай қарамасинлар.

Мухолифат назорати давлат органлари назоратидан мутлақо фарқли – бу назорат ҳокимиятда бўлмаган сиёсий кучларнинг, кенг маънода, жамоатчиликнинг назоратидир.

ухолифат партияси сайловда ўз программасини халққа маъқул этса, бу партия ҳокимиятга келади, сайловда енгилган партия эса, ҳокимиятдан кетади ва ўз-ўзидан мухолифат партиясига айланади, бор-йўғи шу.

Бу қоида Ғарб давлатларида кундалик қоидадир. Бу мамлакатда бирор бир ҳукумат Ўзбекистон ҳукумати каби мухолифатга болта кўтариб югурмайди. “Эрк” партияси уч йилдирки, болталарга чап бериб яшаётган партиядир.

Бу партия ҳокмиятга келса. Халққа нима беради? Бу саволни менга турли одамлар турли вазиятда беришган. Афсуски, унга жавоб беришга имкониятим кам бўлган.

Ўзбекистонда жуда кўпчилик “Эрк”нинг программасини билмайди. Бу программани халқ билмасин, эшитмасин, деб ҳукуматимиз анча меҳнат қилди ва ўз мақсадига бир қадар эришди ҳам.

“Эрк” партиясининг иқтисодий программасини ҳатто партиямизнинг ўз нашри бўлган “Эрк” газетида ҳам босишга рухсат беришмади. Чунки, программа нашр қилинса, ҳукуматнинг “мухолифатда ҳеч қандай программа йўқ” деган иддаоси чиппакка чиқади, унинг ёлғон сўйлагани маълум бўлар эди.

Программа газетда нашр қилинса, “Эрк” тарафдорлари халқ ичида янада кўпаяр ва бу ҳукумат учун ғоят таҳликали эди.

Эрк” партиясининг иқтисодий қарашлари бўйича, авваламбор, деҳқонларга мурожаат қилмоқчиман: “Эрк” ҳокимиятга келса, у ўз чўнтагидан ҳеч нарса чиқариб бермайди, балки, сизга ўз мулкингизни қайтариб беради. Сиз бу йил пахтамиздан давлат қанчадан оларкин, деб раисга термулмайсиз, пахтани ўзингиз хоҳлаган баҳонгизга сотасиз. У пайтда раис бува ҳам сизга буйруқ беролмайди, чунки, фақат пахта эмас, ер ҳам сизнинг мулкингиз бўлади.

“Эрк” партияси ҳокимияти ерни босқичма-босқич хусусийлаштира бошлайди. Бу демак, бугун ижарага берилиб, фойда олинаётган ерлар биринчи навбатда хусусийлаштирилади, яъни, бу ерлар ижарачиларнинг ўзига абадий берилади.

Айни пайтда, колхоз ерларининг ҳаммаси тўла ижара шаклига ўтади ва икки-уч йил ичида бу ерлар ҳам – улардан олинган даромадга қараб – хусусий мулк сифатида ижарачиларга берилади.

Ўзини оқлаётган колхоз бўлса, жамоат ундан фойда кўраётган бўлса, бундай колхоз хусусий хўжаликлар билан баравар яшайвериши мумкин. Аммо, кўриб турганимиздек, бугун давлатдан қарздор бўлмаган бирор колхоз йўқ, шу сабаб “Эрк” партияси колхоз системасининг келажаги йўқ, деб билади.

Хусусийлаштириш жараёни бир-икки йил эмас, узоқроқ давом этиши мумкин, чунки, хўжаликларни янги шаклга ўтказишдан олдин улар учун техник тадбир ва ашёлар асосини яратиш лозим бўлади. Бу тадбирлар олингандан сўнг хўжаликлар оёққа тугунча улардан солиқ олинмайди ёки солиқ минимал даражага туширилади.

Қишлоқ жойларда маҳсулотни ўша ернинг ўзида қайта ишлайдиган кичик фирма ва фабрикалар қурила бошлайди.

Давлат уларни технология билан таъминлашни ўз зиммасига олади, чунки, хусусий хўжаликлар илк босқичда давлатнинг кўмагисиз оёққа туролмайди.

Хулоса қилиб айтганда, “Эрк” партияси ишни ер реформасидан бошлайди, асосий мўлжал биринчи беш йил ичида оғир саноат эмас, енгил саноатга қараб олинади. Зотан, Ўзбекистон халқнинг 70 фоизи қишлоқларда яшайди ва агар ер ислоҳоти муваффақиятли амалга оширилса, миллатимиз нуфузининг 70 фоизи қашшоқлик ботқоғидан қутулган бўлади.

Бу иқтисодий тадбирлар билан баравар жумҳурият миқёсида мулк индексасияси ўтказилади, яъни, миллий мулк рўйхатга олинади. Ва йирик завод, саноат корхоналаридан ташқари, барча ўрта ва кичик корхоналар хусусийлаштира бошлайди.

“Эрк” партияси табиат муҳофазаси учун ва пахта монокултурининг оғир оқибатлари билан кураш бошлайди. Зотан, ўзини таниган давлат ҳар нарсадан ўз миллатининг соғлиги ҳақида қайғуриши лозим. “Эрк” партияси бу масалага иқтисодий-сиёсий масалаларга қарагани каби, муҳим масала деб қарайди ва уни ечиш учун бор кучини сарфлайди. Бу муаммони Орол қўмитаси каби жамоат ташкилотлари гарданига юклаб, масала ҳал бўлди, дея ҳисобот берадиган ҳукуматни масъулиятсиз ҳукумат деб билади.

(давоми бор)