Бош қўшмадим, ориқ, оқсоқ, шоҳ билан

Бош қўшмадим, ориқ, оқсоқ, шоҳ билан
160 views
02 January 2017 - 11:38

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

 

Яйлоқлари бор

Сафар этиб борсак Нушох мулкина,
Анинг кўнгилочар яйлоқлари бор.
Сайрон этсак ғунчасина, гулина,
Боғида ўйноқи булбуллари бор.

Ери создир, хаста бўлган соғаяр,
Ориқ, ҳорғин, ғариб бўлган ўнгланар,
Қадди доллар, сарёғочдай тикланар,
Ажаб сувли ариқ, овлоқлари бор.

Майдони тўладир шакарқамишдан,
Тилак этмас ҳаргиз қардош қардошдан,
Усти ёпиқлидир кумуш кирпичдан,
Ҳар кимнинг ўзи-чун сувлоқлари бор.

Бош қўшмадим, ориқ, оқсоқ, шоҳ билан,
Оттирдим тонгларни ғубо ғоз билан,
Ширвон қалъсинда баҳор, ёз билан,
Ҳар бурчинда заррин байроқлари бор.

Махдумқули, создир, суҳбатдир ишинг,
Ажалдан, ғайридан бўлмас ташвишинг,
Бойларнинг, фақирнинг,  аҳли дарвешнинг
Юрти бўларлик бир фарсахлари бор.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди