Миллий бирлик хусусида

Миллий бирлик хусусида
52 views
13 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(15)

МИЛЛИЙ БИРЛИК ХУСУСИДА

Бугун ҳақиқатан ҳам бизга миллий бирлик зарур 1. Бу миллий бирликни яратиш учун ҳукумат ва мухолифат ўртасида мулоқот зарур. Ҳатто муроса зарур.

“Эрк” партияси ҳам доим мулоқот ва муроса тарафдори бўлган. Лекин айтинг-чи, икки одам юзма-юз ўтирар экан, бирининг оғзи беркитилган бўлса, у қаршисида ўтирган одам билан қандай мулоқот қила олади?

Демак, мулоқот учун авваламбор икки тарафнинг ҳам гапириш имкони яратилиши лозим. Яъни, ҳукумат мухолифатга сўз эркинлиги, газета чиқариш ва уни эркин тарқатиш ҳуқуқини бериши керак. Муроса ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин.

Мухолифат аъзолари қамоқда ўтириб ҳукумат билан муроса қилолмайди, ҳақоратланган, калтакланган, юртидан сургун қилинган, бола-чақалари қатағон қиилинаётган одамлардан муроса кутиш қийин.

Ўзбекистон режими зўравонлик сиёсати билан ҳар қандай мўътадил ва конструктив мухолифатни ҳам ўзининг ашаддий душманига айлантириш қобилиятига эга. Режим бу сиёсати билан ўз оёғига ўзи болта ураяпти. Жамиятда ўз ҳокимиятига дўстдан кўра кўпроқ душман яратаяпти. Шунга қарамай, бугун ҳукумат ва мухолифат муросага келиши мумкинми?

Назарий жиҳатдан мумкин.

Агар президент Каримов зўравонлик сиёсатидан воз кечса, мухолифатнинг ҳақ-ҳуқуқларини тан олса. Демократик жамиятнинг тамал принпсипларини ҳаётга тадбиқ эта бошласа: Сиёсий маҳбуслар расмий оқланса ва турмалардан чиқарилса.

Мухолифатда бўлган “Эрк” партиясининг мол-мулки қайтариб берилса, нашрлар чиқарилса, бу партияга нисбатан шу кунгача қилинган туҳмат ва бўҳтонларнинг нотўғри эканлиги расмий тан олинса, Парламентдан ноҳақ ҳайдалган “Эрк” депутатлари Парламентга қайтарилса ва ҳоказо.

Бу ҳолда муроса бўлиши мумкин.

Бу ҳолда биз ҳукуматни демократик бир давлат ҳукумати сифатида тан олишга тайёрмиз. Ва, албатта, шунга яраша биз
ҳукуматни қўллаб-қувватлашга ҳам тайёрмиз. Зотан, “миллий бирлик” иборасини мухолифат партияси раиси сифатида илк бора камина айтган эди. Мен буни кўчада ё ресторанда айтганим йўқ, балки, Парламент минбаридан туриб, Ўзбекистон ўзининг мустақиллигини эълон қилган куни, яъни 1991 йил август ойида айтгандим.

Агар ҳукумат демократик бир давлат қурмоқчи бўлса, биз бу ҳукуматни ҳеч иккиланмай қўллашимиз мумкинлигини айтган эдим. Аммо ҳукумат “қўллаш” иборасини ўзича тушунди. Қўллаш, демак ҳукуматни танқид қилмаслик, иқтисодий, сиёсий ҳаётдаги камчиликларни айтмаслик, деб тушунди.

Лекин дунёнинг ҳеч бир ерида бундай мухолифат йўқ. Мухолифатнинг биринчи вазифаси ҳукумат сиёсатидаги камчиликларни тузатиш учун ўзининг алтернативини ўртага қўйишдир. Шунинг ўзи ҳукуматга ёрдамдир.

“Эрк” партияси тузилгандан бери шу вазифани бажарди ва бугун ҳам шу ишни қилаяпти. Биз ҳукуматга қарши қўлимизга қурол олиб курашаётганимиз йўқ, бор-йўғи унинг сиёсатини танқид қилаяпмиз ва сиёсатни яхшилаш йўлларини кўрсатаяпмиз. Фақат шунинг учунгина ҳукумат бизни халқ душманлари, дея эълон қилмоқда.

Демоқчиманки, “Эрк” партияси муроса йўлида қўлидан келган ҳамма ишни қилди, ҳатто сўнгги қурултойда президентни муросага чақирувчи мурожаат ҳам қабул қилинди. Лекин бу мурожаатга ҳеч қандай ижобий жавоб бўлмади, аксинча, ҳукумат партиямизнинг бош котибини калтаклади, аъзоларимизни қамоққа олди, сургун қилди, уларнинг уйларини тортиб олди. Бугун “Эрк” партиясининг ўн бир фаоли сиёсий маҳбус сифатида Ўзбекистон турмаларида азоб чекмоқдалар. Юзлаб аъзоларимиз айғоқчилардан қочиб, ўз ватанида яшириниб яшашга мажбур бўлмоқдалар.

Тасаввур қилинг биз шу ҳолда ҳам мулоқот ва муросага тайёрмиз. Фақат юқорида айтилган шартлар бажарилса. Лекин ўйлайманки, президент Каримов бу шартларни қабул қила олмайди. Буларни қабул қилиш учун ҳукуматда жасорат ва ўзига ишонч бўлиши керак. Миллат севгиси ва инсон ҳурриятига ҳурмат бўлиши керак. Бундай фазилатларни мен кўрмаяпман. Шунинг учун мен муросага назарий ўлароқ мумкин, амалий ўлароқ мумкин бўлмаган бир нарса сифатида қарайман.

(давоми бор)

1Бу мақола тарих фанлари доктори Ҳамид Зиёевнинг 1994 йил 1 май куни “Озодлик” радиосидан ўқиб эшиттирган мақоласига муносабат сифатида ёзилган.