Малоҳат Эшонқулова: Амалдорлар орасида Шавкат Миромоновичнинг юзларига оёқ қўйиш пойгасига старт берилибди….

Малоҳат Эшонқулова: Амалдорлар орасида Шавкат Миромоновичнинг юзларига оёқ қўйиш пойгасига старт берилибди….
128 views
13 January 2017 - 6:00

Ёхуд бу мамлакатнинг Мирзиёевдан қудратли “МИР”лари ҳам бор…ми?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Халққа кўмагим тегсин” деган умидда виртуал қабулхона очганди. Фуқаролар мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари учун уч хил имкониятдан фойдаланишлари мумкин эди. Жумладан, Мирзиёев ҳатто компьютери бўлмаган, интернетга уланиш илмини билмаган аҳоли қатламига енгиллик яратиш истагида 10-00, ёки (0800) 210-00-00 телефон рақамлари орқали ҳам фуқаролардан тушган ариза, шикоят ва таклифларни қабул қилиш тизимини яратганди.

Тан олиш керак, арзларини эшитадиган одам борлигидан, топилганидан терисига сиғмаган аҳоли беҳад суюнгани рост.

Шу боис ҳам виртуал қабулхонага мруожаат қилувчилар сони кун сайин ошиб бормоқда.

Лекин…

Донишмандлар “Ҳар яхшининг аммоси, ҳар ёмоннинг лекини бор”, яъни, “Ҳар бир яхши амалнинг ёмон томони, ҳар бир ёмон ишнинг қандайдир бир ижобий жиҳати ҳам бўлади” деганларидек, виртуал қабулхона масаласининг битта “ЛЕКИН”и чиқиб қолдики, бу “ЛЕКИН” деганлари Ўзбекистонда илдиз отиб кетган иллат, анчадан буён лў-лўқ қилиб азоб бериб келаётган, мамлакатимиз структураси – салоҳиятини ичдан заҳарлаётган, емираётган хавфли бир мадда-йирингки, буни айтмасликнинг имкони йўқ.

Худда ана шу биз айтган “ЛЕКИН” томони шундаки, тўғри, виртуал қабулхонага фуқаролар умид, илинж билан арза йўллашмоқда, шикоят қилишмоқда. Бироқ, аксарият аҳолининг бунингдек умидлари кўп ўтмай саробга айланиб қолмоқда.

Нега?

Негаки, таомилга кўра, аҳолидан тушган аризалар “кўриб чиқиш ва қонуний ҳал қилиш” учун тегишлилиги бўйича жойлардаги давлат ташкилотлари, органларининг мутасаддиларига ҳавола қилинмоқда.

Бу табиий. Негаки, халқ 30 миллиондан ортиқ. Мирзиёев эса –биттагина!

Шавкат Миромоновичнинг биргина ўзларии минглаб шикоятларнинг тақдири билан шахсан ўзлари шуғулланишга улгуришлари амри маҳол: вақт масаласи, руҳий ва жисмоний қувват масаласи….

Мутахассислик масаласи… Мамлакатни бошқариш муаммоси…. Виртуал қабулхонага тушган жамики шикоятлар билан Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзлари шуғулланадиган бўлишса, у ҳолда суд тизимидаги, прокуратура, Ички ишлар идоралари тизимидаги минглаб “нонхур” мутахассисларнинг, вилоят ва туман ҳокимиятидаги корчолонларнинг, маҳалладаги емхўрларнинг кимга керакги бор? Ҳамма ўз ишини билиб қилгани дуруст эмасми?

Хуллас, виртуал қабулхонага йўлланган мингнлаб шикоят ва аризалар тегишлилиги бўйича жойлардаги амалдорларга тақдим этилаётганлигига ҳеч бир эътирозимиз йўқ.

Аммо, жойлардаги масъул мансабдор шахслар фуқаро тақдирига, й шикоят тақдирига қандай қарамоқда?

Масъул мансабдорларнинг барчаси ҳам бирдек “Бу шикоят ортидан прездидентимиз Шавкат Миромоновичнинг шаъни, ғурури, йигитлик сўзи, ҳамияти ётибди. Одамлар ишониб Мирзиёевга илинж билан ариза йўллаган. Аҳолининг бу умидини пучга чиқарсак, уларнинг мамлакат президентига бўлган ишончи, умиди, ҳурмати йўқолади, ишончлари сароб бўлади. Ҳар бир аризага масъулият билан ёндашиш мамлакат тақдирини ҳал қилади, президен Мирзиёев обрусини белгилаб беради” дея ҳар бир шикоятда келтирилган муаммони ижобий ҳал қилиш масаласига виждонан, қонунан, адолат мезонлари асосида ёндашаяптимикан?

Мана, ҳамма гап қаерда?

Афсуски, йўқ-да.

Масъул мансабдор шахсларнинг шикоятга бефарқлиги, боқибеғамлиги, айрим ҳолларда таъмагирлиги, порахўрлиги ортидан эса виртуал қабулхонага мурожаат қилган аксарият одамларнинг Шавкат

Миромоновичга бўлган умидлари саробга айланиб қолмоқда.

Келинг, даъвойимиз асоссиз бўлиб қолмаслик учун фактларга мурожаат қилайлик:

Мана, масалан, Қашқадарёнинг Чироқчи туманида туғилиб ўсган 4 боланинг отаси 41 ёшли Улуғбек Ирзаев “Зора муаммом ижобий ечим топса” деган илинжда шу йилнинг 24 ноябрь куни тахминан тонги соат 4.00 ларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасининг 210-00-00 телефон рақамига қўнғироқ қилди.

Телефон орқали Улуғбекнинг арзини тинглаган виртуал қабулхона ходими “Мурожаатингиз рақамини эслаб қолинг: 7511816” дея маълум қилди.

– Орадан уч кун ўтиб-ўтмай, 29 ноябр куни мени “Виртуал қабулхонага қилган мурожаатингиз хусусида” дея Тошкнет шаҳар Учтепа туман ИИБ Жиноят қидирув бўлимининг Самандар исмли ходими қўннғироқ қилиб (моб. тел: +99891 1360101), чақиртирди. “Бунчалар тез!” деб севиниб кетдим. Оёғимни қўлимга олиб югурдим, – дея ҳикоясини бошлайди биз билан суҳбатда Улуғбек, – Жиноят қидирув бўлими ходими Самандар ўша куннинг ўзидаёқ мендан Виртуал қабулхонага қилган мурожаатим – муаммом хусусида ариза, тушинтириш хати ёздириб олди. Ишни треговга оширган чамаси, орадан 3 кун ўтгач, 1 декбарь куни қўнғироқ қилган Учтепа туман ИИБ тергов бўлимининг ходими Абдулазиз Қаххоров (Моб. тел: +99899 843 44 11), “Виртула қабулхонага қилган мурожаатингиз хусусида бир келиб-кетишингиз керак” деб қувонтириб қолди. Бориб, Учтепа туман тергов бўлими ходими Абдулазиз Қаххоровга ҳам ўз муаммоларим хусусида гапириб батафсил гапириб бердим, ёз-чиш қилдим: Менинг муаммом шундан иборатки, мен Тошкнетдаги “Constant contruction” МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишлайман. 2016 йилнинг 26 сентябрь куни кеч соат 21.00 ларда бошлиғимиз – “Constant contruction” МЧЖ директори Суюн Раҳмонов менга сотиб олган машинамнинг қарзини узишим учун кўмак сифатида ўз номига “Давр” банк томонидан расмийлаштирилган “коопиратив” пластик карточкаси ҳисобидаги 12 миллион 700 минг сўмдан фойдаланиб туришим учун берганди.

Сурхондарё вилоятида туғилиб ўсган, 1986 йилда туғилган танишим Тунниева Маҳбуба Абдураззоқовна мендаги пластикда катта миқдорда маблағ борлигини билгач, ишончимга кириб, пластик карточканинг кодини билиб олгач, 27 сентябрь куни эрталаб тахминан соат 9.00 ларда, “Фарҳод” бозори қаршисидаги “Дианс” кафесида ўтирганимизда тамадди қилиш учун буюртма беришга бориб келгунимга қадар, пластикни олиб қочиб кетганди.

Мен Маҳфузахонни 27 сентябрдан то 24 ноябрга қадар, қарйиб икки ой давомида қидирдим. Изламаган жойим қолмади. Топа олмадим. Бу ёқда қарзга олган енгил машинамнинг пулини сўрашмоқда эди. Шу сабаб мен аввало “Давр” банкга бордим, ““Constant contruction” МЧЖ директори Суюн Раҳмонов ўз номига “Давр” банк томонидан расмийлаштирилган “коопиратив” пластик карточкаси ҳисобидаги 12 миллион 700 минг сўмни ишлатиб туриш учун менга берганди. Мен уни Маҳфузахон деган танишимга ўғирлатиб қўйдим. С. Раҳмоновнинг номидаги ўша пластик ҳисобидан бирор жойдан пул ечилганмикин?” деб мурожаат қилгандим, банк ходимлари “Пластик карточка кимнинг номида бўлса, ўша фуқаронинг ўзи келмаса, маълумот бера олмаймиз” дейшиди. Шундан кейин мен Учтепа туман ИИБ идорасига бориб, ҳиосбида 12 милилон сўмдан ортиқ маблағи бўлган пластик карточканинг ўғирланганлиги ҳақида оғзаки хабар бердим. Бироқ, яна шу гап: ИИБ ходимлари, “Токи аризани пластик карточка эгаси бермас экан, биз бу иш билан шуғуллана олмаймиз” деб мени ноумид қилиб қайтаришди. Оқибатда, бутунам иложсиз қолгач, 24 ноябрь куни тонг саҳар, соат 4.00 ларда Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхоналарига қўнғироқ қилиб, шикоят қилишга мажбур бўлгандим. Мингдан-минг раҳмат, барака топишсин, виртуал қабулхонадагилар арзимни тинглаб, шикоятимни қонуний ҳал қилиш учун ҳозирги вақтинча яшаш жойимга – Учтепа туман ИИБсига юборишган экан. Одам мард бўлиб, тан олиб айтиши керак, шу – Учтепа туман ИИБ ходиимлари ҳам ёмон ишлашган эмас. “Шикоят виртуал қабулхонадан тушган, шахсан Мирзиёевнинг назоратида” дея астойдил ишлашди. ИИБ ходимлари уч кунга қолмай мен икки ойдирки излаб топа олмасдан юрган ўша Сурхондарёлик танишим Маҳфузахонни топиб келишди. Лекин Учтепа туман ИИБ жиноят қидирув бўлимининг ходимларига ҳам, тергов бўлимининг йигитларига ҳам қойил қолдим. Уч кун ичида пластик карточкани олиб қочиб кетган Маҳбубахон пластик ҳисобидаги 12 миллион 700 минг сўмни қайси савдо фирмасида қанча фоиз эвазига нақдлаштириб олганлигига ҳам аниқлик киритишди, яшашсин!

Учтепа туман ИИБ тергов бўлими ходимларининг тезкор қидирув-суриштирув ҳаракатларига кўра, Тунниева Маҳфуза Абдураззоқовна 27 сентябрь куни соат 11.00 да Учтепа тумани ҳудудига қарашли Ўрикзор бозорида жойлашган тадбиркор Маҳмудбек Трудибековга қарашли №239- сонли қурилиш моллари дўкони терминалидан “Constant contruction” МЧЖ директори Суюн Раҳмоновга тегишли бўлган ўша мендан ўмариб кетилган “Давр банк” пластик карточкаси ҳисобидаги 12 миллион 700 минг сўм маблағни 25 % (фоиз) эвазига нақдлаштириб олганлиги аниқланди.

– Мана, ҳаммаси силлиққина кўчибди-ку, унда муаммо нимада? – сўрадим Улуғбекдан.
– Муаммо шундаки, Учтепа туман Солиқ идораси ва Учтепа туман ИИБ ходимлари пластик карточка эгаси бўлмиш диреткоримиз Суюнжонга ва менга “Биз сизнинг пластик карточкангиздан 12 миллион 700 минг сўмни шу йилнинг 27 сентябрь куни соат 11.00 ларда 25 % ҳақ олиш эвазига нақд қилиб берган Ўрикзордаги 239- дўкон хўжайини – тадбиркор Маҳмудбек Турдибековга қарши бора олмаймиз, у кишининг илдизи бақувват экан, орқасида катта-катта одамлари борлиги маълум бўлди, тишимиз уларга ўтмайди. Бу ишни ёпди-ёпди қилмасак бўлмайди. Яхшиси, пластик карточкани ўғирлаб кетган Маҳфуза Тунниева Сизга “Шу 12 миллион 700 минг сўмни тўлаб бераман. Пулни йўқотиб қўйгандим. Икки болам ҳурмати, қарзимни узаман деб қасам ичаман” деган қабилида тилхат ёзиб берсин. Биз Тунниеванинг қарзларини бўлиб-бўлиб тўлаб беришига кафолат берамиз, ўзимиз назорат қиламиз. Бундан бошқа ёрдам бера олмаймиз сизларга”, дея чайналиб қолмоқда. Шундан буён иш олдга кетмай, бир жойда депсиниб турибди. Хуллас, Учтепа туман ИИБ терговчиси Абдулазиз Қаххоров виртуал қабулхонадан аризамни қайтариб олишим тарафтори бўлиб турибди. Айрим одамлар “Виртуал қабулхона ёпилиб қолди” дейишмоқда. Энди дардимни кимга айтишга ҳам ҳайронман?” дейди Улуғбек Ирзаев куюниб.

Ҳам фуқаро Маҳфуза Туннаевадан, ҳам қонун идоралари томонидан алданиб қолаётган жабирдийда Улуғбек Ирзаевнинг ҳасратларини тингларканман, беихтиёр хаёлимга келган гап шу бўлди: Улуғбек виртуал қабулхонага такроран мруожаат қилмасликлари учун “Мирзиёев бош вазирликдан президентликка кўтарилиб кетди. Шу сабаб виртуал қабулхонаси ёпилди” деб уни осонгина алдаб қўя қолишган. Биринчидан, виртуал қабулхона ҳамон фаолиятда. Қолаверса, хўш, виртуал қабулхона иш фаолиятига якун ясади, у бошқа энди йўқ ҳам дейлик. Аммо Бош вазирлик лавозимидан президентлик даражасига кўтарилган Шавкат Мирзиёев бор-ку, иқтидорда-ку! Президент виртуал қабулхонасига умид билан ёзган ҳар бир шикоят тақдирига жавобгар-ку? Шундай эмасми?

Мазкур воқеанинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, пластик картага сотилаëтган молларга нақд пулда сотилганидан кўпроқ нарх қўйилиши билан боғлиқ, қолаверса, пластик карта ҳисобидаги маблағни 25-30% ҳақ олиш эвазига “обнал” қилиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракталар айни куннинг энг долзарб муаммоларидан бири.

Кўп узоққа бормайлик, шу йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг Пластик карта билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида республикадаги барча раҳбарларга юборган 265-рақамли ҳукумат телеграммасини эслашнинг ўзиёқ масала моҳиятига аниқлик киритади, бизнингча.

“Озодлик” радиоси томонидан нусхаси эълон қилинган 265-рақамли мазкур ҳукумат телеграммасида пластик картадаги пулларни устама ҳақ бериш эвазига нақд пулга алмаштириш каби ҳолатларга барҳам бериш талаб талаб этилганидан барчанинг хабари бўлса керак.

2016 йлининг 22 ноябрь куни республиканинг барча идорараҳбарларига йўлланган 265- рақамли ҳукумат телеграммасининг мазмун-моҳиятини “Озодлик” радиоси қуйидагича шарҳлайди:

“… телеграммада “Пластик картани тўлов учун қабул қилишдан бош тортган” ходимлар ва “Пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилишда нақд пулга нисбатан 20-25 фоизга қиммат ҳақ талаб қилаëтган” шахслар жазоланиши айтилади.

Телеграммада пластик карта “обнали” билан шуғулланаëтган ва пластик картага сотиладиган молга қиммат нарх қўйган хўжалик субъектлари текширилиб “прокуратура идораларига тақдим қилиниши” талаб қилинади.

… бу ҳужжатда пластик карта “обнали” билан боғлиқ “салбий ҳолатлар” юз берган ҳудуддаги “раҳбарлар шахсан жавобгарликка тортилиши” таъкидланган.

Озодликка маълум бўлишича республикада пластик карта “обнали” билан боғлиқ вазиятни ўнглаш мақсадида Бош вазир ўринбосари ҳузурида Йиғма ахборот-таҳлил департаменти иш бошлаган…” (“Озодлик” шарҳи тугади)

Модомики, пластик карталар билан боғлиқ муаммолар юзасидан йўлланган юқоридаги ҳукумат телеграммаси талабига кўра “пластик карта “обнали” билан шуғулланаëтган … хўжалик субъектлари текширилиб “прокуратура идораларига тақдим қилиниши”, … пластик карта “обнали” билан боғлиқ “салбий ҳолатлар” юз берган ҳудуддаги “раҳбарлар шахсан жавобгарликка тортилиши” таъкидланган экан, нега у ҳолда Учтепа туман ИИБ тергов бўлимининг ёшгина ходими Абдулазиз Қаххоров ҳукумат телеграммаси талабларига ҳурматсизлик қилмоқда?

Айтингчи, шу йилнинг 27 сентябрь куни соат 11.00 да Учтепа тумани ҳудудига қарашли Ўрикзор бозорида жойлашган №239- сонли қурилиш моллари дўкони терминалидан “Constant contruction” МЧЖ директори Суюн Раҳмоновга “Давр банк” томонидан очилган пластик карточкаси ҳисобидаги 12 миллион 700 минг сўм маблағни мутлақо бегона бир шахсга, яъни пластик кратани ўмариб кетган фуқаро Маҳфуза Абдураззоқовнага 25 % (фоиз) эвазига нақдлаштириб берган “азамат” – тадбиркор Маҳмудбек Трудибековга нисбатан жиноят иши очилдими? Ўзганинг номидаги пластик карточка ҳисобидаги маблағларни ноқонуний йўллар билан нақдлаштириб, ўзлаштириб олган фирибгарга – Маҳфуза Туннаевагачи? Қонуний чора кўрилдими? Учтепа туман ИИБ ходимлари томонидан Пластик карта ҳисобидаги олғирлар томонидан нақд қилиб олинган 12 миллион 700 минг сўм маблағ ўз соҳибларига қайтариш чоралари кўрилдими?

Бу каби саволларга катта ҳарфлар билан бир оғиз жавоб бериш мумкин: ЙЎҚ!

Нега?

Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонасига мурожаат қилган жабрланувчи Улуғбек Ирзаевнинг таъбири билан айтганда, “Учтепа туман ИИБ ходимлари виртуал қабулхонага йўлланган шикоятни “тинчитиш” мақсадида аминистия актини кутаётган экан!”.

Қандоқ яхши!

Ноқонуний йўл тутган тадбиркор Маҳмудбек Турдибековгага қалқон бўлиш истагида декбарда чиқадиган аминистия актини кутиш!

Аммо ниманинг эвазига?

Учтепа туман ИИБ тергов бўлими терговчиси Абдулазиз Қаххоров қуруқ раҳматга пластик карта билан боғлиқ жиноятни ҳаспушлашга уринмаётган бўлса керак ҳарҳолда? Ёхуд ёш терговчи мамлакат қонунларини оёқ ости қилишдан, бузишдан эмас, катта маблағни бир уринишда “обнал” қилишга қодир “Ўрикзор” бозоридаги дўкондор А. Қаххоровнинг орқасидаги казо-казолардан қўрқиб қолдимикин?

Хўш, қонун талабларини бузишга, ҳукумат телеграммаси кўрсатмасига зид ҳаракат қилишга ИИБ терговчисининг қандай ҳадди сиғмоқда? Треговчи .А. Қаххоровнинг ортида ким турибди? Нима сабабдан у кимсан Шавкат Миромоновичнинг виртуал қабулхонасига келган шикоят аризани ёпти-ёпти қилишга сесканмаётир, нима сабабдан Учтепа туман солиқ идораси ходимлари, йиғма ахборот-таҳлил департаменти мутасаддилари пластик карта “обнали” билан боғлиқ бу жиноятга кўз юмишга уринмоқда?

Пластик карта “обнали” билан боғлиқ мазкур муаммони таҳлил қилиш жараёнида яна бир ҳақли савол туғилади: “Учтепа туман солиқ департаменти, Учтепа туман Ички ишлар идораси раҳбарларига, терговчиларига нима кўпроқ муҳимроқ?: “Таъмами, пора эвазига келаётган жарақ-жарақ пулларми, орқасида тиргаги бор казо-казоларни қўллаб юборишми, ёки эндигина президентлик лавозими ўтирган Шавкат Миромоновичнинг обрусими, ишончими?

Нега энди биргина Учтепа туман ИИБ ходимлари президент Шавкат Мирзиёевнинг юзига оёқ қўйиши, биз, атрофдагилар эса бунингдек ғайриқонуний ҳаракатларни унсиз, лоқайдларча томоша қилиб туришимиз керак?

Мамлакат қонунларнинг кучидан, президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳурматидан ҳам кооррупция деганлари шунчалар қудратлироқмикин?

Бунингдек мавҳум саволларга жавоб топиш ўйлайманки, нафақат биз учун, балки, барчамиз учун ҳам қизиқ ва ўта муҳим.

Эҳтимол, бу саволларга қонун ижросини назорат қилишга масъул Бош прокуратура аниқ жавоб топишда бизга кўмаклашиб юборар?

Нима дедингиз?

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат идораларининг амалдорларига қараб шундай дея хитоб қилган эдилар: «Если народ будет доволен результатами работы, скажем спасибо, а если наоборот – то извольте освободить руководящее кресло!»

Виртуал қабулхонага мурожаат қилган халқ вакилларидан бири Улуғбек Ирсаев гарчи ҳақ бўлса-да, муаммосини ИИБ орқали ҳал қила олмади, у ички ишлар тизимиишидан норози.

Демакки, Учтепа туман ИИБ ходимлари марҳамат қилиб креслосини бўшатиб қўйишлари керак эмасми?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист