Ўзбекистон жумҳурияти президенти И.Каримовга очиқ хат

Ўзбекистон жумҳурияти президенти И.Каримовга очиқ хат
60 views
14 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(16)

ЎЗБЕКИСТОН ЖУМҲУРИЯТИ ПРЕЗИДЕНТИ И.КАРИМОВГА ОЧИҚ ХАТ

Бу мактубни ёзишдан мақсад, асло Сизнинг сиёсатингизни мухолифатга нисбатан юмшатиш эмас. Шунингдек, бу хат билан Сизни ҳақорат қилиш ниятим ҳам йўқ.

Ўзбекистон каби улкан мамлакат номидан гапириш ҳуқуқини олган, ўзбеклар каби катта халқнинг боши саналган кишига бир неча ҳақиқатни англатмоқ истайман, холос.

Сиз тарихий бир даврда Ўзбекистон ҳукумати бошига келдингиз. Сиз ҳокимиятда экан, ўзбеклар ўз истиқлолига эришди. Бир ярим аср қўл-оёғимизни боғлаб турган мустамлака занжиридан қутулдик. Ўзбеклар бу истиқлолга Сизнинг истагингиз билан эмас, Сизнинг истагингизга қарши ўлароқ эришдилар. Сиз ва Сиз бошлиқ коммунистлар совет империяси этагига сўнгги сониягача осилиб турганларини халқимиз унутгани йўқ. Фақат, бу ҳақда гапириш мавриди эмас.

Бугун Сиз ўтказаётган сиёсат даврида иккиюзламачилик сиёсатдан ҳам мудҳишроқдир, мен шу ҳақда гапирмоқчиман.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан сўнг Сиз эски коммунист-раҳбарлардан бирортаси эга бўлмаган ваколатга эга бўлдингиз. Илгари раҳбарлар бирор иш қилишдан олин Московдан рухсат оларди. Хатто бизнинг хонларимиз ҳам чор ҳукумати изнисиз бир иш қилолмас эдилар. Мустақил раҳбарлик биринчи бўлиб Сизга насиб этди. Бундан бутун ўзбек халқи қувонди.

Бекорга қувонган экан. Чунки Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин Сиз фақат Москов қўрқувидан эмас, ҳар қандай масъулиятдан ҳам қутулдингиз. Сиз нафақат руслар олдида, ўз халқингиз олдида ҳам жавоб бермайдиган бўлдингиз.

Беш юз кишилик парламентни, халқ сайлаган беш юз миллатвакилини қўғирчоққа айлантирдингиз. Уларнинг жуда кўпчилиги халққа хизмат қилишга тайёр кишилар эди, Сиз уларнинг овозини бўғдингиз. Контитусия бўйича Сиз уларнинг олдида ҳисоб беришингиз лозим эди, аммо улар Сизнинг олдингизда жавоб берадиган бўлишди.

Сиз “сайлов” деган тушунчани маҳв этдингиз: ҳатто советлар даврида мавжуд бўлган сайлов системаси ҳам Сизга “ортиқча демократик” кўринди ва колхоз раисларигача ўзингиз тайёрлайдиган бўлдингиз.

Сиз жумҳуриятда матбуотни йўқ қилдингиз. Газеталарни сензордан бошқа инсон ўқимайди, улар босмахонадан тўғри бозорга тушади ва нос ўраб сотиш учун ишлатила бошлайди.

Сиз жумҳуриятда радио-телевидениени йўқ қилдингиз. Улар фикрсиз, йўналишсиз мавзусиз алаҳсирайдиган, Сизнинг шахсингизни ҳам эпақага келтириб мадҳ этолмайдиган ғариб марказларга айланди.

Сиз Конститутсияда давлатдан ажратилган Диний Бошқармани йўқ этдингиз, уни сиёсий ҳокимият қуролига айлантирдингиз. Бу зўравонликни қабул қилмаган дин арбобларини турмага ташладингиз ёки сургун қилдингиз. Сиз ҳатто совет даврида ҳам ижтимоий ҳаётда ўз ўрни бўлган жамоат ташкилотларини йўқ қилдингиз: улар саройингиз олдида фаррошлик қилмоқдалар. Сиз, умумият-ла, ДАВЛАТни йўқ қилдингиз.

Бугун давлат бўлиб кўринаётган структуралар асло давлат эмасдир. Сиз бор-йўғи учта ташкилот – миллий хавфсизлик хизмати қўмитаси, милитсия ва прокуратура билан ҳокимият жиловини ушлаб турибсиз ва бу учта ташкилот давлатга эмас, Сизнинг шахсингизга хизмат қилаяпти. Зеро, давлат ўз фуқароларининг тинчлигини ҳимоя қилади, юқоридаги идоралар эса, бу тинчликни бузмоқдалар. Давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқларини қўриқлайди, юқоридаги ташкилотлар эса, бу ҳуқуқларни топтаяптилар.

Бугунги ўзбек тужжори ўз ширкатини бюрократдан ҳимоя қилиб судга арз қилмайди, чунки суд ҳам пора сўрашини билади ва порани бюрократнинг ўзига бериб қўяқолади.

Бугунги ўзбек фуқароси қароқчи-ўғридан қўрқмайди, миршаб ва КГБдан қўрқади. Бугун мафиядан шикоят қилиб, давлат маҳкамасига бормаяпти, бугун давлат маҳкамасидан шикоят қилиб мафиягача бораяпти.

Сиз “давлат” деб атаётган нарса – ҳеч бир қонунни тан олмайдиган, қўлида тўқмоқ ва униформа кийган, агрессив бир махлуқотдир. Бу махлуқотни Сиз яратдингиз. Сизнинг буйруғингиз билан юзлаб маъмурлар ўша махлуқотга ем бўлдилар. Юзлаб маъмурлар ўзлари истамаган ҳолда, ўз ватандошларига зулм ўтказмоқдалар. Бошқа бир даврда халқига хизмат қилиши мумкин бўлган бу инсонларни Сиз ўз жиноятингизга шерик қилмоқдасиз.

Ҳалол меҳнат қилиши мумкин бўлган минглаб одамлар Сизнинг “кароматингиз” билан порахўр ва ўғриларга айланмоқдалар. Ҳа, Сиз ўғриликсиз яшаш мумкин бўлмаган коммунистик муҳитни янада барқарорлаштирдингиз.

Сизнинг сиёсатингиз инсонларни фақат ўз қорнини ўйлашга мажбур қилмоқда, уларни шафқатсиз равишда маънавий қадриятлардан узоқлаштирмоқда. Сиз энг оғир замонда ҳам овозини чиқариб турган, миллатнинг гуллари саналмиш зиёлилар қатламини тор-мор этдингиз. Бугун уларнинг аксарияти жимлик ичида яшашга маҳкум этилди. Сиз “зиёли” деб кўрсатаётган бир ҳовуч маддоҳ – мукофот бандаларининг овозлари чиқаяпти, холос.

Лекин Сиз йўқота олмаган бир хилқат бор – бу ўзбек миллатидир. Бу миллат жуда кўп зулм кўрди, ҳаммасидан омон чиқди, Сизнинг зулмингиздан ҳам омон чиқажак.

Зулм ҳеч бир даврда, ҳеч бир мамлакатда ўзини оқламаган. Унга қандай исм қўйманг – мўл-кўлчиликми, барқарорликми, – унинг табиати зулм бўлиб қолаверади. Унга қандай ниқоб кийдирсангиз ҳам, ниқоб остидаги чиркин юзи ўзгармайди. Зулмни ҳеч бир бўёқ билан оқлаб бўлмайди, чунки у ЗУЛМАТдир.

Сиз бугун сафсатангиз билан шу зулматни оқламоқчисиз. Сталин ва Бериядан қолган зулматни эмас, ўзингиз яратган зулматни оқламоқчисиз. Бу – масаланинг парадоксал ва фoжеали томонидир. Сиз сиёсий мухолифат билан курашаётганингиз йўқ, Сиз ўзингиз яратган аждаҳо зулм туғдирган кучга қарши курашаяпсиз.

Сиёсий мухолифат Сиз ўтказаётган зулмга пропорсионал равишда тикланмоқда. Мухъолифат кучланаётган бўлса, у Сиз кўрсатаётган зўравонликдан озиқланиб кучланаяпти. Яъни, бу норозиликнинг ҳам яратувчиси Сиз.

Ҳа, Сиз, амалда, бизга шу икки алтернативни тавсия қилдингиз: биз ёки Сиз ўтказаётган зулмни қўллашимиз ёки унга қарши курашмоғимиз лозим эди. Биз иккинчи йўлни танладик. Чунки инсон қадр-қиммати бир пул қилиниб, адолат ер билан яксон бўлар экан, миллат озодлик томон эмас, қуллик ва мавҳумликка судралар экан, буни қўллаб-қувватлаш миллатга хиёнат бўларди. Токи, халқ оч-яланғоч ва хор-зор экан, мулки талон-тарож экан, саҳардан шомгача бир ҳовуч ҳаромхўрнинг жиғилдони учун меҳнат қилар экан, биз бундай тузумга қарши мухолифатдамиз.

Зотан, бугун ҳар бир номусли, ўзлигини, ватанини англаган киши Сиз яратган муҳитда мухолифатни танлайди. Ҳа, биз
мухолифатни танладик. Сиз бунинг қасосини олиш учун бизга “жиноячилар”деб айб қўйдингиз. Аммо бу бутун бир халққа “Сен ҳурриятга тайёр эмассан”, деб қўйган айбингиз қаршисида арзимас нарсадир.

Сиз интиқом олиш учун бизни турмаларга ташлаяпсиз, аммо бизнинг қисматимиз қамоқда яшаётган бутун бир халқ тақдири олдида ҳечдир. Сиз инсонларни ТАЪҚИБ қилаяпсиз, аммо ҳеч нарсага эриша олмайсиз, чунки муқаддас китобларда айтилганидек, Оллоҳ таъқиб қилинаётганларнинг ёнидадир.

1994. Феврал.

(давоми бор)