Қайғулар даф бўлсин

Қайғулар даф бўлсин
54 views
14 January 2017 - 7:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

 

Ёғмир ёғдир, Султоним!

Қодир эгам, Сендан тилак тиларман,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!
Ғарибман, ғамгинман, нолиш айларман,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Қодир – Аллоҳ! Ёғиш тупроқнинг жони –
Экиннинг ҳамдами, ҳосил ёрони,
Ернинг, Кўкнинг, Аршнинг, Курснинг Субҳони,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Булбуллар маст бўлиб, олам ойилсин,
Қайғулар даф бўлсин, ғамлар совулсин,
Наврўз келиб жумла жаҳон ёйилсин,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Раҳматнинг эшиги Аршдан очилсин,
Нуринг иниб, ер юзига сочилсин,
Ғубор тарқаб, алам, дардлар ечилсин,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Бошга келар ишлар Ҳақнинг фармони,
Кўнгилдан қувинглар, кўчсин армони,
Ўзингдадир барча дардлар дармони,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Банда, бечорангман, не бордир менда,
Раҳимсан, Раҳмонсан, карам кон сенда,
Караминг бўлмаса, қолдик дармонда,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Даргоҳдан тиланар нолишли қуллар,
Муножаат тилар, очилар тиллар,
Ёмонлик чекиниб, ёйилсин эллар,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

Махдумқули, муҳаббатда ирода,
Ишқинг камол топдир, қўйма орада,
Маҳшарга қолдирма, еткир муродга,
Раҳм айлагил, ёмғир ёғдир, Султоним!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди