Миршаблар ҳокимияти

Миршаблар ҳокимияти
22 views
15 January 2017 - 6:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(17)

МИРШАБЛАР ҲОКИМИЯТИ

Демократия – халқ ҳокимияти демакдир. Лекин бундай ҳокимият Ўзбекистонда йўқ. Бўлмаса қандай ҳокимият бор?Монархиями? Қиролликми? Подшоҳликми?

Бугун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳокимият, яъни миршаблар ҳокимияти юзага чиқди. Ўзбекистондаги коммунистик ғоя вақт кучи билан суриб ташланди-ю, унинг қандай кучга таяниб тургани ўз-ўзидан маълум бўлиб қолди. Давлат ва ҳукумат тепасида ҳеч қандай эътиқодга сиғинмайдиган, ҳеч қандай ғояни ҳокимият олмайдиган, фалсафаси фақат қориндан иборат бўлган бир гуруҳ амалдорлар ўтиргани энди ҳеч кимга сир эмас.

Лекин ҳокимятнинг тепасида ғўдайиб ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Уни ким биландир, нима биландир ҳимоя қилиш керак.

Чунки, ҳокимиятни унинг ҳақиқий эгаси бўлган халқдан ҳимоя қилиш унчалик осон иш эмас. Айниқса, бутун дунё демократияга юз тутаётган замонда, бутун дунё “қани, янгича ишларингни кўрайлик”, деб кўз тикиб турганда. Иккинчи томондан, мухолифат деганлари бор…

Президент Каримов ҳукумати бундай вазиятда синовдан ўтган йўлни танлагани ҳам бугун ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам республика ойнаи жаҳони ва радиосидан фақат ноғора ва карнай-сурнай овози эшитилаяпти. Токи, одамларнинг қулоғи том битсин, бошқа гапни эшитишга ҳоллари бўлмасин. Бу хил мазмундаги ҳамду-саноларга тўлиқ кўрсатувлар ва алмисоқдан қолган филмлар намойиш қилинмоқда. Токи, буларни кўрганларнинг кўзидан нури кетсин. Лекин ҳукуматга бу ҳам кам кўринди. Ҳамманинг тили, қўли, оёғи боғланди-ю миршабларга эркинлик берилди. Уларнинг маоши оддий фуқаронинг маошидан бир неча марта ортиқ қилиб қўйилди. Бугун уларга қарши гапирганлар судсиз, сўроқсиз қамоққа ташланадиган бўлди.

Миршабнинг фалсафаси ўз эгасини қўриқлаш-у чўнтагини қаппайтириш бўлди. Улар ҳатто Тожикистондан қочиб келаётган ўзбеклардан ҳам пул олишди. Миршаб дегани ўғрининг кушандаси бўларди. Бугун миршаб халқнинг топганини ўғрилар билан бирга ўмармоқда. Ана шундай замонларга етиб келди!

Эркинлик йўқ жойда қонун ишламаслиги ҳаммага маълум. Қоғозда ёзилган қонун жамият аъзоларининг шуурига кўчмас экан, албатта, қонунлар ишламайди. Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистон аталмиш мамлакатда қонунсизлик табиий бир ҳолдир. Буни ҳукумат тепасида ўтирганлар яхши биладилар. Билиб туриб, занжирдан бўшатиб юбордилар. Бир маза қилсин…

Бугун миршаб истаган кишисини тўхтатиб сўроқ қилади, уйига бостириб киради, ҳужжатини текширади, ҳақорат қилади, қамайди. Ҳақиқий жиноятчилар эса, миршабдан ўн қадам нарида ўз “фаолиятини” давом эттираверади. Уларнинг ҳимоячиси – миршаб. Машинаси ўғирланган бечора миршабхонага шикоят қилишдан қўрқади, чунки миршаблар “шикоят қилди”, дея ўғрига хабар беради. Шунинг учун бевосита ўғрининг ўзига мурожаат қилади ва ўз машинасини катта пул эвазига қайтадан “сотиб” олади.

“Боламни ўлдириб кетишди”, “қизимни зўрлашди”, “уйимга ўт қўйишди”, дея минглаб ўзбеклар миршабхонага борадилар, аммо жиноятчилар ўрнига ўзлари сўроқ қилинадилар.

Миршаб ҳеч кимга жавоб бермайди, балки, ҳамма миршабга жавоб беради. Миршаб шикоят қилиб келган одамга худди жиноятчига қарагандай қарайди. Унинг важоҳатидан “шикоятни бас қил, бўлмаса ўзинг қамаласан!” деган пўписа ёғилиб туради. Шу сабабдан, кейинги йилларда шикоятчилар сони ҳам кескин камайди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ўзича талқин қилиб,”бизда жиноятчилик кескин камайди”, деб мақтанаяпти.

“Жиноятчиликни йўқ қилиш учун, аввал шикоятчиликни йўқ қилиш зарур”. Бу – Ўзбекистон ҳукуматининг оригинал шиори. Барча янги қурилаётган тоталитар давлатлар бу тажрибадан самарали фойдаланишлари мумкин.

1994. Апрел.

(давоми бор)