“Буларга ҳеч кимса гапирмасин, уларнинг юзларига қараб боқмасин…”

“Буларга ҳеч кимса гапирмасин, уларнинг юзларига қараб боқмасин…”
135 views
15 January 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 134

(давоми)

Шунинг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у жойдан кўчиб, йўлга чиқдилар. Йироқдан Мадинанинг қораси кўриниб, Уҳуд тоғига кўзлари тушгач:

— Анави кўринган Тоба шаҳри, бу эрса Уҳуд тоғидур. Бизни тоғ дўст тутгай, биз ҳам уни дўст тутгаймиз, — дедилар.

Расулуллоҳнинг хабарларини эшитгач, бутун Мадина халқи — ёшу қари, хотун-бола қолмай Санийятул вадў деган тепа устига чиқиб, Расулуллоҳни кутиб олдилар.

Ҳожиларни, ғозийларни қарши олмоқ шу сабабдан мусулмонларга суннат бўлди. Булар ичида аскарликдан қочиб, Мадинада қолган кишилар ҳам бор эди. Расулуллоҳ айтдилар:

— Буларга ҳеч кимарса гапирмасин, уларнинг юзларига қараб боқмасин.

Шу сўз билан ота болага, оға инига қараёлмасдан Мадинага кирдилар. Дастлаб масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиганларидан сўнгра уйларига бормасдан халқ билан кўришгали масжидда ўлтирдилар. Шунинг учун улуғ сафардан келган умматларига аввал масжидга тушиб икки ракат намоз ўқиш суннат бўлди.

Аскарликдан қочиб, бу сафардан қолган кишилар ҳам келишиб, ўз айбларини ёпмоқ учун қасам билан узр айтишди. Буларнинг айтган сўзига, келтирган ҳужжатларига қараб, юзаки узрларини қабул қилдилар. Аммо ички ишларини Аллоҳга топширдилар. Шу орада ансор саҳобалардан Каъб ибн Молик келиб, Расулуллоҳга салом берди. Бу киши узрсиз Мадинада қолганлардан эди. Аввал ғазаблари келиб, сўнгра:

— Келгил, — дедилар.

Дарҳол олдиларига келиб ўлтирди. Унга қараб:

— Сафарга атаб бир туя сотиб олмиш эдинг. Нечук сен бу сафардан қолдинг? — деб сўрадилар.

Анда Каъб ибн Молик:

— Ё Расулаллоҳ, дунёда сиздан бошқа одам олдида ўлтирган бўлсам эди, ёлғондан бўлса ҳам узр айтиб қутулгудек сўз топар эдим. Агар ёлғон узр айтиб сизни қаноатлантирсам, Аллоҳ мени ғазаб қилгайму деб қўрқаман. Ростини гапирсам аччиғингиз келгай. Энди ҳар қандай бўлса ҳам тўғрисини гапирай. Аллоҳ ҳаққи, Ё Расулаллоҳ, ҳеч қандай узрим йўқ эди. Сиздан қолган кунларимда сафарга етарлик ҳамма жабдуқларим бор эди. Шундоғ бўлатуриб менга нима бўлди, бу муборак сафардан маҳрум бўлдим, — деди.

Расулуллоҳ:

— Бу ростини айтадур. Сенинг ҳаққингда Аллоҳ нима ҳукм қилса, шуни кўрурсан, — дедилар.

Қолган икковини ҳам чақириб улардан сўраб эдилар, улар ҳам ростини айтиб: «Узримиз йўқ эди, аскардан қолишга Ё Расулаллоҳ», дедилар. Буларга ҳам Каъбга қилгандек сўз қилдилар. Негаким аскарликдан қочиш Ислом қонунида энг улуғ гуноҳлардан ҳисобланадур.

Мунофиқлардан ва бошқалардан бўлиб, бу сафардан қолган кишиларнинг сони саксондан зиёдроқ эди. Уларнинг юзаки узрларини қабул қилдилар. Буларнинг ишини эрса, Аллоҳ ҳукмига қўйдилар.

Бунинг сабаби шул эрдиким, бу учовлари улуғ саҳобалардан бўлиб, бирор тўғрида диёнатларига гумон тушмаган эди.

Қуръон ҳукмида жиҳод сафаридан узрсиз, сабабсиз қолмоқ тарки фарз қилмоқдур. Бу эрса улуғ гуноҳлардин саналур. Шу учун Расулуллоҳ буларга ҳеч кимса сўз қилмасин, салом бермасин, деб амр қилдилар. Бу буйруқ чиққач, ер усти уларга тор бўлиб, ҳеч жойга сиғмадилар. Буларнинг иккови ёши улуғ кишилар эди. Уйларидан чиқолмай йиғлашиб ўлтиришди. Каъб ибн Молик уйда ўлтиришга чидаёлмай, кўча айланиб, бозорга чиқиб юрар эди. Лекин унга учраган кишилар эрса тескари қарашиб, саломлашмай ўтар эдилар. Бу қийинчилик билан қирқ кун ўтказдилар. Қирқинчи куни бўлганида Расулуллоҳдан бир киши келиб: «Ҳукм шулдурким, хотинларингиздан йироқ тургайсиз», деди.

Яна ўн кун хотинларидан ҳам ажраб бошқа туришди. Буларнинг қайғулик тунлари эрса эллик кунга тўлди.

(давоми бор)