Жон қайғуси

Жон қайғуси
117 views
16 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(18)

ЖОН ҚАЙҒУСИ

Табиийки, давлат бошлиғининг жон ва мол борлиғи муҳофаза этилиши шарт. Бу иш учун сарфланадиган харажатлар мамлакат бюджетида аниқ кўрсатилиши лозим, зарур бўлса, Парламентда эълон этилиши керак. Аммо кейинги уч йил ичида бу қоида унутилди, ҳатто махфий тутила бошлади. Сабаби оддий:

Ўзбекистон президентининг жонини муҳофаза этиш учун сарфланаётган харажатлар йилдан-йилга эмас, кундан-кунга ошиб кетаяпти.

Бир замонлар президент Каримов ўз уйига бор-йўғи уч-тўрт машина ва беш-олти мотосиклчи ҳимоясида бориб келарди. Кейин машиналар сони беш-олтига етди. Президент саройи панжаралар билан ўралди. Шахсий муҳофизлар сони ҳам темир панжара чивиқлари каби кўпайди. Бу ҳам кам кўринди шекилли, у ўз саройидан Парламент биносига қадар ер ости йўли қурдирди. Бу ҳам оз кўринди. Фақат президентга бўйсунадиган тўрт минг кишилик махфий баталён тузилди – у ҳам президентнинг жонини муҳофаза қилишга мўлжалланган.

Президент бир томондан, ўз назарида “жонига кўз тикканлар”ни бирин кетин йўқ қилиб борар экан, иккинчи томондан, ўзига “жон кўзи” билан қарай бошлади. Ва шу даражага бориб етди-ки, Япониядан бир вертолёт (!) ҳамда йигирмата зирҳли “Mersedes-Benz” автомобили сотиб олди.

Хўш, Каримов ўз халқидан нега бунча қўрқади?

Республикада мутлақ ўз ҳокимиятини ўрнатган, маҳаллий матбуотда шаънига мадҳиялар ёғдирилаётган, мамлакатнинг бутун масжид-у жомеларида номига дуолар “уюштирилаётган” бир инсоннинг оромини ким бузаяпти, унинг ширин ҳаётига ким дахл қилмоқчи?

Аслида, қўрқув Каримовдан ташқарида эмас, унингг ичида. Бу ҳисни қўрқувдан кўра кўпроқ “васваса” деб аташ тўғри бўлади, балки. Васваса – бугун Каримов яшаётган руҳий-маънавий бўҳрон.

Бу бўҳронга уни ҳеч ким судраб олиб боргани йўқ. Бу йўлни Каримовнинг ўзи танлади. Каримов минглаб инсонларни таъқиб қилмоқда. Айни пайтда Оллоҳ ҳам уни таъқиб қилаётганлиги шубҳасиздир. Каримовнинг таъқибидан қочиб-қутулиш мумкин, Оллоҳнинг таъқибидан ҳеч ким қочиб қутулган эмас.

Агар президент ўзини халқдан муҳофаза қилмоқчи бўлаётган бўлса, бунинг учун йигирмата мерседес ва вертолёт олиб, пулни бекорга сарф қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Чунки унга қарши курашаётганлар унинг жонига қарши эмас, балки, тузумга қарши курашаяпти. Тузумни эса, нафақат вертолётлар, балки, ҳеч қандай восита билан асраб қолиш мумкин эмаслигининг гувоҳи бўлдик.

Тўғри, ҳамма ўз жонини эҳтиёт қилади, давлат раҳбарлари учун бу янада табиийдир. Фақат Ўзбекистон президентининг жон муҳофазаси учун сарфланаётган бир кунлик харажат бугун битта вилоят аҳолисини бир йил давомида озиқ-овқат билан таъминлашга етади. Ўзбекистондаги инфлятсия даражаси бугун беш юз фоиз атрофидадир. Статистикага боқманг, халқнинг аҳволига боқинг.

Фақат қишлоқда эмас, шаҳарларда ҳам одамларнинг аксарияти ойда бир марта гўшт еса ейди, емаса йўқ. Уларнинг ўртача ойлик маоши уч американ долларига тенг, яъни Каримовнинг саноқсиз шофёрларидан бирининг бир кунда ичган пивоси нархига тенг.

Халқ фаровонлиги ҳақида тинмай гапираётган Ўзбекистон президенти буни билмайдими? Албатта билади. Каримов бундан зиёдасини ҳам билади; халқни ярим оч тутиш керак, акс ҳолда кўзи очилиб, ўз ҳуқуқларини талаб қила бошлайди… ва охир-оқибатда салтанат қулайди. Шунинг учун халқнинг тўқ бўлганидан оч бўлгани маъқулроқ.

Президентнинг иқтисодий сиёсати будир.

1994. Май.

(давоми бор)