Гулнора Каримова швейцариялик прокурорлар томонидан сўроқ қилинди

Гулнора Каримова швейцариялик прокурорлар томонидан сўроқ қилинди
179 views
16 January 2017 - 10:30

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова пул ювганлик айблови бўйича декабр ойида Тошкентда швейцариялик прокурорлар саволларига жавоб берган.

Бу ҳақда Wall Street Journal нашри Каримованинг адвокати сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

Бу хабар уч йил муқаддам жамоатчилик назаридан ғойиб бўлган Гулнора Каримованинг қаердалигига оид саволларга ойдинлик киритгандек бўлди.

Каримова Тошкентдаги ҳовлисида уй қамоғида ушлаб турилгани айтилса-да, шу кунгача бу борада ишончли маълумот йўқ эди.

Гулнора Каримова кўп миллионли коррупцион жанжалда гумонланувчи саналса-да, шу пайтгача бу борада очиқ маҳкама ўтказилгани маълум эмас.

Гулнора Каримованинг сентябрь ойида президент Ислом Каримов дафн маросимида қатнашмагани ҳам унинг қаердалиги ҳақида жавобсиз саволлар туғдирганди.

Бироқ, Wall Street Journal нашрининг ёзишича, 9 ва 10 декабрь кунлари Каримова хоним Ўзбекистон пойтахтида швейцариялик икки прокурор саволига жавоб берган. Швейцария суди томонидан Гулнора Каримовага адвокат этиб тайинланган Gregoire Mangeat ўз мижози билан икки марта юзма-юз гаплашишга муваффақ бўлганини айтган.

“Унинг соғлиғи нисбатан дуруст эди, бироқ хавфсизлиги мутлақо кафолатланган эмас”, деган швейцариялик адвокат. Унга кўра, Г.Каримова Тошкентдаги ҳовлисининг бир қанотида истиқомат қилиб келаяпти. Унинг ташқи дунё билан, шу жумладан, болалари ва ўз адвокатлари билан ҳам алоқа қилиши тақиқланган.

Швейцария прокуратураси вакиллари Г.Каримова Тошкентда сўроқ қилинганига оид маълумотни тасдиқлаганлар, бироқ бошқа тафсилотларни очиқламаганлар. Нашр ўзбек расмийларидан ҳам бу борада маълумот олишга муваффақ бўлолмаган.

Швейцариялик прокурорларнинг Г.Каримова билан учрашишига рухсат этилиши ўзбек расмийлари томонидан ўзгаришлар сари қўйилган қадам ўлароқ баҳоланмоқда. Президент Каримов тириклигида бу каби ҳамкорликка тўсқинлик қилиб келинганди.

Таҳлилчилар фикрича, бу ҳолат янги президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон шаънига доғ туширган ва кўп йиллардан бери чўзилиб келаётган бу можарога чек қўйиш истагини ифодалаётган бўлиши мумкин.

ЎХҲ хабарлар бўлими