Туркистон шуури

Туркистон шуури
25 views
17 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(19)

ТУРКИСТОН ШУУРИ

Миллиятчилик ибораси XX-асрга қадар Ғарбда аксарий ҳолларда фалсафий иборалар сифати қўлланилар эди.

Йигирманчи асрдан бошлаб, у сиёсий терминга айланди.

Йигирманчи аср дунёда колониализмнинг инқироз асри бўлди. Юз йиллаб истиқрор ичида яшаган ва яна юз йил яшаши мумкиндай кўринган муҳташам империялар бир неча йил ичида кунфаякун бўлди. Бунга мисол қилиб Буюк Британия ва Усмонли империяларни келтириш мумкин. Шунингдек, франсузлар ва италянларнинг араб ўлкаларидаги протекторатлари – колониал ҳокимиятлари ҳам XX-асрда тамом бўлди.

Дунё миқёсида бу ўзгаришлар тамалида, шубҳасиз, сиёсий ва иқтисодий факторлар муҳим рол ўйнади. Аммо колониал салтанатларнинг чўкишида ҳал қилувчи зарбани миллиятчилик берди.

Миллиятчилик зулм остида халқларнинг мустамлакачиларга қарши курашда энг кучли стимул эди.Турли минтақаларда турли маданиятдаги, турли тилда гаплашадиган этник гуруҳлар ўртасида урушлар бошланди. Байроқларга “менинг ватаним”, “менинг ерим”, “менинг тилим”, “менинг миллатим” каби шиорлар битилди.

Йигирманчи аср этносларнинг миллатларга айланиш асри бўлди. Бу жараён ҳали сўнгига етмади ва у яқинда парчаланган совет импереясида яшаган ҳудудда айниқса бўртиб кўринмоқда. Бунга Русия ва Кавказда бўлаётган воқеаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Бу жараён Ўрта Осиё минтақасида ҳам кузатилаяпти. Маълумки, ўтмишда Туркистон деб аталган бу минтақада турклардан бошқа этник гуруҳлар ҳам яшаган. Ипак йўлига тизилган Урганж, Самарқанд, Бухоро каби маржон шаҳарлар дунёнинг тижорат марказлар эди. Бу хусусият турли тил ва маданиятдаги қавмларнинг бир-бирига яқинлашуви уларнинг минтақада ўтроқлашувини таъминлади.

Шуниси қизиқ-ки, бу минтақада сўнгги минг йил ичида бўлиб ўтган катта-кичик урушлар хроникасига боқар экансиз, урушлар сабабини ҳеч қачон миллий бўлмаганини кўрасиз. Улар доим сиёсий ёки территориал бўлган.

Туркистонда миллий уруш биринчи марта чор империясига қарши бошланди. XIX-аср охиридага Дукчи Эшон исёни, 1916 йилдаги Жиззах қўзғолони ва 1919 йилдан 1932 йилгача давом этган “босмачилар ҳаракати”- ҳаммаси Туркистон халқининг миллий урушлари эди.

Миллий урушлар халқнинг империалистик сиёсатига қарши ўзини ҳимоя қилиш инстинкти ўлароқ, табиий ва ижобий ҳаракатлардир. Бу урушлар охир-оқибат халқларни мустамлакадан қутқаради, миллий ўзликни англатади. Совет империяси бу ҳақиқатни билар эди ва таҳликанинг олдини олиш учун ўзига йўналтирилган миллий нафрат оқимини минтақа ичида тўхтатишга уринди. Бу нафратни ўчирмади, балки, Туркистон халқларининг ўзига қарши йўналтиришга ҳаракат қилди. Ўзбек русга қарши эмас, тожикка қарши, тожик русга қарши эмас, ўзбекка қарши, қозоқ русга эмас, қирғизга, қирғиз ҳам русга эмас, албатта қозоққа қарши қўйилиши лозим эди. Яъни, советлар ўз мустамлакасини сақлаш учун ҳарбий кучдан қандай фойдаланган бўлса, эски Рим усули – “бўл ва бошқар” сиёсатидан ҳам шунча фойдаланди. Бу минтақада яшовчи халқлар учун сохта “тарихлар” яратилди, уларнинг этник келиб чиқиши ҳақида бир-бирига зид бўлган “илмий назариялар” ўйлаб чиқарилди.

Натижа ўлароқ, этник илдизлари бир бўлган турк қавмлари – ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманлардан алоҳида миллатлар вужудга келди.

Руслар бу сиёсатни олиб борар экан, маҳаллий сатрап-раҳбарлардан яхши фойдаланди. Бу раҳбарларда тарихий шуур йўқ эди, бўлса ҳам бу шуурни худбинлиги, мансабпарастлиги йўлида қурбон қилдилар ва метрополия сиёсатини оғишмай амалга оширдилар. Ҳар бир янги жумҳурият идеологиясида “Октябр инқилоби бизни халқ қилиб яратди, унгача биз оломон эдик”, деган фикр кундалик сиёсат тамалига қўйила бошлади. Октябр инқилобигача Туркистон қавмлари давлат қуришни билмаган, қурилган давлатлар ҳар доим тажовузкор бўлган, амирлар, хонлар ўз халқининг қонини тўккан, дейилди.

Шу усулда Туркистонликлар зеҳниятида ўзини бошқа халқлардан тубан кўриш комплекси яратила бошлади. Бу комплекс “тарихий” кашфиётлар, фактлар билан озиқлантирилиб турилди. Бизнинг тарихимиздаги подшоҳлар дунёда энг золим подшоҳлар, бизнинг хонлар энг аҳмоқ хонлар, дунё фанва маданиятга ҳисса қўшган мутафаккир ва олимларимиз эса биқиқ, “феодал-клерикал” мафкура қурбонлари ўлароқ тақдим қилинди.

Ўзини хор кўриш комплекси тез орада ўз меваларини бера бошлади: ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркман ва тожиклар шоша-пиша метрополия яратган янги тарихларини “мукаммал”лаштира бошладилар. Яъни, улар бу сунъий яратилган “тубанлик”ни табиий кўрдилар ва ундан қутулиш йўлини ахтаришга киришдилар.

Ваҳоланки, бунга ҳеч эҳтиёж йўқ эди, чунки бизнинг тарихимиз умум бир тарих, шарафли бир тарих, битта ўзбекнинг тарихи эмас, битта қозоқ ёки туркман, қирғиз ёки тожикнинг эмас, бирданига ҳаммамизнинг тарихимиз – бутун бу халқларнинг боболари яратган бир яхлит тарих – ТУРКИСТОН тарихи эди.

Зотан, Мовароуннаҳрда икки минг йил ичида қурилган буюк салтанатлар тамалида биз юқорида санаган ҳар бир қавмнинг закоси, истеъдоди, меҳнати ва шаҳидлик қони ётибди. Ҳа, бизнинг боболаримиз бу давлатларни нафақат бирга қурдилар, балки бу давлатларни бирга ҳимоя қилиб, бирга шаҳид ҳам бўлдилар. Бу ҳақиқатни бизнинг халқларимиз ҳеч қачон унутмасликлари керак эди. Афсуски, унутиш арафасида турибмиз. Буни унуттириш учун юритилган сиёсат ҳали ҳам ўз таъсирини йўқотгани йўқ.

Совет империяси “бўлиш” сиёсатини 50-йилларда жумҳуриятларнинг ўзига, тўғрироғи, уларнинг раҳбарларига топширди. Зотан, бу босқичда, гўё совет одами “яратилиб” бўлинган эди, гўё совет халқлари ўз истиқболида коммунизмдан бошқа порлаб турган ҳеч нарсани кўрмас эдилар. Метрополиянинг ҳисоби тўғри чиқди ва маҳаллий раҳбарлар, тадбиқ қила бошладилар. Миллиятчилик 60-йилларга келиб, янгидан куртак ота бошлади, бу сафар унинг оқими фақат русларга қарши эмас, балки ён қўшнилари бўлмиш халқларга ҳам йўналтирилган эди. Бу кайфият тамалида, шубҳасиз, биз эслатган “янги тарихлар илҳоми ётади. Ўзбек идеологлари ўзбекларнинг Олтин Ўрда хонидан “тарқалгани”ни исбот қилишга уриндилар, тожик идеологлари тожиклар форслардан “тарқалган” деган иддаони миллий мафкурага айлантирдилар. Бу ўйинда қозоқлар ҳам, қирғиз, туркман идеологлари ҳам фаол қатнашдилар.

Муштарак бир тарих фарзандлари бўлган буюк олимларимиз, шоиру мутафаккирларимиз жумҳуриятлараро тақсимлана бошланди. Минг афсуски, бу ўйинга зиёлилар ҳам алдандилар.

Ҳайбаракаллачилик жим турмади, улар “тожик халқи Октябр инқилобидан миннатдор бўлиши лоизм, чунки улар инқилобдан кейин биринчи марта ўз давлатларига эга бўлди, тожиклар талантли халқ бўлишига қарамасдан, ўзбек ҳукмдорлари уни ҳеч давлатга яқинлаштирмади” қабилида ташвиқот юргиздилар. Ёки “қирғиз ҳам инқилобга шукр қилсин, у бўлмаса, ҳали ҳам Қўқон сартларининг ҳокимиятида эзилиб ётарди”, дея авраб турдилар.

Лекин ҳеч ким бу хонликлар зулми остида қирғиз ва тожик қатори ўзбек ҳам, қозоқ ҳам баравар эзилганини айтмасди. Аксинча, бу давлатлар тарихимизда бўлмаган бир нарса – этник асосга қурилган давлатлар қилиб кўрсатилар эди.

Шу йўсинда рус мустамлакачилари ўзига қарши йўналтирилган миллий уйғониш қуролини секинлик билан бу қурол эгасига йўналтира бошлади. Жуғрофий, иқтисодий, маданий, тарихий яхлит бўлган бир буюк минтақа халқлари зеҳниятида уйғонган миллий шуурнинг саросимага айланиш хавфи пайдо бўлди. Ҳайриятки, бизни яна ўша халқнинг ўзи қутқарди. Раҳбарларимиз “бўлувчилик” сиёсатини олиб борар экан, сержазава зиёлилар “фалон шаҳар азалдан бизники эди, ўзбеклар кейин келган”, дея жар солаётган пайтда бизнинг халқларимиз аввалгидай бир-биридан қиз олиб, бир-бирига куёв бўлиб, асрий анъаналарини давом эттириб яшайвердилар.

Баъза бу қўлбола идеологларга “Ҳў, оғайни, агар сен азалий ватан изласанг, осмонга жўна. Чунки Оллоҳ таоло одамни осмондан индирган. Ер курраси ҳам одамзотники эмас, ер талашишни бас қил”, дегиларинг келади. Лекин булар ҳазилга тушунмайдилар. Тожикистондаги кейинги воқеалар бу идеологиянинг мутлақо ҳазил эмаслигини кўрсатди.

Бу қонли воқеаларда фақат коммунистлар ва диндорлар ўртасидага ғавғо эмас, миллий низо асоратларини ҳам кўриш мумкин. Бу шу кунгача сўйланмаган ҳақиқатдир. Минглаб ўзбеклар тожиклар тарафидан ўлдирилди, минглаб тожиклар ўзбеклар тарафидан ўлдирилди. Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари, Фарғона водийси ўзбек қочқинларига тўлиб кетди.

Ваҳоланки, Тожикистонда яшаётган ўзбеклар ҳам, Ўзбекистонда яшаётган тожиклар ҳам бу жумҳуриятларда мусофир эмас, балки асрлар давомида бу ерлар уларнинг ватани бўлган ва шундай қолиши керак. Ва Туркистон парчаланиб бешта жумҳуриятга айланган бўлса, ҳурмат қилсак, шу минтақада худди ўтмишдагидек бир жон, бир тан бўлиб яшашни орзу қилсак, низо уруғларини ҳозирдан йўқ қилишимиз зарур.

Бугун тожикларнинг форслардан эканини, ўзбекларнинг “ўзига бек” эканини айтиб, фахрланиш замони эмас. Бугун тожик ва ўзбекнинг нафақат қардош, ҳатто қондош эканлигини айтиш ўринлидир. Бу асло баландпарвоз сўз эмас. Бу қавм икки минг йиллардан буён бирга яшайди. Олимлар бугун ўзбек ва тожикнинг қони текширилганда юз % идентив чиққанини, генетик жиҳатдан фарқсиз эканини айтмоқдалар. Маданиятимиз ҳам шундайдир.

Мусиқамиз, қўшиқларимиз, ҳатто фолклоримиз ҳам бир-бирига туташгандир. “Гўрўғли” достонининг тожикча вариантини эшитиб кўрганмисиз? Эшитиб кўринг, бу гаплар муболаға эмаслигига амин бўласиз.

Бир сўз билан айтганда Туркистон миллиятчилиги бугун муҳим бир босқичга кирди. Уни эски рус идеологияси таъсиридан қутқариб, ҳақиқий миллий шуурни яратиш йўлида қўлламоғимиз керак.

Туркистон халқлари икки давлат – Хитой ва Русия ўртасида яшайдилар. Тарихимизга қарасангиз, бундай бир геополитик даврада давлат қуриш ва уни иқтисодий, сиёсий жиҳатдан сақлаб қолиш у қадар осон бўлмаган. Бу икки йирик давлатнинг иқтисодий ёки сиёсий қулига айланмасликнинг ягона йўли – Туркистон бирлигидир. Сиёсий бирлик деётганим йўқ, иқтисодий, маданий, тарихий бирликни мустаҳкамлаш лозим, демоқдаман.

Мен бу фикримнинг “пантуркизм” деб йўримланишини истамайман. Шу кунгача бундай фикрни айтганлар пантуркист ўлароқ танилдилар, уларнинг номи билан дунёни қўрқитдилар.

Аммо бугун Туркистон минтақасида бешта мустақил жумҳурият мавжуд ва бирликка чақирар экан, ҳеч ким уларни унитар давлат бўлишга даъват қилмайди. Фақат юқорида айтилган принсиплар асосида бирликни назарда тутади ва бу амалга ошса, Туркистон халқларига фойдадан бошқа нарса келтирмайди. Агар бу бирлик яратилмаса, ичга йўналган миллиятчилигимиз давом этаверади, тожик ўзбекни, қирғиз қозоқни, қозоқ туркманни “ўз ватанига” ҳайдайверади.

Миллий шуур эмас, миллий низо билан яшашда давом этамиз. Халқларимизнинг зако қуввати янги давлат қурилишига эмас, кин ва нафратга сарф бўлади. Иқтисодимиз чўкаверади, сиёсатимиз обрўсизланаверади.

Туркистон лидерлари бугун ўз худбинликларидан воз кечиб ягона иқтисодий жабҳа яратишлари лозим. Фақат божхона эмас, ягона валюта бирлиги ҳақида ҳам ташаббус кўрсатишлари лозим.

Шунингдек мудофаа кучларини бирлаштириши, ички ва ташқи сиёсатларини ҳам мувофиқлаштиришлари керак. Ваҳоланки, бу принсиплар асосидаги бирликни баъзи раҳбаримиз Русияга таклиф қилишга ҳозирлар, аммо Туркистонга таклиф қилишга журъат қилолмайдилар. Чинки “пантуркист” деб аташларидан қўрқадилар.

Буни англаш қийин. Нима учун биз Русияга раво кўрган нарсамизни ўзимизга раво кўришдан қўрқамиз? Биз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, дея аталган мўрт ва сунъий иттифоқ интегратсияси учун курашар экан, нега аввал бизнинг табиий ҳаққимиз бўлган Туркистон интегратсиясини ўйламаймиз, ўйлашдан қўрқамиз? Бу қўрқувдан қутулмоқ замони келди. Яшасин миллиятчилик, аммо бу туйғу маҳалийчиликка айланмасин. Яшасин мустақиллик, аммо бу мустақиллик ўз қардош-қондошимизни ўлдиришга хизмат қилмасин.

Туркистон бўлгасида бирорта жумҳурият ўз қўшнисидан айри ҳолда мустақил бўлолмайди. Бу ҳақиқатни тарихимиз кўрсатиб турибди: агар биз учун мустақиллик бўлса, бу бутун ТУРКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИдир.

1994. Май.

(давоми бор)