Қозоғистон республикаси президенти Н.Назарбоевга мактуб

Қозоғистон республикаси президенти Н.Назарбоевга мактуб
200 views
18 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(20)

ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ Н.НАЗАРБОЕВГА МАКТУБ

Муҳтарам президент, биз Қозоғистонни демократик жамият қураётган давлат сифатида биламиз ва ҳар доим ҳукуматингизнинг бу йўлдаги ташаббусларини самимий қаршилаганмиз. Афсуски, кейинги вақтда Қозоғистон ҳудуди Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ноқонуний ҳаракатлари майдонига айланмоқда.

Шу йилнинг 17 июнида 18 июнига ўтар кечаси Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимлари Олма-Ота шаҳрида “Эрк” Демократик партияси фаоллари – Ўзбекистон халқ депутати Мурод Жўраев ва Эркин Ашуров турган уйнинг (Туле Бий кўчаси 2/139) телефон симларини узиб, эшигини синдириб, фаолларини калтаклаб, қўлларига кишан солиб Тошкентга олиб кетишди.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг бу ходимлари 13 апрелда Чимкент шаҳрида “Эрк”нинг бошқа бир фаоли Юсуф Рўзимуродовни ушлаган эдилар.

Сизга маълумки, инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланиб, май ойида Олма-Отада ўтказилган конференсия кунларида айнан шу милитсия ходимларининг ғайри-қонуний ҳаракатлари туфайли катта жанжал бўлган эди. Ўша конференсиядан бир кун олдин ва Қозоғистон ҳудудида ўзбек мухолифати аъзолари Васила Иноятова ва Маъмура Усмоновалар ушланган эдилар. Ўзбекистон ИИВ ходимлари Чимкент ва Олма-Ота шаҳарларида конспиратив офисларда яшайдилар. Улар “жиноятчиликка қарши кураш” ниқоби остида асосан сиёсий мухолифатни таъқиб этиш вазифасини бажармоқдалар, Қозоғистон вокзаллари, аэропортларида изғиб юришибди, Ўзбекистонга бораётган автобуларни очиқчасига назорат қилмоқдалар.

Ўзбекистон демократик жамоатчилиги номида бу хусусда ўз позитсиянгизни билдиришингизни ва юксак обрў-эътиборингиз билан бегуноҳ қамалганларни озод этишга таъсир қилишингизни сўраймиз

Муҳаммад СОЛИҲ
“Эрк” Демократик партияси раиси
1994 йил, 20 июн.

(давоми бор)