Мянмарнинг ёнаётган Мошиталари…

Мянмарнинг ёнаётган Мошиталари…
53 views
18 January 2017 - 4:00

Буюк донишманд, авлиё бобомиз ал-Ҳаким ат-Термизий дейдилар: “Дунё; ҳукмдорлар учун келин, зоҳидлар учун ойнадир. Ҳукмдорлар унинг-ла безанур, зоҳидлар эса офатларига боқарак, ундан узоқлашиб, тарк этарлар…”

Бугун дунёнинг турфа бурчакларида рўй бераётган зўравонликлар, тожу тахт, бойлик, амал талошишлар ва бу бўҳронлар ичида ноҳақ ҳалок бўлаётган минглаб одамлар, маъсум гўдакларнинг аянчли тақдирини кузатиб, бу ҳикматнинг нақадар ҳақ эканлигига яна бир карра амин бўлаётирмиз.

Аммо ҳақиқат шулки, ҳоҳ ҳукмдор бўлиб яшасин, ҳоҳ мазлум бўлиб, алал-оқибат, динию ирқи, миллатию маслагидан қатъий назар, ҳамманинг борар ери бирдир…

Дунёнинг адолати нисбийдир. Гоҳо бирёқламали, гоҳо мунофиқона бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам барча илоҳий китоблар огоҳлантиради: охират бор, мезон бор, ҳисоб бор, Ҳақнинг адолати бор!

Мянмардаги мусулмонларнинг тирик-тирик ёқилаётганлиги хусусидаги хабарларларни ўқиб…, қачонлардир бу дунёи бебақога бир қуш каби қўнган-у, яна манзилотга қайтиб учиб кетган бир маъсума ҳақидаги мунгли ҳикоя хотирга келди ва кўнгилни паришон этди.

…Инсониятнинг олис тарих саҳифаларидаги бир аёл… Етти кўкнинг қатларида ифори таралган… қудсий бир макондан ер олмоққа мушарраф бўлган бир аёл… Унинг ҳузунли ҳаёт ҳикоясини эшитган кўнгилларни мумдайин эритган сабр обидаси… Заифа яратилганига рағбан ўз иймонида сўнгги нафасигача собит қололган жасорат тимсоли – Мошита… (Мошита– тароқчи,аёллар сартароши мазмунини англатади.)

Исми ноаниқ, фақат касбу кори ила маълум бўлган ул шоҳидадан, не шарафки, муборак пайғамбаримиз Муҳаммад (салоллоҳу алайҳи вассаллам) баҳс этадилар…

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) меърожга чиққан пайтларида муҳташам бир ифор туйдилар самода. Ҳайрат ичра сўрдилар:”Бу хуш ифор ненинг ё-да кимнинг ифоридур?!”

Жаброил алайҳиссалом жавоб бердилар:

-Бу Мошита ва жужуқларининг ифоридир.

Расуллуллоҳ (с.а.в.) дедилар:

-Ким эди у Мошита?

Жаброил алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом замонида яшаб ўтган Ҳазрати Мошита Хотун воқеъасини англатдилар.

Воқеъа будир:

Мошита золим Фиръавннинг эркатой қизига соқчи, тароқчи эди. Қизни сочларини ювиб тараб, оролантириб қўярди.

Бир кун Фиръавннинг қизини оролантираркан, қўлидаги тароқ ерга тушиб кетди. У тароққа узанаётиб, беихтиёр “Бисмиллоҳ” деди, яъни “Аллоҳнинг исми ила…”

Фиръавннинг қизи бирдан сўради: “Ким у Аллоҳ?… Отамни назарда тутаяпсан, шундайми?”

Мошита ёлғон сўзлай олмасди. Чунки унда иймон устивор эди. Шу боис деди: “Отангни, сени, мени ва бошқа минглаб одамларни, еру осмонларни,бутун коинотни яратган Аллоҳни зикр этдим. Сенинг отанг Аллоҳ бўлолмас, қизим. Аллоҳ Мусонинг сўйлагани кабидир!”

Фиръавннинг қизи отаси томон югурди. “Мошита йўлдан озди… Сени танимаяпти, Аллоҳ эмаслигингни айта бошлади, у Мусонинг Роббисига инонармиш ”, – дея арз этди.

Фиръавн ғазабланди. Мошитани келтиришни буюрди. Келтирдилар. Бошқаларга “дарс” бўлсин учун Мошитани қийноққа солдирди. Сочларидан осдирди, тирноқларини суғуртирди, бармоқларини кесди… Қўлларига занжир боғлаб кунларча оч қолдирди. Сўнг чормих эттирди. Аёл барибир Аллоҳдан юз ўгирмади. “Ожизсан, фонийсан, заволлисан, муҳтожсан! Онанг, отанг каби бир кун ўлажаксан. Аллоҳ эмаслигингни ўзинг ҳам биласан. Аммо кибринг… Салтанатингни йўқотишдан қўрққанинг учун ёлғон сўйлайсан, алдайсан, одамларни қўрқитасан, зулм қиласан… Холбуки, Аллоҳ азалий ва абадийдир! Аллоҳ буюкдир, Мусо алайҳиссалом унинг қули ва пайғамбаридир!” – деди.

Бу қадар жасорат ва ҳақ сўз олдида чорасиз қолган Фиръавн Мошитанинг беш ёшли қизи ва уч ойлик ўғлини келтиришни буюрди. Келтирдилар. Мошитага деди:”Ё Аллоҳни инкор эт, Фиръавнни худо бил, ё-да фарзандларинг оташда ёнажак…” Аёл яна:”Роббим – Аллоҳ, пайғамбарим – Мусодир!” – дейиши ҳамоно золимнинг ҳиддати ортиб, ханжарини жажжи қизалоқнинг бўғзига таяди.

…Мошита онадир… дунёнинг барча оналари каби – бутун борлиғи ила меҳру шафқатга, муҳаббатга тўла… Аммо аввало иймон, Яратганга итоат энг муҳимидир…

Фиръавн яна: “Менга топин, Аллоҳни инкор эт!” – деди. Мошита сўзидан қайтмади…

Жоҳил Фиръавн ҳаддидан ошди: Мурғак қизчанинг бўғизларини кесарак, қонини ҳовучлаб, онасининг оғзидан, бурнида қуйди. Сўнг жажжи жасадни қизиган ёғнинг ичкарисига отди ва этлари тамоман тўкилгунга қадар олов ёқдирди…

Мошита бир ён, қизалоғи иккинчи ёндан фарёд солса-да, не ёзуққи, бир онанинг Аллоҳни инкор этмагани, сабабидангина бу қадар зулм унга раво кўрилди…

Шунинг учун ҳам халқ ҳануз золим кишиларнинг ишларига “Фиръавн каби” дея таъриф беради. Чунки фақат Фиръавнларгина жаҳолат, тубанликка бу қадар чуқур кетдилар…

Мошита бутун борлиғи билан иймон кучига таянмоққа давом этди – том бир мўмина каби, том бир сиддиқа каби, том бир Аллоҳнинг дўсти каби: “АЛЛОҲ БИРдир ва ягонадир!… ”

Иймон кучли эса, синов ҳам кучли келадир…

Қутурган Фиръавн энди Мошитанинг уфоққина ўғлини йўргакдан олди… Мошитага яқинлаштирди. Гўдак оч эди… гўдак шафқатга муҳтож эди… Онасини кўриши ҳамоно эмиш учун талпинар, озуқ истарди… Неча кундир эмизиксиз қолган гўдак онасининг ҳидини оларкан, нашъали бир қўмсаш ила озуқланмоққа талпинарди. Аммо золим ушоққина этни онасига қайта-қайта яқинлаштириб, яна озиқлантирмасдан орқага тортарди…

Қани, бир она учун таянилажак он?…

Фиръавн илкис гўдакнинг оёқлирдан тутиб, порил-порил ёнаётган печнинг оғзини очди. “Ё менга топинасан, ё-да ўғлинг ўтда ёнажак!” – дея хириллади.

Мошита бор кучи, бор бардоши билан таянди, аммо бир нуқтада бу таянчидан айрилдики, қирқ қилиққа кириб васваса бермоққа киришган шайтон унинг кўзига кўриниб деди: “Сен нақадар тошдил инсонсан, сен нақадар вафосиз бир аёлсан, сен нақадар шафқатсиз бир онасан-а?…Фарзандларинг бир-бир кетяпти… Бор йўғи бир мартагина дилдан бўлмаса ҳам тилдан Аллоҳни инкор этсанг бўлди, гўдагингни қутқарасан… Аллоҳ йўқ, Фиръавн Аллоҳдир, дегин, тамом…”

Мошита бир зум ғафлат ичинда қолиб, шайтоннинг сўзларини такрорлашга оғиз жуфтлаган ҳам эдики, бирдан Раҳмат малаги зоҳир бўлди ва деди: “Мошита, сабр эт, сабр, яна озгина сабр!…”

Айни шу он Аллоҳнинг қудрати ила Мошитанинг гўдаги тилга кирди ва дедики:”Онажон, сўнггига қадар таян, сабр эт, шайтоннинг сўзига кирма, сен ҲАҚ йўлидасан! Жаннат ила сенинг орангда бир одимгина қолди, бу қадар!…”

Фиръавн гўдакни сустиролмади. Тутгани каби ёнаётган печга отди… Аммо сас сусаймас, ортар, гўёки оловлар тилга кириб порил-порил кўкка ўрлар: “Онажон, жаннат неъматлари ёнгинангда… Опачам ила сени кутяпмиз… Боқ, ҳурилар сен-ла кўришмоққа ҳозирланмоқдалар!” – дея қуббаларда акс-садо бераётгандек эди…

Мошитанинг хожаси – эри, Фиръавннинг мулозимларидан бири эди. Уни ҳам қатл майдонига келтирдилар.

Рафиқасининг забун ҳоли ва фарзандларининг қатлини кўрган мулозим ҳам исёнга келди ва бор овози билан қичқирди:”Сен худо эмассан, Фиръавн! Сен золим ва заволли бир қулсан! Аллоҳнинг лаънати бўлсин сенга, лаънатлар бўлсин!…”

Кўзлари қонга тўлган дарғазаб Фиръавн мулозимини ҳам қатл эттирди… “Ким мени худо деб билмаса, ҳаммасини ўлдираман, бу бошқаларга ибрат бўлсин”,- деди заволли…

Навбат Ҳазрати Мошитага келганди. Дарҳақиқат, Мошита айни нуқтада Ҳазрати Инсон, Ҳазрати Аёлга айланган эди…

Ҳазрати Мошита Фиръавн қаршисида соғлом ва мустаҳкам, чўкмас бир қоя каби турарди… Ўлими олдидан “Сўнги бор бирор калима сўйла!” – дейилганида, шундай деди:”Сендан ҳеч бир марҳамат истамайман, аммо ягона бир истагим бор. Мени ва фарзандларимни бир мозорга кўмишсин!”

Мошитанинг гўдак ўғли бозиллаб ёнаётган печ ичидан туриб жаннат хабарини бераркан, пардалар қалқди: Ҳақ ва ботил орасидаги пардалар… Мошита Хотун абадият оламидаги маънавий мақомини кўрди ва беҳол вужудига ажиб бир роҳат, ҳорғин лабларига табассум ёйилди… Ҳодисага шоҳид бўлганларнинг Ҳазрат-и Мусога инонажагидан қўрққан Фиръавн бояқиш аёлнинг бошини танасидан жудо қилди… Аммо ўзи ҳаётининг сўнггига қадар бу ҳодисанинг таъсиридан қутула олмади…

Фиръавн Ҳазрати Мошитага биргина марҳамат кўрсатди. У ҳам бўлса, Мошита ва фарзандларини айни мозорга кўмишга изн бергани эди.

Ҳазрати Пайғамбаримизнинг меърожда туйгани муҳташам ул ифор, ана шу мозорнинг – энг қаттиқ, даҳшатли синовга солинганда ҳам Аллоҳни инкор этмаган Мошита ва унинг оиласи, маъсум гўдаклари кўмилган мозордан таралаётган ифор эди…

Баъзи ривоят қилинган ҳадисларда Мошитанинг 12-13 ёшлардаги яна бир фарзанди – қизи борлиги ва у ҳам айни шаклда қатл қилинганлиги айтилади.

Тарих манбалари бу саҳиҳ ҳадисни Ибн-и Аббос, Ибн-и Касир, Убай ибн-и Каъб, Ибн-и Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом ал-Байҳақий (р.а.) каби улуғлар ривоят қилишганлигидан шаҳодат беради.

Ибн-и Аббос (р.а.) мазкур ҳадисни англатгандан сўнгра шу маълумотни қўшимча қилган: ”Дунё тарихида шу тўрт гўдак тилга кирган: Юсуф пайғамбарнинг шоҳиди, Журайжнинг соҳиби, Марям ўғли Исо ва Фиръавн қизининг тароқчиси бўлмиш Мошитанинг ўғли.”

…Дунё дунё бўлиб яралибдики, одам болалари учун икки йўл бордир: ё букилмас тоғлар каби сабот ва асл ўлим, ё-да золимлар қаршисида тиззалари титилгунча тиз чўкиб ҳақни сотмоқ ва вафосиз дунёдаги вафосиз бир сўнг…

Азалдан шундай: иймони кучлиларнинг бошига келган синовлари, балолари ҳам кучли бўлган… Кўплар бу синовларнинг сирт ҳамласиданоқ синиб кетганлар, Мошита эса бутун борлиғи ила шафқат ва марҳамат маликаси – ОНА сиймосида яратилганига қарамай, заифа жони ила бу оғир синовнинг то ичкарисига, сўнггигача борди, таянди, таяна олди…

Азиз замондош!

Муҳаддислар, ровийлар сўйлаган бу ҳикояни ўқиётиб, воқеа қаҳрамонининг ўрнига бир зум ўзингизни қўйиб кўрдингизми? Жилла қурса, ўзингизни бир зум шу машъум воқеъликнинг гувоҳи сифатида тасаввур эта олдингизми?… Нималарни ҳис қилдингиз?… Зотан, бу олис тарихнинг бир чўпчаги эмас. Аччиқ ва оғир бир воқеъликдир. Воқеъ бўлганда ҳам пайғамбарлар пешвосининг муборак лафзидан сўйланган ҳақиқатдир!

Мошитанинг ўрнида бўлганида қай бир она дош бера оларди бу синовга?…

Дунё – очиқ китоб…

Дунёга теран ва очиқ кўз билан боқинг. “Тарих такрорланиб туради”, деган сўзнинг бир қадар ҳақлигига амин бўласиз.

Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг илк фарзандлари бўлмиш Қобил ва Ҳобил қиссаси: иймон ва ширк, эзгулик ва ёвузлик, илм ва жаҳолат кураши ҳануз Ер саҳнида давом этиб келаяпти. Фақат замон ва макон пардалари алмаштирилиб турибди холос, саҳна ҳамон ўша-ўша… Ҳар бир даврнинг ўз Фиръавнлари, ўз Мусолари ва Мошиталари, ўз Намрудлари ва Иброҳимлари бор…

“Ахир, биз интеллектуал асрда яшаяпмиз. Одам кашф этмаган техника, қулайлик жиҳозлари қолмади ҳисоб. Одам оёғи Ойгача етди. Ахир, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари Марсда маскан қуриш орзуси билан яшаётирлар. Биздек ақллилар асрида бундай воқеалар рўй бериши мумкинмас”, дейишга шошилманг.

Моддий кашфиётларга асир бўлиб, кўнгил кашфиётларидан олислаб кетган инсоният зоҳиран ҳашамлашиб, ботинан қашшоқлашиб кетаётгани, афсуски, ҳақиқат…

Магар сўзларимга шубҳа қилсангиз, магар бугунимизнинг Мошиталарини кўрмоқчи бўлсангиз, боқинг Мянмарга…

Улар сизу бизга ўхшаб ўтмишнинг оғир ҳикоясини ўқиётгани ё тинглаётгани йўқ, айни замонда шу даҳшатли вақеъликни ўз бошларидан кечираяптилар. Биз ўқиётиб юрагимиз увишган ваҳшат тўла жонли қиссаларни ўз ҳаётлари билан яшаяптилар… Мянмарда йиллардир бир эмас, ўн эмас, юз эмас, минглаб Мошиталар маъсум гўдаклари, фарзандлари, оилалари ила бирликда тирик-тирик ёнаётир, ёқилаётир, хўрланишлар, очликлар, тажовузлар, таҳқирлар ичида: “Ё Аллоҳ, бу дунёда бизлардан бошқа ҳам Аллоҳга инонганлар қолдими? Нега бизга ҳеч ким ёрдамга келмаяпти? Нега овозимизни ҳеч ким эшитмаяпти?” дея оҳ чека-чека, чинқира-чинқира жон бераётирлар…

Қани, қани бу қабоҳатга барҳам бера оладиган мардлар? Оёғи Ойга етган инсоният бир кичик давлат “журналистлар ва кузатувчиларнинг ичкарига киришига рухсат бермаётганини” баҳона қилиб қуруқ томошабин бўлиб ўтираверадими бу даҳшат саҳналарига? Қачонгача?… Қолаверса, журналистлар ва кузатувчиларнинг нечоғлик ваколати, имконияти борки, ер юзига хабар ёйиш ва мазлумлар ҳолига кўзёш тўкишдан бошқа?…

Қани хўжамон дунёнинг “хўжа”лари? Улар ўтирган ерларида Арокандаги ер ости бойликларининг исини ҳис этадилар, ҳисобини чекадилар-у, ер устида – замонавий дунёда тириклай ёқилиб, кулга айлантирилаётган жасадларнинг ҳидларини сезмайдиларми, додларини эшитмайдиларми? Ўзларининг ўнг тиззасида ўйнаб ўтирган ўғли ва ё чап тиззасида чақнаб турган чарос кўзли қизчасининг бошидан саратонда офтоб урмаслиги учун соябон сотиб олишга шошиладилар-у, оталик ё оналик шафқати жўш урган юраклари билан оловларда ёнаётган маъсумлар ҳам худди ўзларининг дилбандларидек бир дилбанд – инсон фарзанди эканлигини бирор марта ҳис қилиб кўрмайдиларми?..

Фоний дунёдаги тинчлиги, роҳатлари учун бу даҳшатли зулм олдида сукут сақлаётганлар боқий олам – охиратнинг ҳисобини чекмайдиларми?… Марсга маскан қурмоқни режалаётганлар ер юзининг кичик бўлгасидаги диний озчиликларга каталакдай бошпана қуриб беришга қурблари етмайдими? Ёки ловуллаган оловларда жайир-жайир ёнаётган бегуноҳ гўдакларнинг овозини эшитмаслик учун қулоқларга “наушник” тақиб, поп-мусиқасини баланд қўйиб эшитиб юриш асримизнинг “ақлли”лари учун шу қадар қулайми? Қани бу жаҳолатга барҳам беришнинг ечимини топа билгич ҳукмбардорлар, марҳаматлилар, кучли сиёсатчилар, халқаро мукофотлар олган сўзамол лидерлар қани?…
…Мянмар фожеаларига оид бир қанча маълумотлар билан танишар экансиз, ватанда ватансиз бўлмоқлиқнинг хўрлигини яшаётган мусулмонларнинг, ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз мазлумларнинг фожеалари юрагингизни қонатади… Таълим олиш, даволаниш ҳуқуқларидан маҳрум улар… Ўқиш имконлари йўқлиги учун 80%и саводсиз… давлат идораларида ишлаш мумкин эмас… Ҳатто янги туғилган чақалоқларга гувоҳнома ҳам ололмай қийналаётганлар бисёр… Оила қурмоқ изнлари, имконлари йўқ… Мол-мулк, ва ер соҳиби бўлолмайдилар…

Йиллардан бери барҳам берилмаётган бу зулмга қарши Туркия ва Малайзия ҳукуматининг баёнотидан бошқа бирор давлатнинг жиддий эътирозли баёнотлар бергани, садо чиқаргани, аниқ чора-тадбирлар қўллаганини учратиш мушкулроқ…

БМТнинг яқинда Мянмар мусулмонлари хусусида чиқарган баёноти аҳамиятли, албатта. Аммо натижа, ижро қандай бўларкин? Ҳамма гап шунда…

“Худога шукр, бизда тинчлик. Ўзимиз тинч бўлсак бўлди-да, бошқалар билан не ишимиз бор?” дея ўзингизни чалғитманг, замондош. Инграётган виждонингизни овутишга уринманг. Зотан, инсоний жамият, ер юзи бир бутун жисм кабидир. Унинг бирор ерида жароҳат бор экан ва сиз бунга бефарқ экансиз, бугун бўлмаса эртага бу жароҳат бутун бир жисмни қамраб олиши мумкин…

ШАМСИЯ

Манба: facebook.com